Давлат рамзлари

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати (кейинги ўринларда – Сиёсат деб юритилади) ходимлар орасида ҳамда жамиятда коррупцияга қарши курашиш маданияти даражасини ошириш мақсадида Қўмита ва тизим ташкилотларининг юқори ахлоқий меъёрларга содиқлигини, шунингдек, ходимларининг фаолиятида коррупциявий ҳуқуқбузарликларга муросасизлик ва уларни содир этилишига йўл қўймасликни акс эттиради.

2. Сиёсат ISO 37001:2016 “Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизимлари – Фойдаланиш бўйича талаблар ва тавсиялар” халқаро стандарти талабларини инобатга олган ҳолда коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро ташкилотлар тавсиялари ва етакчи халқаро амалиёт асосида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

3. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси ва вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари ҳамда тизим ташкилотлари (кейинги ўринларда – Қўмита ва тизим ташкилотлари) ушбу сиёсатни фаолиятининг аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда қабул қилишлари, коррупцияга қарши курашиш механизмларини, мавжуд бўлган коррупция хавфи, тажрибаси ва мавжуд манбалари асосида ишлаб чиқишлари ва амалга оширишлари лозим.

4. Қўмита ва тизим ташкилотларининг коррупцияга қарши курашишнинг асосий мақсадлари қуйидагилар ҳисобланади:

-қўмита ва тизим ташкилотларида ISO 37001:2016 халқаро стандарти талабларига жавоб берувчи комплекс тизимни, ҳусусан, коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этиш ва ривожлантириш;

-ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан тоқатсиз муносабатни шакллантириш;

-қўмита ва тизим ташкилотлари фаолиятининг барча соҳаларида коррупцияни олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

-коррупциявий ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга барҳам бериш, уларнинг оқибатлари, сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш.

5. Сиёсат қўмитанинг ички ҳужжати сифатида юқорида кўрсатилган асосий мақсадларга эришиш учун қўмита ва тизим ташкилотлари фаолиятида коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга қарши курашишга қаратилган асосий талаблар ва тамойилларни белгилаб берувчи асос ҳисобланади.

6. Мазкур Сиёсатнинг талаблари эгаллаб турган лавозими
ва бажарадиган вазифа ва функцияларидан қатъи назар қўмита билан меҳнат муносабатларига киришган барча ходимларга тадбиқ этилади.

7. Қўмита ва тизим ташкилотларига ишга қабул қилинаётган
шахслар ушбу Сиёсат билан имзо қўйган ҳолда танишишга ва унинг қоидаларига риоя қилишга мажбур.

8. Ушбу Сиёсат мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалар 
ва атамалар қўлланилади:

ходим – Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси ва вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари ҳамда тизимдаги ташкилотларда меҳнат шартномаси (келишуви) асосида ишга қабул қилинган жисмоний шахс;

алоқадор шахслар – ходим билан тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этадиган шахслар, акциялари Республика фонд биржасида оммавий муомалада бўлган акциядорлик жамиятларининг беш фоизидан кам бўлган миқдордаги акцияга эканлиги ҳолатлари бундан мустасно;

иш жараёнидаги меҳмондўстлик белгилари – ходимлар манфаатларида фаолият давомида ҳамкорлик ўрнатиш ва (ёки) қўллаб-қувватлашга алоқадор харажатлар, шу жумладан, ишбилармонлик билан боғлиқ кечки овқат, транспорт ва яшаш харажатларини қоплаш билан боғлиқ ҳаражатлар ва ҳ.к.;
коррупция тўғрисида виждонан хабар бериш – ходим томонидан коррупциявий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги (содир этишга суиқасд қилинганлиги) тўғрисида русхат этилган алоқа каналлари орқали асосли эканлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда йўлланган хабар;
контрагент (шартномавий шерик) – қўмита ва тизим ташкилотлари 
билан шартномавий муносабатларга (меҳнат муносабатлари бундан мустасно) киришган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс;
коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий 
ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши;
коррупциявий ҳаракатлар – ходим томонидан пора берувчининг манфаатларини кўзлаб ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги учун бевосита 
ёки билвосита, шахсан ёки учинчи шахслар орқали порани, яъни пул, қимматбаҳо қоғозлар, бошқа мол-мулкни, мулкий тусдаги хизматларни, бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш, талаб қилиш, таклиф қилиш, ваъда қилиш ва бериш, шунингдек, пора бериш ва (ёки) олишда воситачилик қилиш, расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловларни олиш, ходим томонидан пора олиш ёки ҳуқуққа хилоф бошқа мақсадларда ўз хизмат мавқеидан ноқонуний фойдаланиш;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция белгиларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш;

коррупцияга қарши курашиш тизими – амалдаги қонунчилик
ва ички ҳужжатларни коррупциявий жиҳатдан бузилишини бартараф этиш, ходимлар томонидан юқори даражада касбий ва ахлоқий фаолият олиб боришларини таъминлаш бўйича қўлланиладиган чора-тадбирлар мажмуи;

коррупциявий хавф-хатар – ходимлар ёки учинчи шахслар томонидан қўмита ва тизим ташкилотлари номидан ва (ёки) уларнинг манфаатларини кўзлаб коррупциявий хатти-ҳаракатларни содир этиш эҳтимоли ва хавфи;
манфаатлар тўқнашуви – қўмита ва тизим ташкилотлари ходимининг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган 
ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда ходимнинг шахсий манфаатдорлиги билан қўмита ва тизим ташкилотлари манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият;
расмиятчиликни соддалаштириш учун тўловлар – белгиланган тартиб-таомиллар бажарилишини таъминлаш ёки тезлаштириш, тегишли қонунчилик, нормалар ва қоидаларда назарда тутилмаган ҳаракатлар содир этиш учун ғайриқонуний равишда бериладиган пул маблағлари, мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, хизматлар ва бошқа моддий ёки номоддий наф;
ходимнинг шахсий манфаатдорлиги – ходим томонидан ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида унинг яқин қариндоши ёки ходимга алоқадор бўлган шахслар томонидан ходимнинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир қилиши мумкин бўлган пул маблағлари, моддий ёки номоддий қимматликлар, бошқа мол-мулк, бойлик ва имтиёзлар кўринишида шахсий наф олиш имконияти (шахсий, ижтимоий, молиявий, сиёсий ва бошқа тижорат ёки нотижорат манфаатлари);
яқин қариндошлар – ота-она, туғишган ва ўгай ака-укалар ва                     опа-сингиллар, эр (хотин), фарзандлар, шу жумладан фарзандликка олинганлар, боболар, бувилар, неваралар, шунингдек эрнинг (хотиннинг) ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари;

2-боб. Коррупцияга қарши курашишнинг асосий тамойиллари

9. Қўмита ва тизим ташкилотлари коррупцияга қарши курашиш тизимини қуйидаги тамойилларга асосланиб амалга оширади:
қонунийлик – қўмита ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари, давлат органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича жаҳонда тан олинган амалиётни ҳисобга олган ҳолда ҳамда қўмита тизимининг белгиланган ички ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади;
коррупцияга тоқатсизлик – қўмита ва тизим ташкилотлари 
ўз фаолиятининг барча соҳаларида коррупциянинг ҳар қандай шакллари
ва кўринишларига муросасиз муносабатда бўлади, қўмита ва тизим ташкилотларининг ходимларига коррупциявий хавф-хатар келиб чиқиши мумкин бўлган фаолиятда бевосита ёки билвосита иштирок этиш тақиқланади;
очиқлик ва шаффофлик – қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ходимлар ва контрагентларини, кенг жамоатчиликни хабардор қилиш;
тизимлилик ва ўзаро боғлиқлик – қўмита ва тизим ташкилотлари коррупциявий хатти-ҳаракатлар содир этилишига ва коррупциявий 
хавф-хатарларга кўмаклашувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган тизимли, олдини олиш чора-тадбирларини амалга оширишга устувор аҳамият беради. Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва тартиб-таомиллар аниқланган хавф-хатарлар даражасига мувофиқ келади ҳамда қўмита ва тизим ташкилотларининг барча функциялари ва йўналишларига интеграция қилинган коррупцияга қарши курашиш тизимига бирлаштирилган;
жавобгарликнинг муқаррарлиги – коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган ходимлар ўзининг мақоми ва эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар қўмитанинг ички ҳужжатлари ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиладилар;
техника тараққиётининг ютуқларидан фойдаланиш – қўмита 
ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш тизимини яратишда илм-фан тараққиётининг сўнгги ютуқларидан, шу жумладан, интеграциялаштирилган ахборот тизимларидан фойдаланишга интилади;
фуқаролик жамияти вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик – қўмита ва тизим ташкилотлари ўзларига юклатилган функцияларни бажаришда қўмита ва тизим ташкилотлари фаолиятини ҳалоллик, холислик асосида мустақил назорат қилиш мақсадида фуқаролик жамияти вакилларини жалб этадилар; 

коррупцияга қарши курашиш тизимини доимий равишда такомиллаштириш – коррупцияга қарши курашиш тизимини мониторинг
ва назорат қилиш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларни амалга ошириш натижаларига кўра қўмита ва тизим ташкилотлари коррупцияга қарши курашиш тизимининг самарадорлигини тўхтовсиз равишда ошириш чораларини кўрадилар.

3-боб. Коррупцияга қарши курашиш тизимнинг элементлари

10. Коррупцияга “мутлақо тоқатсизлик” тамойилига таянган ҳолда барча ходимларга коррупция билан боғлиқ ҳар қандай хатти-ҳаракатларда иштирок этиши, яъни пора берувчининг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши ёки ҳаракатсизлиги учун бевосита ёки билвосита, шахсан ёки учинчи шахслар орқали пора (пуллар, қимматбаҳо қоғозлар, бошқа мол-мулк
ва мулкий тусдаги хизматлар
) беришни талаб қилиш, товламачилик қилиш, ваъда бериш ва пора бериш, пора бериш ва (ёки) олишда воситачилик қилиш, расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловларни олиш, шахс томонидан пора олиш ёки ғайриқонуний бошқа мақсадларда ўз хизмат мавқеидан ноқонуний фойдаланиши қатъиян тақиқланади.

11. Қуйидагилар қўмита ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш тизимининг асосий элементлари ҳисобланади:

а) коррупцияга қарши курашиш бўйича асосий ички ҳужжатлар мавжудлиги, яъни қўмита ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш тизимининг асосини:

мазкур Сиёсат;

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида Коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати тўғрисидаги низом;

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари;

Манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низом;

Коррупцияга қарши курашиш дастури;

Шунингдек, қўмитада мазкур соҳада қабул қилинган бошқа низом ва тартиблар ташкил этади.

б) “Юқоридан қуйига муносабат” – Юқори даражада раҳбарлик намунаси:

-қўмита ва тизим ташкилотларининг раҳбарлари, шунингдек, таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ўзига бўйсунувчилар, фуқаролар ва юридик шахслар билан муносабатларда ҳалол, адолатли ва мустақил хулқ-атвор намунаси бўлишлари керак;

-қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари ҳамда тизим ташкилотлари раҳбарлари коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш ва амалга оширишда қуйидагилар орқали етакчиликни намойиш этадилар:

-қўмита ва тизим ташкилотлари фаолиятининг хавф-хатарга эга функциялари (йўналишлари)га коррупцияга қарши курашиш самарали
чора-тадбирлар ва тартибларни жорий этиш, шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш дастури/йўл харитасини ишлаб чиқиш ва унинг ижросини назорат қилиш орқали кўмаклашиш;

-ўз мансаб мажбуриятларини бажариш доирасида, ходимларда коррупциянинг барча шакллари ва кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантирган ҳолда коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунчилик нормалари ва қабул қилинган ички ҳужжатларга риоя қилиш ва ахлоқий              хулқ-атвор юзасидан шахсан намуна сифатида намоён бўлиш;

в) коррупциявий хавф-хатарни аниқлаш ва баҳолаш:

-қўмита ва тизим ташкилотлари функцияларининг хусусияти, ташкилий тузилмаси, жамият ва бошқа шахслар билан ўзаро фаолият олиб боришига ҳамда бошқа ички ва ташқи омилларга боғлиқ ҳолда ўз фаолиятига
хос бўлган коррупциявий хавф-хатарларни аниқлайди ва баҳолайди;

-коррупциявий хавф-хатарни аниқлаш ва баҳолаш доирасида қўмита
ва тизим ташкилотлари фаолиятининг барча соҳалари коррупциявий
хавф-хатарга кўпроқ учрайдиган функцияларни аниқлаш мақсадида таҳлил қилинади, уларда мавжуд бўлган коррупцияга қарши курашишни назорат қилишнинг барча шакллари ва тартиб-таомиллари аниқланган
хавф-хатарларни камайтириш учун етарлилиги жиҳатидан таҳлил қилинади. Хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш жараёнида Коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизматининг фаол қўллаб-қувватлаши ва назорати остида қўмита ва тизим ташкилотларининг тегишли раҳбарлари, коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи шахслар иштирок этади;

-қўмита ва тизим ташкилотлари коррупциявий ҳаракатларга “мутлақо тоқатсизлик” тамойилини ҳисобга олган ҳолда коррупциявий хавф-хатарларнинг юзага келиш эҳтимоли ва таъсир қилиш даражасидан қатъи назар уларни бошқариш заруратини тан олади;

-коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш йилига камида бир марта амалга оширилади. Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш натижалари қўмита раиси ва тизим ташкилотларининг раҳбарлари томонидан кўриб чиқилади шунингдек, аниқланган хавф-хатарларни камайтирувчи коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлар ва тартиб-таомиллар қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш дастурларида акс эттирилади.

г) коррупцияга қарши курашиш учун масъул шахслар ва бўлинмалар:

-қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича самарали тизимни йўлга қўйиш мақсадида қўмитада коррупцияга қарши курашишни шакллантириш ва назорат қилиш жараёни учун масъул бўлган Коррупцияга қарши курашиш комплаенс-назорат хизмати ташкил этилган;

-коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати қўмитада коррупцияга қарши курашиш бўйича вазифаларни амалга оширишда етарли даражада мустақилликка ва муҳим ресурсларга эга бўлиб, бевосита қўмита раисига ҳамда раиснинг режим ва кадрлар масалалари бўйича ўринбосарига бўйсунади;

-коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун  Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси ва вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари (кейинги ўринларда – бошқармалар) ва тизимдаги ташкилотларда рухсат этилган лавозимларга коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштириш функцияси юклатилиши мумкин. Коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштириш функциялари қўмитанинг вилоят бошқармалари ва уларнинг бўйсинувидаги ўрмон хўжаликларида юқори даражада коррупциявий хавф-хатарга эга бўлмаган, шунингдек, етарли даражада мустақил бўлган ходимига юклатилади;

-қўмитага қарашли вилоят бошқармалари ва уларга бўйсунувчи ўрмон хўжаликларининг коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи масъул ходимлари коррупцияни бартараф этиш чораларини кўради, шу билан бирга, ўзларига юклатилган вазифалар доирасида қўмитанинг коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати билан ҳамкорлик қилади;

-коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширишда қўмита ва тизим ташкилотларининг кадрлар бўлимлари Ўрмон хўжалиги қўмитаси тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низом ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ белгиланган тартибда ва ҳажмда ходимлар ва алоқадор шахсларнинг яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида ва тизимли йиғиш, таҳлил қилиш ва янгилаб бориш учун жавобгар бўлади;

Бундан ташқари, қўмита ва тизим ташкилотларининг одоб-ахлоқ комиссиялари ходимлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги             кадрлар бўлимларидан келиб тушган маълумотларни кўриб чиқади
ва (манфаатлар тўқнашуви тартибга солинмаган тақдирда) уни ҳал қилиш бўйича қарор қабул қилади ёки аниқланган манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича кўрилган чораларнинг етарлилиги ёхуд етарли эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади, шунингдек, қўмита ва тизим ташкилотлари томонидан белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиниши масалаларини кўриб чиқади. Манфаатлар тўқнашувини бошқариш доирасида                           қўмитанинг кадрлар бўлимлари ва одоб-ахлоқ комиссиялари (ёки шунга ўхшаш комиссиялар) Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низом асосида иш юритади.

д) аниқланган коррупциявий хавф-хатарни минималлаштирувчи коррупцияга қарши курашиш чоралари:

-қўмита ва тизим ташкилотлари ўз фаолияти ва функцияларидаги коррупциявий хавф-хатарли йўналишларда умумий назорат муҳитини
ва коррупцияга қарши курашиш назорат ҳамда тартиб-таомилларни ўз ичига олувчи коррупцияга қарши курашишнинг комплекс тизимини жорий этадилар;

-қўмита ва тизим ташкилотлари коррупцияга қарши курашишни назорат қилиш ва тартиб-таомилларнинг самарадорлиги, жумладан, уларнинг аниқланган хавф-хатар даражасига мутаносиблиги, ходимлар учун қатъийлиги ва аниқлиги, фуқаролик жамияти учун шаффофлигини таъминлашга интиладилар;

-амалга ошириладиган тадбирлар, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича назорат чоралари ва тартиб-таомиллар қўмита ва тизим ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича дастури/режаси/йўл харитасида акс эттирилади ҳамда тегишли ички ҳужжатларда белгиланади;

е) ахборотлаштириш, коммуникация ва маслаҳат бериш:

-коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ҳамда қўмита ва тизим ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш тамойиллари ва талаблари ҳақида жамиятнинг хабардорлигини ошириш мақсадида, мазкур Сиёсат
ва қўмита ва тизим ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлари тўғрисидаги асосий маълумотлар қўмитанинг интернет тармоғидаги расмий веб сайтига жойлаштирилади;

Бундан ташқари, қўмита ва тизим ташкилотлари коррупцияга қарши курашиш амалдаги қонун ҳужжатлари нормалари ва коррупцияга қарши курашиш  жорий этилган тамойиллар ва талаблар ҳақида ходимлар ва бошқа манфаатдор шахсларни хабардор қилиш ва тушунтириш бўйича қуйидагилар орқали барча оқилона хатти-ҳаракатларни амалга оширади:

-ходимларни йилига камида бир марта коррупцияга қарши курашиш асослари бўйича доимий ва тизимли ўқитиш, шу жумладан, ишга янги қабул қилинаётган ходимларни ушбу Сиёсат ва коррупцияга қарши курашиш бўйича бошқа ички ҳужжатлар билан мажбурий тартибда таништириш билан биргаликда уларни коррупцияга қарши курашиш бўйича мажбурий курсларда ўқитиш. Коррупциявий хавф-хатари юқори бўлган лавозимлар учун қўмита ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича қўшимча таълим дастурлари белгиланади. Ўтказилган ўқиш/тренинглар ҳақидаги маълумотлар кадрлар бўлимларида қонунчиликда белгиланган тартибда сақланади;

-ходимлар ва фуқароларнинг коррупцияга муросасиз муносабатини шакллантириш бўйича ва коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида хабардорлигини оширишга қаратилган тематик аудио ва видеороликлар ҳамда бошқа ахборот маълумотларидан фойдаланган ҳолда коррупцияга қарши курашиш тадбирларини ўтказиш;

-ходимлар томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги гумонлар ёки фактлар, коррупциявий хавф-хатарлар
ва бошқалар (коррупция фактлари ҳақида хабар берилиши мумкин бўлган усуллар тўғрисидаги батафсил маълумот мазкур Сиёсатнинг 4-бобида назарда тутилган) ҳақида хабар берилиши мумкин бўлган алоқа каналлари билан таъминлаш;

-мазкур Сиёсат қоидаларини қўллаш ёки коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари ва тартиб-таомилларини амалга ошириш билан боғлиқ саволлар келиб чиққанда ходимларга маслаҳатлар бериш;

-ходимларнинг меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши курашиш қоидаларини киритиш;

-тасдиқланган режага мувофиқ коррупцияга қарши курашиш бўйича масъул шахс томонидан коррупцияга қарши курашиш хулқ-атвор юзасидан ташвиқотлар ўтказиш;

-контрагентларни коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган талаблар ва тамойиллар ҳақида, шу жумладан, улар билан тузиладиган шартномаларга коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус шартларни киритиш тўғрисида хабардор қилиш ва ҳ.к.;

г) мониторинг, назорат ва ҳисобот:

-коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган
чора-тадбирларнинг етарлилиги, мутаносиблиги ва самарадорлигини баҳолайди ҳамда доимий мониторингини олиб боради. Ўтказилган мониторинг натижалари бўйича қўмита ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш юзасидан тегишли чоралар кўради;

-қўмита ва тизим ташкилотларида мониторинг ва назорат қилишнинг қуйидаги тартиб-таомиллари амалга оширилади:

-қўмита ва тизим ташкилотларининг фаолияти ва функцияларидаги ҳамда ташкилий-функционал тузилмасидаги ўзгаришлар, шунингдек бошқа ички ва ташқи омилларнинг қўмита ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш тизимига таъсирини, мазкур тизимга ўзгартириш киритиш заруриятини таҳлил қилиш, шу жумладан, уни амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш;

-тасдиқланган режага мувофиқ самарасиз назорат ва тартиб-таомилларни аниқлаш учун уларни тўғрилаш ва коррупцияга қарши курашиш тизимининг ишончлилиги ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида танлов асосида қўмита тизимидаги функциялар ва ички жараёнларни мониторинг қилиш;

-ички ва (ёки) ташқи текширувларни ўтказиш жараёнида ходимлар томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича талабларга риоя қилинишини назорат қилиш;

-коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати томонидан таркибий тузилмаларга юклатилган коррупцияга қарши чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тегишли тартибда амалга оширилиши устидан назорат олиб борилади;

-коррупцияга қарши курашиш тизимини назорат қилиш
ва мониторинги бўйича чора-тадбирлар натижалари қўмита раиси ва тизим ташкилотлари раҳбарларининг чораклик ҳисоботларида ўз аксини топади.

з) ҳуқуқбузарликларга нисбатан муносабат билдириш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш:

-мазкур Сиёсатга амал қилиш ва қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларга риоя қилиш ҳар бир ходим учун ўз хизмат мажбуриятларини бажарилиши доирасида мажбурийдир. Ходимлар белгиланган талаб ва тартиб-таомилларни бузганлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланадилар. Бундан ташқари, бевосита раҳбарлар ўз бўйсунувидаги ходимлар томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этилганлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланадилар;

-коррупцияга қарши курашишга оид белгиланган талаблар
ва тамойилларни бузган ходимлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда ва асосларда интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиладилар;

-ходимлар уларни коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни содир этишга ундовчи шахсларнинг ҳар қандай мурожаатлари тўғрисида, шунингдек, бошқа ходимлар томонидан содир этилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўзига маълум бўлган ҳар қандай фактлар ҳақида ўз раҳбарларига ва коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизматига хабар беришлари шарт;

-коррупцияга мутлақо тоқатсизлик тамойилини ҳисобга олган ҳолда, ходимларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этишлари билан боғлиқ ҳар қандай асосли шубҳа бўйича хизмат текширувлари Ўзбекистон Республикаси конунчилиги талабларига мувофиқ ва ички ҳужжатларда белгиланган тартибда ўтказилади. Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини ва (ёки) мазкур Cиёсат ҳамда қўмитанинг                бошқа ички ҳужжатларида белгиланган коррупцияга қарши талаб ва                тартиб-таомилларни бузган ходимлар, уларнинг лавозими, хизмат муддати ва бошқа омиллардан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ҳамда қўмита ва тизим ташкилотларининг ички ҳужжатларида назарда тутилган доирада ва асосларда жавобгарликка тортиладилар;

-коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда қўмита ва тизим ташкилотлари уларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини таҳлил қиладилар ва доимий асосда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштирадилар;

-қўмита ва тизим ташкилотлари коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва текшириш учун бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар
ва давлат органлари билан ҳамкорлик қиладилар;

-қўмита тизимидаги ҳар бир ходим билан корхона ва ташкилотларнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг принциплари ва талабларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қоррупцияга қарши курашиш қонун ҳужжатларига риоя этиш юзасидан меҳнат шартномасига қўшимча (1-иловага мувофиқ) келишув шартномаси тузилади.

4-боб. Коррупцияга қарши курашишнинг асосий йўналишлари.

Манфаатлар тўқнашувини бошқариш.

12. Ходимлар ўз хизмат мажбуриятларини бажариш ҳамда (ёки) қўмита
ва тизим ташкилотлари манфаатларини ифодалаш доирасида виждонлилик
ва ҳалоллик тамойилларига амал қилиши, ўзларининг хизмат мавқеидан ўз шахсий манфаатлари йўлида қўмита ва тизим ташкилотларининг мол-мулкидан фойдаланмаслик ҳамда манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган вазиятлардан сақланишлари лозим.

Ходимларнинг ўз хизмат мажбуриятларини лозим даражада ва холис бажаришларига, жумладан, холис қарор қабул қилишга ҳамда қўмита ва тизим ташкилотларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари, мол-мулки ва (ёки) нуфузига таъсир қиладиган ёки таъсир қилиши мумкин бўлган вазиятда манфаатлар тўқнашуви юзага келади.

13. Ходимлар ишга қабул қилинишида, бошқа лавозимга ўтказилишида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлиги ҳақидаги маълумотларни ҳар йили ва тегишли вазиятлар/ҳолатлар юзага келишига қараб ошкор қилишга мажбурдирлар. Ходимлар томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш ва уни ҳал қилиш жараёни Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.

Совғалар ва иш жараёнида меҳмондўстлик белгилари.

14. Ходимларга ўз хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жисмоний ва юридик шахслардан бирон-бир совға ёки иш жараёнида меҳмондўстликнинг белгилари, қарз, кафолатлар, кафилликлар, мукофотлар шаклида рағбатлантириш воситаларини, нақд пул маблағлари ёки уларнинг эквиваленти, қимматли қоғозлар кўринишида моддий ёрдам қабул қилиш тақиқланади.

15. Ходимлар томонидан расмий делегациялар таркибида, расмий тадбирларда, жумладан, хорижда олинган ҳар қандай совғалар суммасидан қатъи назар қўмита ва тизим ташкилотларининг мулкига ўтказилади.

16. Ходимларга уларнинг шахси билан боғлиқ байрамлар (туғилган кун, фарзанд туғилиши,  Ватан ҳимоячилари куни,  Халқаро хотин-қизлар куни     ва б.)да берилган, хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлмаган совғалар ходимнинг шахси билан боғлиқ совғалар деб тан олинади.

17. Бундай совғаларни беришда қуйидаги талабларга риоя қилиш лозим:

-совғалар қўмита ва тизим ташкилотларининг камида уч нафар ходимлари иштирокида берилиши;

-совға бериш жарёни табрик нутқи билан бирга бўлиши, унда совға беришга сабаб бўлган воқеа ўзининг аниқ ифодасини топган бўлиши;

-совғанинг умумий қиймати (барча солиқлар ва йиғимларни ҳисобга олган ҳолда) 5 (беш) базавий ҳисоблаш миқдоридан ошмаслиги;

-бир нафар ходимнинг бошқа ходимга совға учун сарфлайдиган харажат суммаси, ҳар бир ҳолатда 1 (бир) базавий ҳисоблаш миқдордан ошмаслиги керак.

18. Шубҳалар пайдо бўлмаслиги учун бошқа давлат органлари
ва ташкилотлари ходимлари, шериклар ва контрагентлар, ушбу Сиёсатнинг              15 ва 16-бандларида кўрсатилмаган бошқа жисмоний ва юридик шахслардан ҳар қандай байрам (туғилган кун, фарзанд туғилиши, Ватан ҳимоячилари куни, Халқаро хотин-қизлар куни ва ҳ.к.ни инобатга олган ҳолда, бироқ
бу билан чекланмасдан
) билан боғлиқ ҳолда олинадиган, ушбу Сиёсатнинг
14-бандида санаб ўтилган совғалар ва бошқа моддий бойликларни олиш тақиқланади.

19. Қўмита номидан халқаро конференцияларда, симпозиумларда
ва бошқа ишбилармонлик (хизматга оид) йиғилишларида совғалар бериш қўмита раисининг буйруғи билан амалга оширилади.

20. Совғани қабул қилишнинг қонунийлиги тўғрисида шубҳа туғилган ҳар қандай ҳолларда ходим коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизматига маслаҳат сўраб мурожаат қилиши лозим.

Ходимларни танлаш, лавозимдан лавозимга ўтказиш, моддий рағбатлантириш.

21. Ходимларни танлаш, уларни аттестациядан ўтказиш ва фаолиятини баҳолаш, шу жумладан мукофот пулларини тўлаш, устама ҳақлар ва бошқа турдаги мукофотларни белгилаш жараёни барча ходимлар учун шаффоф, тенг ва холис бўлиб, ушбу Сиёсатнинг асосий тамойиллари ва талабларига мувофиқ келади.

22. Қўмита ва тизим ташкилотларида уларнинг раҳбарлари, шунингдек, бошқарма ва бўлим бошлиқларини мукофотлашга асос бўлиб хизмат қиладиган, улар фаолиятининг асосий кўрсаткичларини баҳолаш тартиби
ва мезонлари ишлаб чиқилган бўлиши лозим. Ушбу кўрсаткичлар холис, ошкора ҳамда ходимлар томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

Текширишларни ўтказиш ҳамда давлат органлари
ва ташкилотлари фаолиятини ўрганиш.

23. Турли хил текширишларни ўтказиш ҳамда давлат органлари
ва ташкилотларининг (кейинги ўринларда – “Текшириш объектлари”) фаолиятини ўрганишда ходимлар:

-манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги;

-текшириш бир нафар ходим томонидан амалга оширилмаслиги;

-содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни сохталаштириш учун текшириш объекти вакилларининг ҳуқуқий билим даражаси пастлигидан фойдаланиб қонун ҳужжатлари нормаларини нотўғри талқин қилмаслиги, текширилаётган объект ходимларини аниқланган фактларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш билан қўрқитмаслиги;

-текширилаётган объектнинг ходимларига таҳдид қилмаслиги;

-текшириш предметига кирмайдиган масалалар билан қизиқмасликлари ва ҳужжатларни сўрамасликлари;

-ходимлар текшириш давомида аниқланган ҳар бир ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қонуний ва профессионал баҳо беришлари;

-агар текшириш объекти вакиллари ходимларга аниқланган қонунбузарликларни яшириш учун пора ва (ёки) бирон-бир моддий қимматлик ёки хизматларни таклиф қилса, текшириш гуруҳи раҳбарини дарҳол хабардор қилишлари;

-текшириш объекти вакилларига ходимларнинг ахлоқий хулқ-автор тамойилларига мувофиқ холис муносабатда бўлишлари шарт.

24. Хизмат мажбуриятига ташкилотларни текшириш кирадиган қўмита ва тизим ташкилотларининг таркибий тузилмаларида ўтказилган текшириш натижалари бўйича улар томонидан қабул қилинган қарорлар юзасидан низолашиш учун апелляция инстанциялари ташкил этилади.

Контрагентлар ва учинчи шахслар билан ўзаро муносабатлар.

25. Қўмита ва тизим ташкилотлари ушбу Сиёсатнинг тамойиллари
ва талабларига зид бўлган ҳар қандай тўловлар ва (ёки) шу каби коррупциявий хавф-хатарларни келтириб чиқарувчи хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ниятида бўлган маҳсулот етказиб берувчиларни, пудратчиларни ва бошқа учинчи томонларни жалб қилмайдилар.

26. Қўмита ва тизим ташкилотлари контрагентлар билан муносабатларда ўз фаолиятини амалга оширишида қонунийлик ва шаффофлик тамойилларига амал қиладилар. Қўмита ва тизим ташкилотлари танлашнинг холис мезонларидан фойдаланишга асосланган, маҳсулот етказиб берувчилар, пудратчилар ва бошқа контрагентларни танлаб олишнинг ҳаққоний, очиқ ва шаффоф жараёнини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ва сотиб олинадиган маҳсулотнинг қўмита тизимининг ички ҳужжатлари билан тартибга солинадиган баҳосини аниқлашнинг шаффоф тартибини таъминлайдилар.

27. Қўмита ва тизим ташкилотлари контрагент билан ўзаро ҳамкорлигида:

-контрагентнинг ишончлилигини, шу жумладан ўтмишда коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этган(этмаган)лигини, қўмита ва тизим ташкилотларида “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги нормалари доирасида қўмита тизими ходимлари билан манфаатлар тўқнашуви мавжуд эмаслигини текширадилар;

-эҳтимоли юқори бўлган контрагентни (танлов, тендер ғолибини
ва тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид контрагентини
) ўзининг коррупцияга қарши тамойиллари ва талаблари ҳақида улар билан тузиладиган шартномалар матнига коррупцияга қарши махсус шартларни қўшган ҳолда хабардор қиладилар.

Хайрия ва ҳомийлик фаолияти.

28. Қўмита ва тизим ташкилотлари қонунда назарда тутилган ҳолларда хайрия ва ҳомийликни қабул қилишлари мумкин. Бундай ёрдамни олган пайтда қўмита ва тизим ташкилотлари манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, маблағларни қонунда ва (ёки) шартномада белгиланган мақсадлар учун самарали сарфланишини таъминлаш, шунингдек мазкур фаолиятни шаффофлигини таъминлаш учун интернет тармоғидаги ўзининг расмий веб-сайтларида бу ҳақида маълумотлар ёритиб борилиши лозим.

“Сирли мижоз” тадбири.

29. Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва тизим ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифати ва тезлигини, шунингдек ҳаққоний ва очиқ танлов натижаларига кўра танлаб олинган мустақил компаниялар томонидан коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилишига мойиллигини аниқлаш учун хизматларнинг ҳақиқий олувчилари сифатида алоҳида назорат тадбирлари ўтказилади. Давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида мустақил компания бундай хизматларнинг сифати, муддатлари, шартларини, шунингдек, қўмита тизими ходимларининг белгиланган ахлоқ қоидаларига, шу жумладан ходимнинг пора олишга мойиллигини белгилаб боради.

30. Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ва тизим ташкилотлари ўтказилган “сирли мижоз” тадбирлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқадилар ва коррупция хавфи аниқланган тақдирда хизмат текшируви тайинлаш ҳақидаги қўмитага ташаббус билан чиқадилар.

Қўмита ва тизим ташкилотлари фаолиятини видеотасвирга олиш ва трансляция қилиш.

31. Ходимларнинг фаолиятини назорат қилиш учун қўмита ва тизим ташкилотлари хизмат хоналарида видео ва аудио ёзув камералари жойлаштирилиши мумкин, уларнинг ёзувлари қўмита ва тизим ташкилотларининг масъул ходимлари томонидан доимий равишда кузатиб борилади.

32. Қўмита ва тизим ташкилотларининг расмий веб-сайтларига коррупция хавфи юқори бўлган айрим жараёнларнинг онлайн трансляциялари жойлаштирилади (хусусан, ходимлар билан суҳбат ўтказиш ва уларни синовдан ўтказиш, комиссия йиғилишлари ва бошқалар).

Ички ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизаси.

33. Ички хужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда ҳужжатларда коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон яратадиган коррупциявий омиллар келиб чиқишини олдини олиш, аниқлаш ва истисно қилиш мақсадида ҳам экспертиза ўтказилади.

Ходимларга маслаҳат бериш.

34. Қўмита ва тизим ташкилотларининг ходимларида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари, ушбу Сиёсат қоидалари ёки коррупцияга қарши бошқа чора-тадбирлар ва тартиб-таомиллар билан боғлиқ бўлган ҳар қандай саволлар бўлса, улар қўмитада ташкил этилган коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизматининг 71-263-03-58 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин.

5-боб. Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш.

35. Ходимлар ва бошқа шахслар, агар улар қўмита тизими ходимлари хатти-ҳаракатларининг қонунийлиги ва (ёки) одоб-ахлоққа мувофиқлиги тўғрисида ўзларида шубҳа туғилса, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилишига гумон ёки содир этилганлиги фактлари бўлса, улар бу ҳақда қўмитада ташкил этилган коррупцияга қарши комплаенс-назорат  хизматининг  antikor@urmon.uz электрон почта манзили  ва           71-263-03-58 рақамли ишонч телефонига ёки фойдаланиш мумкин бўлган бошқа алоқа каналлари орқали хабар беришлари мумкин.

36. Қўмита ва тизим ташкилотлари ўз ваколатлари ва мавжуд имкониятлари доирасида ҳуқуқбузарлик тўғрисида ишончли маълумот берган шахсларнинг махфийлигини таъминлайдилар (қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).

37. Қўмита ва тизим ташкилотлари мазкур масалада ўз ходимларининг манфаатларини ҳимоя қиладилар ва қасос олишга қаратилган ҳаракатларга, шу жумладан ишдан бўшатиш, лавозимни пасайтириш, камситиш, босим ўтказиш, бошқа ходимларнинг шубҳали ҳаракатлари ёки улар томонидан ушбу Сиёсатнинг коррупцияга қарши талабларини бузиш эҳтимоли ҳақида хабар берган шахсларни таъқиб қилинишига йўл қўймаслигини кафолатлайдилар.

38. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги хабарларни қуйидаги алоқа каналлари орқали бериш мумкин:

71-263-03-58 ишонч телефон рақами ва қўмита ва тизим ташкилотлари томонидан ўрнатилган бошқа телефон рақамлари;

қўмитанинг antikor@urmon.uz электрон почта манзили;

қўмита ва тизим ташкилотларининг электрон почта манзиллари;

тўғридан-тўғри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига.

39. Қўмита тизимининг алоқа каналларига келиб тушган барча хабарлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ҳамда қўмита ва тизим ташкилотларининг ички ҳужжатларига мувофиқ қўмита тизимининг масъул бўлинмаси ёки ходими ва Коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати томонидан холис тарзда ва ўз вақтида кўриб чиқилади.

40. Aноним равишда (хизмат томонидан очилган 71-263-03-58 ишонч телефон ва antikor@urmon.uz электрон манзил орқали) юборилган хабарлар ҳам кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Ўз номини ошкор қилинмаслигини истаган ариза берувчи бундай ҳолатда қуйидагиларни тан олади:

-қўмита ва тизим ташкилотлари хабарга жавоб бериш учун мурожаат этувчи шахс билан боғлана олмайди;

-қўмита ва тизим ташкилотлари зарур қўшимча маълумотларни олишнинг имконияти йўқлиги сабабли хабарни тўлиқ ва ҳар томонлама текширишни амалга ошира олмайди.

41. Ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотлари томонидан келиб тушган хабарга жавоб бериш учун мурожаат этувчи шахс билан қуйидаги ҳолатларда боғланилмайди:

-тўлиқ ва кенг қамровли текшириш ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча маълумотларнинг йўқлиги;

-ходимининг қасддан ёлғон маълумотни тақдим этиши ушбу Сиёсатни бузилиши ва ахлоқсиз хулқ-атворнинг намунаси сифатида қаралса, бундай шахс эса Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва қўмитанинг ички ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши мумкин.

42. Қўмита тизимида коррупция фактлари тўғрисида виждонан хабар берган ходимлар, агар бу маълумотлар тасдиқланса, ички ҳужжатларга мувофиқ рағбатлантирилиши мумкин.

6-боб. Қайта кўриб чиқиш ва ўзгартиришлар киритиш тартиби.

43. Ушбу Сиёсат қуйидаги ҳолларда қайта кўриб чиқилиши
ва тузатилиши мумкин:

-коррупцияга қарши курашиш амалдаги сиёсат ва тартиб-таомилларни қайта кўриб чиқиш заруратини келтириб чиқарадиган ҳолда коррупцияга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ўзгарганда;

-коррупцияга қарши курашиш самарасиз назорат ва тартиб-таомиллар аниқланганда ҳамда қўмита ва тизим ташкилотлари фаолиятида коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган
чора-тадбирларни такомиллаштиришга зарурат туғилганда;

-қўмита ва тизим ташкилотларининг вазифалари хусусиятлари
ва бошқалар ўзгарганда.