I-боб. Умумий қоидалар
1.1. Ушбу қоидалар Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида (кейинги ўринларда Қўмита деб юритилади) хизмат текширувларини ўтказиш тартибини белгилайди.
1.2. Хизмат текшируви қўмита ходими томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликни аниқлаш, олдини олиш ва уни тўхтатиш, унинг айбдорлик даражасини, ўрганилаётган ҳодисага оид сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш мақсадида, қоидабузарлик натижасида етказилган зарарнинг моҳияти ва миқдори, хизмат текширувини ўтказиш учун асос бўлган ҳолатларни ўрганиш, шунингдек келгусида бу каби ҳолатларни олдини олиш учун профилактик чораларни қўллаш мақсадида ўтказилади.
1.3. Хизмат текшируви – бу тақдим этилган хабар билан боғлиқ маълумотларни йиғиш ва ҳужжатлаштириш, қўмита ва тизим ташкилотлари ходимлари ёки тегишли маълумотга эга бўлган бошқа шахслардан (уларнинг розилиги билан) тушунтиришлар олиш, ҳужжатлар, ахборот ташувчилар билан танишиш, хизмат хоналарини, объектларни, ер участкаларни, транспорт воситаларини текшириш, шунингдек ушбу маълумотларни баҳолаш, хулоса ва таклифларни тайёрлашдан иборат.
1.4. Хизмат текширувлари қўмитада коррупцияга қарши курашиш соҳасида пайдо бўлган энг муҳим масалалар бўйича, аниқ шахсларнинг ушбу ҳолатлар юзасидан айби дастлаб аниқланмаган ҳолатлар бўйича, шунингдек, жиноят-процессуал иш юритувлари доирасида қўшимча суд текширувларини ўтказиш лозим бўлган ҳолатларда ўтказилади.
1.5. Хизмат текшируви Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раисининг буйруғи асосида ўтказилади.
1.6. Хизмат текшируви жараёнида ҳолатга доир қуйидагича маълумотлар йиғилиб, ҳужжатлаштирилади:
– коррупцияга оид бирор бир қонун бузилиши содир этилганми ёки йўқми, агар содир этилган бўлса:
– ҳуқуқбузарлик содир этилганлик вақти, жойи, усули ва бошқа ҳолатлари;
– содир этилган қилмиш натижасида етказилган зарарнинг ҳусусияти ва миқдори, агар мавжуд бўлса;
-қилмишни содир этган ходимнинг жавобгарлигини енгиллаштирадиган ёки оғирлаштирадиган ҳолатлар;
-хизмат текшируви олиб борилаётган ходимнинг шахсий ва ишбилармонлик фазилатлари;
-қилмишни содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар;
-ҳуқуқбузарлик ҳолатлари билан боғлиқ бошқа маълумотлар.
1.7. Ўтказиладиган барча хизмат текширувлари Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг «Хизмат текширувларини қайд қилиш журнали»да рўйхатга олинади ва уларни ўтказиш 1-иловага мувофиқ қўмитанинг “Коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати”га юклатилади.
II-боб. Хизмат текшируви ўтказилишини ташкил этиш
2.1. Хизмат текширувини ўтказиш учун қўмита ҳамда тизим ташкилотлари ходими томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тўғрисида қўмита Раиси ёки унинг ўринбосари, ёхуд “Коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати” раҳбари томонидан олинган маълумотлар асос бўлади.
2.2. Хизмат текширувини ўтказиш учун Қўмитанинг Коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати раҳбари томонидан асослантириб ёзилган хизмат хати асосида фақатгина Қўмита Раиси ёки у ишда бўлмаган вақтларда Раиснинг чегара, тартиб ва кадрлар ишлари бўйича ўринбосарининг рухсати асос бўлади (Низомнинг 1.4-банди).
2.3. Хизмат текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда текширув бошланиш санаси, уни ўтказиш муддати, текшириш ўтказишга ваколатли шахс ёки раиси бошчилигидаги комиссиянинг таркиби, шунингдек, хизмат текширувини ўтказишга асос бўлган фактлар кўрсатилади.
2.4. Зарурат бўлганда, хизмат текшируви жараёнида текширилаётган фактларни аниқлаш учун тегишли малака даражасига эга бўлган мустақил экспертлар жалб қилиниши мумкин.
2.5. Хизмат текшируви ўтказиш муддати буйруқ чиқарилган кундан бошлаб 20 (йигирма) кундан ошмаслиги керак. Мазкур муддат хизмат текшируви далолатномасини тайёрлаш вақтини ҳам ўз ичига олади.
2.6. Хизмат текшируви фақат белгиланган иш кунларида ва иш вақтида ўтказилади.
2.7. Хизмат текширувини ўтказиш муддати, ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтакзилаетган ходимнинг касаллиги ва / ёки ходимнинг меҳнат таътили даврига тўғри келиб қолса 6 (олти) ойдан кўп бўлмаган муддатгача узайтирилиши мумкин.
2.8. Ваколатли шахс ёки комиссия раиси хизмат текшируви ўтказиш режасини ишлаб чиқади, иш йўналишларини комиссия аъзолари ўртасида тақсимлайди, аниқланадиган масалалар бўйича қонунчилик ва бошқа норматив ҳужжатларни ўрганади.
2.9. Хизмат текширувини ўтказишда унинг натижаларидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлган ходимлар иштирок этишлари мумкин эмас.
III-боб. Хизмат текширувини ўтказиш
3.1. Хизмат текширувини ўтказишда ваколатли шахс, комиссия аъзоларининг мажбуриятлари қуйидагича:
– қўмита ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қўмитанинг ички меъёрий ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига қатъий ва сўзсиз риоя қилиш;
– ваколатли шахс ёки комиссия томонидан, фақат текшириш натижасида олинган ва ҳужжатлаштирилган ҳақиқий маълумотлар асосидаги иш натижалари бўйича хулосалар чиқариш;
– аниқланган барча ҳуқуқбузарлик фактлари тўғрисида Қўмита Раисини ўз вақтида хабардор қилиш;
хизмат текшируви жараёнида жиноят аломатлари аниқланган тақдирда, бу ҳақда дарҳол қўмита раисига хабар бериш ва унинг кўрсатмаси билан материалларни белгиланган тартибда хуқуқ-тартибот идораларига юбориш;
– ҳар бир аниқланган ҳуқуқбузарлик фактини зарур ҳужжатлар билан асослантирилишини таъминлаш, текширув жараёнида аниқланган барча ҳолатларни, хато-камчиликлар, қонун бузилиш ҳолатлари, уларга имкон берган шарт-шароитларни хизмат текшируви далолатномасида 2-иловага асосан расмийлаштириш;
-аниқланган хато-камчиликларни бартараф қилиш бўйича таклифлар ва олдини олиш бўйича тавсиялар бериш, етказилган зарарни қоплаш, шунингдек айбдорларга нисбатан интизомий ва бошқа жавобгарлик чораларини қўллаш.
3.2. Хизмат текшируви давомида олинган ҳужжатларнинг асл нусхалари, шунингдек ахборот ташувчиларнинг сақланишини ва қайтарилишини таъминлаш.
3.3. Хизмат текширувини ўтказишда ваколатли шахс, комиссия аъзоларининг ҳуқуқлари қуйидагича:
– ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги ҳақидаги зарур материаллар ва далилларни олиш мақсадида биноларга (бинолар ички хоналарига, ёрдамчи хоналарга) эркин кириш ва шу мақсадда қўмита ҳамда тизим ташкилотларининг транспорт воситаларидан фойдаланиш;
– ўтказилаётган хизмат текширувига доир маълумотларга эга бўлган қўмитанинг ходимларини текширув жараёнига таклиф этиб, суҳбатлашиш ва улардан ёзма тушунтиришлар олиш. Ходимлардан ушбу тушунтириш хатлари қўмита Раиси номига, эркин ҳолатда қўлда ёзилган ёки компьютерда печатланган ҳолда, тушунтириш бераётган шахс томонидан имзоланган, исми-шарифи, ёзилган жойи, вақти кўрсатилган ҳолда расмийлаштирилади. Aгар ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш хати ходим томонидан икки иш куни давомида тақдим этилмаса, меҳнат қонунчилигига мувофиқ бу тўғрисида далолатнома 3-илова асосида тузилади.
Ходимнинг тушунтириш беришдан бош тортиши унга нисбатан интизомий жазо қўллаш учун асос бўлмайди.
-қўмитанинг тизим ташкилотларидан, шунингдек бошқа ташкилотлардан ходимнинг айбини/айбсизлигини, шунингдек уни ижобий ҳарактерловчи қўшимча ҳужжатларни (нусхалари, асл нусхалари, видеокамералардан олинган ёзувлар ва бошқалар) талаб қилиш;
-махсус билим талаб этиладиган масалалар юзасидан белгиланган тартибда қўмита ходимларидан, шунингдек мустақил экспертлардан маслаҳатлар олиш;
-нотурар жой биноларини, иншоотларни, (шу жумладан идоралар, аудиториялар, коммунал хоналар ва бошқаларни), участка ҳудудларини ва қўмитанинг балансида бўлган ва / ёки турган транспорт воситаларини кўздан кечириш ва бу тўғрисида белгиланган тартибда далолатнома 4-иловага асосан расмийлаштириш;
-қўмитанинг нотурар жой биноларида, шунингдек участка ҳудудлари ва транспорт воситаларида ўтказилган кўздан кечириш натижасида олинган аудио ҳамда видеоёзув материалларидан хизмат текшируви жараёнида фойдаланиш ва уларни иш материалларига далил сифатида қўшиш;
-ахборотларни сақлаш воситаларидаги маълумотларни ўрганиб чиқиш;
-қўмитанинг малакали ходимлари орасидан ёки мустақил экспертлардан иборат экспертлардан фойдаланган ҳолда экспертиза тайинлаш;
-ўз ваколатлари доирасида хизмат текшируви жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларни содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш;
-ушбу тавсияларни кўриб чиқиш учун қўмита раисига тақдим этиш, агарда тегишли тадбирларни амалга оширишга рухсат олинганда, уларнинг бажарилишини назорат қилиш;
-агарда ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган шахс текширув натижаларидан норози бўлса, хизмат текшируви далолатномасига унинг алоҳида ёзма фикрини илова қилиш;
3.4. Қўмита ходимлари хизмат текширувини ўтказаётган ваколатли шахсга, комиссия аъзоларига ўз ваколатларини амалга оширишда зарур бўлган ёрдамни кўрсатишлари шарт.
3.5. Ўзларига нисбатан хизмат текшируви ўтказиладиган шахсларнинг ҳуқуқлари:
-хизмат текшируви натижалари бўйича ёзма тушунтиришлар тақдим этиш ёки тақдим этмаслик;
-хизмат текшируви натижасида қабул қилинган қарор устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;
-хизмат текшируви материаллари билан танишиб чиқиш.
IV-боб. Хизмат текшируви натижаларини расмийлаштириш
4.1. Хизмат текшируви натижалари бўйича далолатнома тузилади ва у ваколатли шахс, комиссия раиси ҳамда барча аъзолари томонидан имзоланади.
Далолатномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
-хизмат текширувини ўтказиш учун асослар ва сабаблар;
-ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган ходимнинг лавозими, исм-шарифи;
-хизмат текширувини ўтказган шахсларнинг лавозимлари, исм-шарифлари;
-ушбу Тартибнинг 1.2, 1.3, 1.6-бандларида келтирилган саволларга асосли жавоблар;
-ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан интизомий жазо қўллаш, уни моддий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги таклифлар (текшириш натижаларига қараб), ҳуқуқбузарликни содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган чоралар, хизмат текширувини тугатишга ёки текширув материалларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки назорат органларига юбориш ҳақидаги таклифлар.
4.2. Хизмат текшируви хулосаси ёки далолатноманинг айрим бандлари мазмуни билан рози бўлмаган тақдирда, комиссия аъзоси уни далолатномага илова қилинган ўзининг алоҳида ёзма фикри билан имзолайди. Бунда, далолатномада, илова қилинган алоҳида фикр мавжудлиги тўғрисида кўрсатиб ўтилади.
4.3. Хизмат текшируви далолатномаси ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган ходимга таништирилиб, имзоси қўйилади. Шу билан бирга ушбу ходим далолатноманинг нусхасини олиш ҳуқуқига ҳам эга.
4.4. Хизмат текшируви далолатномаси текширув материаллари билан бирга, ўтказилган хизмат текшируви натижаси юзасидан якуний қарор қабул қилиш учун Қўмита раисига тақдим этилади, далолатнома нусхаси эса Коррупцияга қарши курашиш Агентлигига юборилади. Хизмат текшируви материаллари саҳифалар бўйича рақамланиб, рўйхат тузилади.
4.5. Қўмита раиси ўтказилган хизмат текшируви материаллари билан танишиб чиқиб, уларнинг тўлиқлиги ва объективлигини баҳолаб, қуйидаги қарорларни қабул қилади:
-ҳуқуқбузарлик содир этган ходимга нисбатан меҳнат қонунчилигида назарда тутилган интизомий жазолардан бирини қўллаш;
-қўмитага ёки тизим ташкилотларига етказилган моддий зарарни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириш;
-ходимга нисбатан профилактик ёки огоҳлантириш характеридаги қарорни қабул қилиш тўғрисида;
-қўмитанинг ички меъёрий ҳужжатларига зарур қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида;
-қўмитанинг янги ички норматив-ҳуқуқий ҳужжатини ишлаб чиқиш тўғрисида;
-хизмат текшируви материалларини ушбу Тартибда назарда тутилган муддатларда, аниқ кўрсатмалар билан қўшимча текширув ўтказиш учун қайтариш тўғрисида;
– хизмат текшируви материалларини ўрнатилган тартибда қарор қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки назорат органларига юбориш тўғрисида;
– хизмат текшируви далолатномаси нусхасини ходимнинг шахсий иш жилдига қўшиб қўйиш тўғрисида;
– ҳуқуқбузарликни содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларнии бартараф этиш юзасидан бошқа қарорлар.
4.6. Хизмат текшируви натижалари бўйича қарор, унинг ижроси учун масъул шахслар ҳамда ижро муддати кўрсатилган ҳолда Қўмита Раисининг буйруғи билан расмийлаштирилиб, 3 (уч) иш кунида тегишли ходимга эълон қилиниб, бу ҳақида тилхат олинади. Aгар иш берувчи ходимга интизомий жазо чораларини кўришга қарор қилса, иш берувчининг мазкур буйруғи тегишли ходимга 3 (уч) иш кунида унинг имзосини олган ҳолда эълон қилинади. Aгар ходим буйруқ билан танишгандан сўнг, уни имзолашдан бош тортса, бу тўғрисида 5-иловага асосан далолатнома тузилади.
4.7. Қабул қилинган қарорларни белгиланган муддатларда ижро этилиши уни бажариш юклатилган шахслар учун мажбурий ҳисобланади, акс ҳолда бу ҳолат масъул шахсларнинг интизомий жавобгарлигига сабаб бўлади.
V-боб. Якуний қоидалар
5.1. Хизмат текшируви материалларини сақлаш жойи комиссия томонидан белгиланади ва «Хизмат текширувларини рўйхатдан ўтказиш журнали»да кўрсатилади. Материалларни сақлаш муддати текшириш натижаларида қабул қилинган қарорлар бўйича даъво муддати (қоида тариқасида – 3 (уч) йил) билан белгиланади. Жиноят ишини қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун хизмат текшируви материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига юборилган тақдирда, материалларнинг сақланиш муддати комиссиянинг қарорига кўра шахсни жиноий жавобгарликка тортиш муддати бўйича белгиланади. Комиссия томонидан белгиланадиган хизмат текшируви материалларини сақлаш муддати материалларнинг сарлавҳали саҳифасида, шунингдек «Хизмат текширувларни рўйхатдан ўтказиш журнали”да кўрсатилади. Хизмат текшируви далолатномасининг нусхаси Қўмита Раисининг қарорига биноан ходимнинг шахсий йиғма жилдига қўшиб қўйилади.
5.2 Хизмат текшируви натижалари бўйича Қўмита Раиси томонидан қабул қилинган қарор устидан ходим қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
5.5 Ушбу Тартиб Қўмита раиси томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб кучга киради ва соҳага оид янги тартиб амалга киритилгунига қадар амал қилади.