Ўрмон хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Ўрмон тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 1 декабрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2018 йил 29 мартда маъқулланган
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган «Ўрмон тўғрисида»ги 770-И-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 5, 122-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 10, 536-модда; 2009 йил, № 12, 470-модда; 2011 йил, № 1, 1-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади).
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;
ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга этказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 16 апрель,
ЎРҚ-475-сон
[ОКОЗ:
1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.06.00.00 Ўрмонлар ва ўрмон фондига кирмайдиган ўсимлик дунёсидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш / 11.06.01.00 Умумий масалалар]
[ЦЗ:
1.Табиий ресурслар / Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш]
Ўрмон тўғрисида
(янги таҳрири)
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Ер, сув, эр ости бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бўлган, ўрмонлардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар тегишли қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Ўрмонларнинг вазифалари
Ўрмонлар асосан экологик (тупроқни муҳофаза қилиш, сувни муҳофаза қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини ҳамда бошқа табиий ресурсларни муҳофаза қилиш, ҳимоя, санитария-гигиена, соғломлаштириш, рекреация) ва ижтимоий-иқтисодий вазифаларни бажаради.
4-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ўрмон — ўрмон фонди эрларидаги ўзаро таъсир кўрсатувчи ва атроф-муҳитга таъсир кўрсатадиган, экологик ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга дарахтлар, буталар ва бошқа табиий объектлар (ер, эр ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси) мажмуи;
ўрмонларни кўпайтириш — ўрмон билан қопланмаган ўрмон фонди эрларида дарахтлар ва буталарни экиш ҳамда этиштириш;
ўрмонларни муҳофаза қилиш — ўрмонларга салбий таъсирларнинг олдини олишга қаратилган фаолият;
ўрмонларни такрорий кўпайтириш — дарахт ва буталарнинг табиий муҳитда ўсиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ўрмон фонди эрларида ўрмон дарахтлари уруғлари ва кўчатларини плантация усулида экиш;
ўрмондан фойдаланувчилар — ўрмондан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар;
ўрмонларни қайта тиклаш — кесилган, ёнғинлар, ўрмон зараркунандалари, касалликлари ҳамда бошқа салбий таъсирлар оқибатида шикаст этказилган дарахт ва буталар ўрнида иқлим шароитларига мос келадиган дарахт ва буталар турларини экиш.
5-модда. Ўрмонларга бўлган мулкчилик
Ўрмонлар давлат мулки — умуммиллий бойлик бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш лозим ҳамда улар давлат томонидан муҳофаза қилинади.
6-модда. Давлат ўрмон фонди
Барча ўрмонлар давлат ўрмон фондини ташкил этади.
Давлат ўрмон фонди:
давлат аҳамиятига молик ўрмонлардан, яъни давлат ўрмон хўжалиги органлари тасарруфидаги ўрмонлардан;
бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонлардан иборатдир.
7-модда. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтзор ва бутазорлар
Қуйидагилар давлат ўрмон фондига кирмайди:
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган эрлардаги экинзорларнинг иҳота дарахтзорлари, шунингдек бошқа дарахтзор ва бутазорлар;
темир йўлларнинг, автомобиль йўлларининг, табиий ва сунъий сув оқимларининг, сув ҳавзаларининг ҳамда бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларидаги иҳота дарахтзорлар;
шаҳарлардаги ҳамда бошқа аҳоли пунктларидаги дарахтзор ва бутазорлар, шунингдек кўкаламзорлаштириш учун экилган ўсимликлар;
томорқалардаги ва боғ участкаларидаги дарахтзор ва бутазорлар.
Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтзор ва бутазорларни барпо этиш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш, уларни парвариш қилиш, муҳофаза қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
8-модда. Ўрмон фонди эрлари
Ўрмон билан қопланган эрлар, шунингдек ўрмон билан қопланмаган, аммо ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган эрлар ўрмон фонди эрлари деб эътироф этилади. Ўрмон фонди эрларининг чегаралари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.
Ўрмон фонди эрлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эгалик қилиш, фойдаланиш учун, шу жумладан ижарага берилиши мумкин.
9-модда. Давлат ўрмон фонди участкалари
Давлат ўрмон фонди участкалари давлат ўрмон фондининг бир қисми бўлиб, улар давлат ўрмон кадастрида кўрсатилган муайян чегарага, майдонга, жойлашган эрига, ҳуқуқий режимга ва бошқа хусусиятларга эга бўлади.
[ОКОЗ:
1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.06.00.00 Ўрмонлар ва ўрмон фондига кирмайдиган ўсимлик дунёсидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш / 11.06.02.00 Ўрмонларни муҳофаза қилиш ва фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви / 11.06.02.01 Умумий қоидалар]
2-боб. Ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасини тартибга солиш
10-модда. Ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
Ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш;
қоидалар, нормалар ва нормативларни белгилаш;
давлат назоратини амалга ошириш;
илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш;
халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
11-модда. Ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви
Ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари давлат ўрмон хўжалиги органларидир.
12-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасида:
ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади;
давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;
умумдавлат аҳамиятига молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
давлат ўрмон фондини тасарруф этади;
ўрмонларнинг қўриқланиш тоифаларини аниқлаш тартибини белгилайди;
ўрмондан фойдаланганлик учун ҳақ ундириш тартиби ва миқдорларини белгилайди;
давлат назоратини ташкил этади ва амалга оширади;
ўрмонларнинг мониторингини, давлат ҳисобини ва давлат ўрмон кадастрини юритиш тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
13-модда. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасида:
ягона давлат сиёсатини амалга оширади;
давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда иштирок этади;
ўз ваколатлари доирасида қоидалар, нормалар ва нормативларни қабул қилади;
барча ўрмонларда ўрмон тузишнинг ягона тизимини белгилайди;
ўрмон фонди эрларида идоравий назоратни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Қизил китобини юритишда иштирок этади;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахсларга ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш, пичан ўриш, чорва молларини ўтлатиш, дарахтзор ҳамда бутазорларни кесиш, шунингдек асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш учун рухсатнома беради;
ўрмон фонди эрларида биотехник тадбирларни амалга оширади;
ўрмон фонди эрларидаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни, ўрмон-овчилик, овчилик ва (ёки) балиқчилик хўжаликларини юритиш, бошқариш ҳамда ривожлантиришни ташкил этади;
ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини ҳамда амалга оширилишини, тоғ ёнбағирлари, жарликлар ва ташландиқ эрларда эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш ишларининг бажарилишини ташкил этади;
ўрмонларнинг маҳсулдорлигини ошириш мақсадида илғор илмий-техника ютуқларини жорий этади, ўсимликлар селекцияси ва уруғчилик бўйича илмий тадқиқотлар ўтказади;
манзарали, мевали дарахтлар ва буталарни этиштиришга, доривор ўсимликларнинг плантацияларини барпо этишга доир усулларни ишлаб чиқади, манзарали ўсимликлар кўчатларини сертификатлаштириш ҳамда стандартлаштиришнинг ягона тизими ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини таъминлайди;
ўрмонларнинг мониторингини, давлат ҳисобини, давлат ўрмон кадастрини белгиланган тартибда юритади;
ўрмонларни ёнғинлар, зараркунандалардан ва касалликлардан ҳимоя қилишга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини, ўрмонларнинг қонунга хилоф равишда кесишлардан ҳамда ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқача тарзда бузилишларидан муҳофаза қилинишини таъминлайди;
ўрмон хўжаликларида бир-бирига боғлиқ бўлган хўжалик фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантиришни, кўчат этиштиришни, доривор ўсимликлар йиғишни, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик маҳсулотларини этиштиришни ҳамда қайта ишлашни, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этади;
ўрмон хўжалиги соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
14-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасида:
давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади, ўз ваколатлари доирасида қоидалар, нормалар ва нормативларни тасдиқлайди;
давлат экологик назоратини амалга оширади;
ўрмон фондидан барча турдаги қурилишлар учун эр участкаларини танлаш материалларининг, ўрмон тузиш лойиҳаларининг, давлат ўрмон фондининг табиий ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ лойиҳаолди, лойиҳа ҳужжатларининг давлат экологик экспертизасини ўтказади;
давлат ўрмон фонди участкаларидаги Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахсларга белгиланган тартибда рухсатнома беради.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
15-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасида:
давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади;
давлат ўрмон хўжалиги органлари билан келишилган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга давлат ўрмон фонди участкаларини беради, бундан ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақалари, эрлари, ўрмонларнинг овланадиган қимматли балиқлар увулдириқ сочадиган жойларни муҳофаза қилувчи тақиқланган минтақалари, сув таъминоти манбаларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналаридаги ўрмонлар, давлат қўриқхоналарининг, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, табиат боғларининг, умумдавлат аҳамиятига молик буюртма қўриқхоналарнинг, умумдавлат аҳамиятига молик курорт табиий ҳудудларнинг, давлат биосфера резерватларининг, давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ўрмонлари мустасно;
пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш нормаларини давлат ўрмон хўжалиги органларининг тақдимномасига биноан тасдиқлайди;
ўрмонларнинг давлат ҳисоби ва давлат ўрмон кадастри юритилишини таъминлайди;
давлат назоратини амалга оширади;
ўрмонларнинг ҳолатига зарар этказилган ҳолларда корхоналарнинг, муассасаларнинг ва ташкилотларнинг фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилади. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш (фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари бундан мустасно) ёки тугатиш суд тартибида амалга оширилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
16-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамда фуқароларнинг ўрмонларни муҳофаза қилишни, ҳимоя қилишни, кўпайтиришни, такрорий кўпайтиришни, қайта тиклашни, уларнинг маҳсулдорлигини оширишни ва улардан фойдаланишни таъминлашда иштирок этиши
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш соҳасида:
давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади;
жамоатчилик назоратини амалга оширади;
аҳоли ўртасида фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ва экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган тушунтириш ишларини амалга оширишда иштирок этади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва улардан фойдаланиш бўйича бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши, давлат органларига кўмаклашиши мумкин.