1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари (бундан буён матнда Одоб-ахлоқ қоидалари деб аталади) экаллаб турган лавозимидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республмкаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоят бошқармалари, давлат ўрмон хўжаликлари ва Қўмита тизимига кирувчи республика ташкилотлари (бундан буён матнда ўрмон хўжалиги органлари деб юритилади) ходимларининг касбий одоб-ахлоқининг умумий принцплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборат.
2. Одоб-ахлоқ қоидалари хуқуқбузарликларни олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, ўрмон хўжалиги органлари ходимларида юксак хуқуқий онгни шакллантириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий хужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга хамда уларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, ҳуқуқий, сиёсий маданиятини ва ҳуқуқий онгини ошириш бўйича самарали тизимни яратиш, уларда ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни оширишга йўналтирилган.
3. Ходимнинг Одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш мажбурияти унинг ўрмон хўжалиги органларига ишга қабул қилинган кунидан эътиборан келиб чиқади.
Ўрмон хўжалиги органларига ишга кираётган шахс Одоб-ахлоқ қоидалари билан имзо қўйдирган ҳолда таништирилади.
4. Ўрмон хўжалиги органлари ходимлари қонун хужжатлари ҳамда Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишлари шарт.
Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш ўрмон хўжалиги органлари ходимларининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири хисобланади.
2-боб. Ўрмон хўжалиги органлари ходимларининг хизматдаги хулқ-атворининг асосий принциплари ва қоидалари
5. Ўрмон хўжалиги органлари ходимлари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга оширишлари керак:
– қонунийлик;
– фуқаролар хуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
– ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик;
– давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;
– адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;
– юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар;
– манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик;
6. Ўрмон хўжалиги органлари ходимлари қуйидагиларга мажбур:
– хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш;
– Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ҳайъати қарорларига, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг буйруқлари ва кўрсатмаларига, ички меҳнат тартиб қоидаларига ҳамда мазкур Одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш;
– ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш;
– юқори давлат органлари ва мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган (берган) қарорларини (топшириқларини) ўз вақтида ва сифатли бажариш;
– ўз фаолиятини қонун хужжатларида ва ички хужжатларда белгиланган лавозим ваколатлари доирасида амалга ошириш;
– норматий-хуқуқий ва идоравий хужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажариш;
– ўз хизмат вазифаларини бажаришда бирор-бир шахс, гурух ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг хуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини хисобга олиш, камситиш холатларига йўл қўймаслик;
– ўз хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилувчи ёки хизмат вазифаларини амалга ошириши жараёнида қонун талабларига зиб бўлган бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-харакатлардан тийилиш;
– хизмат вазифаларини самарали бажариши учун зарур бўлган билим ва малакага эга бўлиш хамда касбий махоратини доимий равишда ошириб бориш;
– ўрмон хўжалиги органларига юклатилган вазифаларни амалга ошириш жараёнида берилган ваколатларни қонун хужжатлари доирасида амалга ошириш, сансалорлик ва кўзбўямачилик холатларига йўл қўймаслик;
– хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш мақсадида фойдаланмаслик;
– Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гурухлар ва конфессияларнинг маданий ва бошқа хусусиятларини хисобга олиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашиш;
– умумэътироф этилган ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, миллий анъаналар, урф-одатлар ва қадриятларни хурмат қилиш;
– ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, шунингдек ўз обрўсига ёки ўрмон хўжалиги органлари нуфузига зарар етказишга қодир бўлган вазиятларга йўл қўймаслик;
– иш жойида спиртли ичимлик истеъмол қилмаслик ва маст холда келмаслик;
– хоналарда сигарет (белгиланган жойда чекиш), нос чекмаслик ва ерга тупурмаслик, сақич, писта пўчоқ ва бошқаларни ташламаслик;
– иш вақтида бино ҳудудида бехуда юрмаслик;
– коридор ва холларда, хусусан, уяли телефонлардан баланд овозда гаплашмаслик;
– телефон орқали муомила қилишда муомила маданияти ва ахборот тақдим этиш қоидаларига риоя қилиш;
– Қўмита обрў-эътибори ва нуфузига доғ туширадиган хар қандай харакатларни содир этишдан ўзини тийишга, шунингдек бундай ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга;
– электр-энергияси, газ ва сув ресурсларидан тежамкорона (оқилона) фойдаланиш;
– интернет тармоғидан фойдаланиш маданиятига риоя этиш ва сохага тегишли ахборотлардан фойдаланиш;
– санитария ва гигиена (хожатхона) хоналаридан фойдаланиш қоидаларига амал қилиш;
– эпидемия ёки пандемия шароитида Республика махсус комиссияси қўрсатмасига мувофиқ Қўмита раҳбарияти томонидан белгиланган чора-тадбирларга тўлиқ риоя этиш;
– Қўмитада хабарларни ва хизмат ахборотларини тақдим қилишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш.
7. Ходимларнинг Қўмитага одамлар диққатини тортадиган танани шаффоф кўрсатиб турувчи, елка, кўкрак ва қорин, шунингдек тиззадан юқори қисмлари очиқ қоладиган ҳамда хаддан зиёд тор кийимда ёки диний ибодат либосида, металл занжирлар, тўғноғичлар, танага турли мунчоқлар қадаган холда, спорт кийими ва поябзалида келиш таъқиқланади. Қўмита ходимлари ишхонага ораста бўлиб (аёллар узун сочлари йғилган холда, эркаклар соч-соқоли олинган холатда), унга монанд кийимда келиши лозим.
8. Жамоа аъзосининг шаъни ва қадр қимматини ҳурмат қилиниши ҳамда халқимизнинг маънавий меросини авайлаб асраш мақсадида жамоа аъзолари бир бирига нисбатан ҳурматсизлик қилиши, беҳаё сўзлар ишлатиши қатъий тақиқланади хамда Қўмитада ўзаро “”Сиз” деб мурожаат килиш одат тусига кириши лозим.
9. Бинога кираётган хар бир киши биноларга кириб-чиқишни назорат қилиш учун тайинланган масъул шахс ёки навбатчига ўз шахсини тасдиқловчи хужжатини очиқ холда кўрсатиши шарт.
10. Сиёсий, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик, шунингдек шахсий важлар ва бошқа субъектив сабаблар ходимнинг қонун хужжатлари талабларини ҳамда Одоб-ахлоқ қоидаларини бузишига асос бўла лмайди.
11. Агар қонун хужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ходимга ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш таъқиқланади.
12. Ўрмон хўжалиги органлари ходимлари коррупция холатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.
Ходимлар ўз рахбарини ёки хуқуқни химоя қилувчи органларни уларни хуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида бирор-бир шахсларнинг қилган мурожаатларининг барча холатлари тўғрисида, шунингдек бошқа ходимлар томонидан содир этилган хуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлган ҳар қандай ҳолатлари ҳақида хабардор қилиши шарт.
Ўрмон хўжалиги органлари раҳбарлари шахслар қонунчиликнинг бузилиши фактлари тўғрисида мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикр ёки мурожаатдаги танқиди учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилинганлиги учун ишдан бўшатилишига ёки бошқача шаклда таъқиб қилинишига йўл қўймаслигини таъминлаши керак.
13. Ходим касбий фаолияти давомида ўзига маълум бўлган ахборотни сақланиши ва махфийлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўриши шарт.
14. Ўрмон хўжалиги органлари рахбарлари ўз бўйсинувидаги ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, ўрмон хўжалиги органлари ва муассасасида ёки унинг таркибий бўлинмасида маънавий-психологик мухит шаклланишига кўмаклашиши, шунингдек ўз бўйсинувидаги ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришни талаб қилмаслиги, бошқа қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни саодир этишга ундамаслиги керак.
Рахбар қариндошлик, ҳамшахарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслик, гурухбозлик, махаллийчилик, фаворитизм кўринишларининг, шунингдек ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларни қатъий равишда олдини олиши лозим.
Раҳбар:
- манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва уларни тартибга солиш бзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриш;
- коррупциянинг олдини олиш;
- ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулк ва молиявий маблағларни асраб-авайлаб, тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шарт;
- ўзига бўйсинувчи, хизматдаги хулқ-атвори принциплари ва қоидаларини бузаётган ходимларнинг шундай хатти-харакатларга йўл қўймаслиги чораларини кўрмаганлиги учун жавоб беради.
15. Ўрмон хўжалиги органлари ходимлари ўзларининг хизматдаги хулқ-атвори билан жамоада бошқа ходимлар билан ўзаро ишчанлик ва амалий хамкорлик муҳити қарор топшига интилишлари лозим.
Ходим хушмуомила, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт. Ходим ўзига бўйсинувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатилиши холатларига йўл қўймаслиги керак.
Хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда ходимнинг ташқи кўриниши фуқароларнинг давлат органига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлиги, вазминлиги ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши керак.
Ходимлар хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этмаслиги, бундай хатти-ҳаракатларда қатнашмаслиги ва уларга йўл қўймаслиги керак.
3-боб. Манфаатлар тўқнашуви
16. Ходим ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шаҳсий манфаатдорлик холатларига йўл қўймаслиги керак.
Манфаатлар тўқнашуви ходимнинг шахсий манфаатлари унинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.
Ходимнинг шахсий манфаатдорлиги унинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун хар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда ходимлар ўз рахбарини дархол хабадор қилиши керак.
Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.
17. Ходим хар қандай ҳолатларда хам ўз хизмат мавқеидан мумкин бўлмаган шахсий фойдани олиши мумкин эмас.
Ходимлар ўзларининг хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига ёки уларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширмаслиги, шунингдек лавозимни эгалламаслиги керак.
Ходим ўз рахбарини манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.
18. Ходим лавозимга тайинланаётганда ва хизмат вазифаларини бажараётганда ўзининг ўзининг хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигининг мавжудлиги ёки мавжуд бўлиши имконияти тўғрисида маълум қилиши шарт.
4-боб. Одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик
19. Ходим томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка торти учун асос бўлиши мумкин.
20. Ходим томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда хисобга олинади.
21. Ушбу Одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилишлари Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Одоб-ахлоқ комиссияси, тегишли ўрмон хўжалиги органлари ходимларидан камида беш кишидан иборат таркибда тузилади. Одоб-ахлоқ комиссиясининг мақсади, вазифалари, функциялари, хуқуқлари, жавобгарлиги ва унинг фаолиятини ташкил этишнинг бошқа масалаларитегишли ўрмон хўжалиги органлари томонидан тасдиқланган Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низомда белгиланади.
Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши холатларини Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқиш натижалари бўйича интизомий ёки бошқача тарздаги қоида бузилишларининг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида хулоса чиқарилади.
Одоб-ахлоқ қоидалари бузилган деб топилган холатлар юзасидан тегишли ўрмон хўжалиги органлари рахбарига интизомий жазо чораси қўллаш тўғрисида таклиф киритилади. Йўл қўйилган қоида бузилишининг хусусияти, қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-харакат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атворини хисобга олган холда унга нисбатан келгусида Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузиш холатларига йўл қўймаслиги тўғрисида огохлантириш билан чекланиш мумкин.
Одоб-ахлоқ қоидалари қайта бузилганда, унга устама ва мукофот пуллари тўланмаслик бўйича қарор қабул қилиш мумкин (Қўмита раисига билдиришнома киритиб, розилик олинган холда).
Ходим ўзи йўл қўйган қоида бузилиши, қоида бузилишининг кўриб чиқилиши жараёни хақида ахборотни олиш ва ўзини химоя қилиш учун далилларни тақдим этиш, шунингдек тегишли раҳбарнинг қарорлари юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш хуқуқига эга.