Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисида низом

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу низом Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари ҳамда тизимдаги ташкилотлар (бундан буён матнда қўмита ва тизим ташкилотлари деб юритилади) фаолиятида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, олдини олиш ва тартибга солиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу низом талаблари ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппарати ва қўмита тизимидаги барча ташкилотлар ходимларига уларнинг эгаллаб турган лавозими ва хизмат ваколатларидан қатъи назар қўлланилади.

3. Ушбу низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ходим – қўмита ва тизим ташкилотларида меҳнат шартномаси (келишуви) асосида ишга қабул қилинган жисмоний шахс;

яқин қариндошлар – қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука, опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука, опа-сингиллари;

уруғ-аймоқчилик – ходимнинг умумий аждодга эга бўлган муайян қариндошга мансублиги асосида учинчи шахсларга нисбатан субъектив, илтифотли ва нохолис муносабатда бўлиш шаклдаги шахсий манфаатини намоён этилиши;

алоқадор шахслар – ходим билан тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этадиган шахслар, акциялари Республика фонд биржасида оммавий муомалада бўлган акциядорлик жамиятларининг беш фоизидан кам бўлган миқдордаги акцияга эканлиги ҳолатлари бундан мустасно;

маҳаллийчилик – шахсни фақатгина қариндошлиги (қариндошни ҳамма билиши/машҳурлиги ва унинг жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилганлиги) ва бундай шахснинг ҳокимият ваколатига эга бўлган органлардаги қариндошларининг хизмат мавқеи сабабли лавозимга қўйиладиган малака талабларини ҳисобга олмасдан ишга ёллаш, ротация, лавозимга тайинлаш;

непотизм (таниш-билишчилик) – ўзининг яқин қариндошлари ёки дўстларига ғайриқонуний имтиёзлар бериш мақсадида ҳокимиятдан фойдаланиш ва (ёки) таъсир ўтказиш, шунингдек, яқин қариндошлари ва (ёки) дўстларига асоссиз мукофотлар ҳисоблаш, Қўмита ва тизим ташкилотлари манфаатлари зарарига яқин қариндошлари ва дўстларини ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлашлар;

фаворитизм – Қўмита ва тизим ташкилоти ходими бир шахс ёки бир гуруҳ шахслар манфаатларини бошқа шахс ва (ёки) шахслар гуруҳи манфаатларидан устун кўйиш, шу билан бирга, Қўмита ва тизим ташкилотларида кадрларни танлаш ва жой-жойига кўйиш, лавозими бўйича кўтариш, мукофотларни ҳисоблаш ва давлат мукофотларига тавсия қилиш, меҳнат таътиллари бериш ёки санаториялар ва хориж сафарларига юбориш, мурожаатларни кўриб чиқиш навбатини, шунингдек, иш вақти ва навбатчилик графикларини белгилаш шулар жумласидандир.

хомийлик – ён босиш, қулай меҳнат шароитларини яратиб бериш шаклида Қўмита ва тизим ташкилоти ходимини юқорироқ лавозимдаги ходим томонидан ҳимоя қилиниши;

манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик ходимнинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан Қўмита ва тизим ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият;

ходимнинг шахсий манфаатдорлиги – ходим томонидан ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида унинг яқин қариндоши ёки ходимга алоқадор бўлган шахслар томонидан ходимнинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир қилиши мумкин бўлган пул маблағлари, моддий ёки номоддий қимматликлар, бошқа мол-мулк, бойлик ва имтиёзлар кўринишида шахсий наф олиш имконияти (шахсий, ижтимоий, молиявий, сиёсий ва бошқа тижорат ёки нотижорат манфаатлари);

потенциал манфаатлар тўқнашуви – ходимнинг, унинг яқин қариндошларининг ва (ёки) Қўмита ва тизим ташкилотлари билан боғлиқ бўлган шахснинг шахсий манфаатлари (шу жумладан шахсий, ижтимоий, мулкий, молиявий, сиёсий ва бошқа тижорат ёки нотижорат манфаатлар) муайян вазиятлар юзага келганда, улар Қўмита ва тизим ташкилотлари манфаатларига қарама-қарши бўлиши ва ходим томонидан хизмат мажбуриятларини бажаришига таъсир қилиши мумкин бўлган вазият;

ҳақиқий манфаатлар тўқнашуви – ходимнинг, унинг яқин қариндошларининг ва (ёки) Қўмита ва тизим ташкилотлари билан боғлиқ бўлган шахснинг шахсий манфаатлари (шу жумладан шахсий, ижтимоий, мулкий, молиявий, сиёсий ва бошқа тижорат ёки нотижорат манфаатлар) Қўмита ва тизим ташкилотлари манфаатларига бевосита ёки билвосита қарама-қарши бўлган вазият;

манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш – ходим томонидан потенциалли ёки ҳақиқий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида эълон қилиш тартиб-таомили;

манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш – Қўмита ва тизим ташкилотлари томонидан ходимларнинг хизмат мажбуриятлари лозим даражада бажарилмаслиги ҳолати ва (ёки) манфаатлар тўқнашуви юзага келганда уларнинг манфаатлари (шу жумладан шахсий, ижтимоий, мулкий, молиявий, сиёсий ва бошқа тижорат ёки нотижорат манфаатлар) Қўмита ва тизим ташкилотларининг манфаатларидан устун келиши хавфини камайтириш ёки бартараф этиш;

4. Қўмита ва тизим ташкилотлари ҳамда уларнинг ходимлари манфаатлар тўқнашувини бошқариш масалаларида қуйидаги асосий принципларга риоя қилишлари шарт:

-фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

-ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришда давлат манфаатларини шахсий манфаатидан устун қўйиши;

-ходимлар томонидан ошкоралик, виждонлилик ва холислик асосида қарорлар қабул қилиниши;

-ходимлар томонидан потенциал ёки ҳақиқий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор қилишнинг мажбурийлиги;

-манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича профилактик чораларнинг устуворлиги;

-манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини кўриб чиқиш ва манфаатлар тўқнашувини ҳал қилишда жамоавийликка амал қилиниши;

– манфаатлар тўқнашуви аломатлари билан тавсифланган вазиятларни кўриб чиқиш, баҳолаш ва ҳал қилишга холис ёндашув;

-ушбу Низомда белгиланган тартибда ходимлар томонидан тақдим этилган манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш;

-агар ходим бирор-бир қарор қабул қилишдан аввал ёки ўзига юклатилган функцияларни бажаришдан олдин манфаатлар тўқнашуви тўғрисида тегишли тартибда хабар берган ҳамда Қўмита ва тизим ташкилотлари манфаатлари фойдасига ўз шахсий манфаатларидан воз кечишга тайёр бўлса, уни ҳақиқий ёки потенциал манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги сабабли ишдан бўшатилишига йўл қўйилмаслик.

2-боб. Масъул таркибий бўлинмалар ходимларининг мажбуриятлари ва ваколатлари

5. Ходимлар ўзларининг хизмат мажбуриятларини бажаришида ва (ёки) Қўмита ва тизим ташкилотларининг манфаатларини ифодалашда ушбу Низомда белгиланган тамойилларга амал қилишлари, шунингдек, манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган вазиятлардан ўзларини сақлашлари шарт.

6. Хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувини олдини олиш учун Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимлари:

-ушбу Низомнинг талабларига риоя қилиши;

-фақат Қўмита ва тизим ташкилотлари манфаатларини кўзлаши ҳамда ўз хизмат мавқеидан фақат Қўмита ва тизим ташкилотлари манфаатларида қонуний фойдаланиши;

-Қўмита ва тизим ташкилотларининг манфаатларига зид келадиган ёки зид келиши мумкин бўлган шахсий манфаатлар тўғрисида Қўмита ва тизим ташкилотларини хабардор қилиши;

-таниш-билишчилик, фаворитизм, маҳаллийчилик, ҳомийлик ва уруғ-аймоқчиликнинг намоён бўлишига қатъий чек қўйиши;

-потенциал ёки ҳақиқий манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида ва тўлиқ ошкор қилиши;

-ўзининг яқин қариндошлари ва алоқадор шахслари тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқ рўйхатини, ўзининг ва уларнинг нодавлат нотижорат ташкилотларидаги иштироки ҳақидаги маълумотларни ҳалол, тўлиқ ва виждонан ошкор қилиши шарт.

7. Манфаатлар тўқнашувини олдини олиш мақсадида ходим қуйидаги ҳолларда манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериши керак, агар:

-ходимнинг бевосита бўйсунувида яқин қариндошлари ва (ёки) алоқадор шахслар бўлса;

-ходим яқин қариндошлари ва (ёки) алоқадор шахсларга нисбатан ходимларга (жумладан, иш ҳақини ҳисоблаш ва тўлаш, мукофотлар, устамаларга такдим этиш ва уларнинг миқдорини белгилашга) оид қарорлар қабул қилишда иштирок этса;

-ходим ва (ёки) унинг яқин қариндошлари тижорат ташкилотларида улушларга ёки акцияларга эга бўлса (Республика фонд биржасида оммавий муомалада бўлган акциядорлик жамиятларининг беш фоизидан кам бўлган миқдордаги акцияга эга эканлиги ҳолатлари бундан мустасно);

-ходим ва (ёки) унинг яқин қариндошлари нодавлат нотижорат ташкилотининг бошқарувида маълум бир лавозимни эгаллаб турган бўлса;

-ходим ўзининг яқин қариндошлари ва (ёки) у билан алоқадор шахслар ишлайдиган Қўмита ва тизим ташкилотлари назорати остидаги давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини назорат қилишнинг алоҳида функцияларини бажарса;

-ходим бошқа яна бирор ташкилотда ўриндошлик асосида ишласа;

-ходим Қўмита ва тизим ташкилотлари томонидан ўзининг шахсий манфаатдорлиги бўлган товарлар, ишлар ёки хизматларни харид қилиш ҳақида қарор қабул қилишда иштирок этса.

8. Ушбу Низомнинг 6-бандида келтирилган ҳолатлардан ташқари бошқа ҳолатларда ҳам манфаатлар тўқнашуви вужудга келган тақдирда манфаатлар тўқнашувининг мавжудлигини аниқлаш учун ҳар бир вазият алоҳида кўриб чиқилади.

9. Ушбу Низомда назарда тутилмаган янги манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланган такдирда, мазкур Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши лозим.

10 Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш учун Қўмита ва тизим ташкилотлари ушбу Низомга мувофиқ чоралар кўришлари керак.

3-боб. Манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш ва кўриб чиқиш тартиби

11. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш ходимлар томонидан қуйидаги тартибда амалга оширилади:

-Қўмита ва тизим ташкилотларида вакант иш жойларига номзодларни лавозимга тайинлаш ва ротация қилишда манфаатлар тўқнашувини дастлабки тарзда ошкор қилиш;

-манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни ходимлар томонидан иш фаолияти давомида ошкор қилиниши (ҳар йиллик декларация);

-потенциал ёки ҳақиқий манфаатлар тўқнашуви факти бўйича маълумотларни ошкора қилиш.

12. Қўмита ва тизим ташкилотларининг бўш иш жойларига номзодлар, ходимларни лавозимга тайинлаш ва ротация қилишда манфаатлар тўқнашувини дастлабки тарзда ошкор қилиш Кадрлар бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш йўли билан амалга оширилади:

-маълумотнома-объективка ва мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги (ходим томонидан ички ҳужжатларда назарда тутилган ҳужжатларни аввал тақдим этганлигидан қатъи назар) маълумотлар (яқин қариндошлар, алоқадор шахслар, устав капиталида ходим ёки унинг яқин қариндошларининг улуши бўлган юридик шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотларида ходимнинг ва (ёки) унинг раҳбарлик лавозимларини эгаллаб турган яқин қариндошларининг иштироки);

-ишга қабул қилинаётганида манфаатлар тўқнашувининг мавжудлиги ёки йўқлиги ҳақида ариза.

13. Манфаатлар тўқнашувини дастлабки тарзда ошкор қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

-ходим томонидан такдим этилган ҳужжатларни қўмитанинг Кадрлар бўлимининг масъул ходими уларда манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ёки йўқлиги бўйича текширади. Манфаатлар тўқнашуви аниқланганида Кадрлар бўлимининг масъул ходими ушбу ходимнинг бевосита раҳбарига мазкур манфаатлар тўқнашуви ва уни ҳал қилиш учун чора кўриш зарурлиги ҳақида ёзма шаклда хабар қилади;

-ходимнинг бевосита раҳбари ушбу маълумотни олган пайтдан бошлаб манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш чораларини кўради ва бу ҳақда ёзма шаклда хизмат хати кўринишида Кадрлар бўлимига хабар қилади;

-Кадрлар бўлимининг масъул ходими ходимнинг бевосита раҳбаридан кўрилган чоралар билан хизмат хатини олган пайтдан бошлаб 5 иш куни ичида манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш бўйича кўрилган чораларнинг етарлилиги ва мақбуллигини кўриб чиқиш учун аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги маълумотларни Қўмита одоб-ахлоқ комиссиясининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритади. Манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш бўйича чоралар кўриш юзасидан қарор Қўмитанинг Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан қабул қилинади.

14. Ходим манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги/йўқлиги ҳақидаги маълумотни ротация/лавозимга тайинланиш вақтида ва ҳар йили бир маротаба ариза топшириш йўли билан ошкор қилиши лозим.

Манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги маълумотларни ҳар йили ошкор қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

-Ходим ҳисобот даврида юз берган воқеалар ва ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда манфаатлар тўқнашувининг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ҳақида қўмитанинг Кадрлар бўлимига бир йилда бир марта хабар бериши шарт;

-Қўмитанинг кадрлар бўлими томонидан ҳар йили 15 январгача Қўмита ва тизим ташкилотларининг ходимларига, уларда манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги/йўқлиги ҳақида хабар бериш зарурлиги тўғрисида топшириқ берилади;

-Қўмита ва тизим ташкилотларининг ходимлари ҳар йили 15 февралгача манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги/йўқлиги ҳақидаги маълумотни кадрлар бўлимига такдим қилишлари лозим;

-Қўмита, ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотларининг кадрлар бўлимлари 10 мартгача манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини кўрсатган ходимларни аниқлаш учун манфаатлар тўқнашувининг мавжудлиги ёки йўқлиги ҳақида олинган маълумотларни таҳлил қилади;

-бундай ходимлар мавжуд бўлганда, улар ҳақидаги маълумотлар бевосита уларнинг раҳбарларига етказилади ҳамда қўмитанинг Одоб-ахлоқ комиссиясига ёки Коррупцияга қарши комплаенс назорат хизматига (агарда, Одод-ахлоқ комиссияси аъзоларида манфаалар тўқнашуви мавжуд бўлган тақдирда) юборилади;

-одоб-ахлоқ комиссияси ходимнинг бевосита раҳбари ва (зарурат бўлганда) ходим иштирокида 20 мартгача манфаатлар тўқнашуви ҳолатини кўриб чиқади ва манфаатлар тўқнашуви билан тавсифланадиган вазиятларни ҳал қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ёки манфаатлар тўқнашуви мавжуд эмаслиги ҳақида қарор чиқаради;

-манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги/йўқлиги ва уларни ҳал қилиш бўйича мўлжалланаётган чоралар ҳақидаги якуний қарор Одоб-ахлоқ комиссияси баённомасига киритилади ва тегишли ходимга етказилади. Манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш бўйича тасдиқланган чора-тадбирларни амалга ошириш устидан назорат қилиш бўйича жавобгарлик ходимнинг бевосита раҳбари зиммасида бўлади;

-қўмитанинг кадрлар бўлими 25 мартгача тизим ташкилотларининг кадрлар бўлимлари томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари реестрига киритиладиган манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳақидаги электрон маълумотларни жамлайди ва сақлайди;

-қўмита ва тизим ташкилотларининг кадрлар бўлимлари манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари реестрини тўлдиради, қўмитанинг кадрлар бўлими томонидан уларни жамлаш ишлари амалга оширилади;

-ҳар йили I чоракда қўмитанинг коррупцияга қарши комплаенс назорат хизмати қўмитанинг кадрлар бўлими томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш, аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича статистика таҳлилини қўмита раиси ва унинг тегишли ўринбосарига  кўриб чиқиш учун коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳисоботга киритади.

15. Мавжуд ёки потенциал манфаатлар тўқнашувининг келиб чиқиши факти бўйича маълумотларни ошкор қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

-Қўмита ва тизим ташкилотларининг ҳар қандай ходимида манфаатлар тўқнашуви келиб чиққанда, у бу ҳақда бевосита раҳбарига ҳақиқий ёки потенциал манфаатлар тўқнашуви сифатида тавсифланадиган ҳолатни батафсил баён этиб ёзма шаклда хабар бериши лозим;

-кўрсатилган маълумот ходимлар томонидан манфаатлар тўқнашуви келиб чиққан ёки ходимга манфаатлар тўқнашуви маълум бўлган пайтдан бошлаб 1 (бир) иш куни ичида ёзма шаклда такдим этилиши керак;

-ходимнинг бевосита раҳбари ходимдан ёзма хабарни олган пайтдан бошлаб 3 (уч) иш куни ичида манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги маълумотни кўриб чиқиши ва манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлганида ходимнинг манфаатлар тўқнашуви келиб чиқиш эҳтимоли ҳақидаги хабарномасида тегишли маълумотни тўлдириб, уни ҳал қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва қабул қилиш лозим;

-хабарнома ходим томонидан бир иш куни ичида Кадрлар бўлимига рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш учун тақдим этилади;

-кадрлар бўлими хабарномани олиб, бир иш куни ичида манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш бўйича кўрилган чораларнинг етарлилиги ва мақбуллиги ҳақида қарор чиқариш учун Одоб-ахлоқ комиссиясининг энг яқин вақтдаги мажлиси кун тартибига киритиши лозим. Одоб-ахлоқ комиссиясининг қарори мажлис баённомасига киритилади ва ходимга у тузилган пайтдан бошлаб уч иш куни ичида маълум қилинади. Қўмита Одоб-ахлоқ комиссиясининг аъзоси, агар унда комиссия мажлисида манфаатлар тўқнашуви кўриб чиқилаётган ходимга нисбатан манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлганда қарор қабул қилишда иштирок этмайди;

-агар манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ бўлган аниқ вазият Одоб-ахлоқ комиссиясининг аъзоларига алоқадор бўлса, бундай маълумотлар олинган кундан бошлаб бир иш куни ичида қўмита Коррупцияга қарши комплеанс-назорат хизматига тақдим этилиши лозим;

-ходимлар томонидан ошкор этилган мавжуд ёки потенциал манфаатлар тўқнашуви ҳамда уларни ҳал этиш бўйича кўрилган чоралар ҳақидаги маълумот қўмита Одоб-ахлоқ комиссиясининг мажлис баённомаси тузилганидан сўнг уч иш куни ичида ресстрда акс эттирилади.

4-боб. Манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш чоралари

16. Қўмита ва тизим ташкилотлари манфаатларининг бузилишини олдини олиш учун мавжуд манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш чоралари имкон қадар тезроқ амалга оширилиши лозим.

17. Қўмитада манфаатлар тўқнашувларини бошқаришда қуйидаги чора-тадбирлар белгиланиши керак:

-бевосита бўйсунадиган ходимни яқин қариндоши бўлмаган бошқа шахс бўйсинувига ўтказиш;

-манфаатлар тўқнашуви предмети бўлган масалаларни муҳокама қилишда ва улар бўйича қарор чиқариш жараёнида қатнашишдан ходимнинг ўз ихтиёрига кўра четлашиш/ўзини ўзи рад этиш ёки уни мажбуран (доимий ёки вақтинча) четлаштирилиши;

-манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик учун ходимнинг лавозим мажбуриятлари доирасини қайта кўриш;

-ходим томонидан унинг шахсий манфаатдорлиги бўлган ва манфаатлар тўқнашуви предмети бўлган Қўмита ва тизим ташкилотларининг маълумотлари ва ҳужжатларидан фойдаланилишини чеклаш;

-юқорироқ лавозимни эгаллаб турган яқин қариндош ва (ёки) алоқадор шахсга нисбатан лавозимни кўтариш, фаолиятини баҳолаш, мукофот пулларини тўлаш ва иш ҳаққига устамаларни ҳисоблаш, ўқишга ва тренингларга ҳамда ҳар қандай масалалар бўйича хорижга юбориш, меҳнат таътилига чиқишга розилик бериш ва иш ҳаққини назорат қилиш ҳақида жамоавий тарзда қарор қабул қилинишини таъминлаш;

-ходимни манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ бўлмаган меҳнатга оид функцияларни бажаришини назарда тутадиган лавозимга ўтказиш ва бошқа ҳолатлар.

18. Истисно ҳолатларда, ушбу Низомнинг 14-бандида санаб ўтилган чоралар манфаатлар тўқнашувини тўлиқ тартибга солмаган тақдирда, қуйидагича тартибга солиш чоралари кўрилиши мумкин:

-ходимни Қўмита ва тизим ташкилотларининг манфаатларига тўқнаш келадиган шахсий манфаатдорлигидан воз кечиши;

-ходимни Қўмита ва тизим ташкилотларининг манфаатларига тўқнаш келадиган шахсий манфаатдорлигидан воз кечмаганда уни ишдан бўшатиш (меҳнат шартномасини бекор қилиш)га тавсия бериш.

19. Ҳар бир вазиятда, манфаатлар тўқнашуви пердметини белгилаб берадиган фактдан келиб чиқиб, ходим билан Қўмита ва тизим ташкилотларининг келишувига кўра уни ҳал қилишнинг бошқа чоралари кўлланилиши мумкин. Кўриладиган барча чоралар қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши ва мазкур Низомда белгиланган тамойилларни амалга оширишни таъминлаши лозим.

5-боб. Ахборотнинг конфеденциаллиги

20. Манфаатлар тўқнашувини ҳал қилишда қатнашадиган ходимлар олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши ва ушбу маълумотлардан фақат кўриб чиқиш, ҳисобга олиш ва ҳал этиш чораларини кўриш ҳамда ушбу жараённи назорат қилиш учун масъул бўлган шахслар томонидан фойдаланилишини таъминлаши лозим.

21. Фуқаролар ва юридик шахслар томонидан ходимларида манфаатлар тўқнашуви факти ёки гумони ҳақидаги хабар билан Қўмита ва тизим ташкилотларига мурожаат қилинганида уни кўриб чиқиш Қўмита ва тизим ташкилотларининг кадрлар бўлими томонидан амалга оширилади.

6-боб. Реестрни юритиш ва сақлашга қўйиладиган талаблар

22. Қўмита ва тизим ташкилотларининг кадрлар бўлимлари манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг ҳисобини мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ Реестрга киритиш йўли билан юритишлари шарт. Улар Реестр ўз вақтида ва тўлиқ юритилмаганлиги учун жавобгар ҳисобланадилар.

23. Қўмита ва тизим ташкилотларининг кадрлар бўлимлари манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни реестрни ҳар чоракда (ёки заруратга кўра) йиғиш ва умумлаштириш йўли билан тўплаши лозим.

24. Маълумот реестрга қуйидаги ҳолларда киритилиши керак:

-Қўмита ва тизим ташкилотларига ишга қабул қилишда –Одоб-ахлоқ комиссияси баённомаси тузилган пайтдан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан, агар номзод манфаатлар тўқнашувининг мавжудлиги/ йўқлиги ҳақида аризада манфаатлар тўқнашувининг мавжудлигини кўрсатган бўлса ва Одоб-ахлоқ комиссияси манфаатлар тўқнашуви келиб чиқиши мумкинлиги фактини тасдиқласа;

-лавозимга тайинлаш/ротация вақтида манфаатлар тўқнашувини ошкор қилишда – Қўмита ва тизим ташкилотининг раҳбари томонидан буйруқ имзоланган пайтдан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан;

-манфаатлар тўқнашуви келиб чиқишига кўра – қўмита Одоб-ахлоқ комиссиясининг баённомаси тузилган пайтдан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан, агар Одоб-ахлоқ комиссияси манфаатлар тўқнашуви келиб чиқиши мумкинлиги фактини тасдиқласа;

-ходимлар томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги маълумотлар ҳар йили декларация қилинганда – мазкур Низомнинг 12-бандига мувофиқ;

-манфаатлар тўқнашувининг мавжудлиги ҳақида алоқа каналларидан олинган маълумот тасдиқланган ҳолларда, ички хизмат текширувлари ўтказилганда ҳамда қўмитанинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати ва талабларига риоя қилиниши мониторинг қилинганда қўмитанинг коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати томонидан Реестрга маълумот киритиш ҳақида кўрсатма бўлганида;

-ходимларнинг манфаатлар тўқнашувига тегишли бўлган ариза ва хабарномалари ҳамда бошқа маълумотлар қўмита ва тизим ташкилотларининг кадрлар бўлимида сақланиши шарт.

7-боб. Жавобгарлик

25. Барча ходимлар эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, ушбу Низомнинг талабларига риоя қилиш, шунингдек, ўз манфаатларининг тўқнашуви тўғрисида Қўмита ва тизим ташкилотларига ўз вақтида ва тўлиқ маълумот бериш бўйича шахсан жавобгар ҳисобланади.

26. Манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари келиб чиққан ходимлар тегишли маълумотни таҳлил қилиш ва бошқа текширишларни ўтказишда Қўмита ва тизим ташкилотларининг масъул шахсларига кўмаклашишлари лозим.

27. Ходимнинг манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни яшириши ва (ёки) қасддан ўз вақтида ёки тўлиқ ошкор этмаслиги, Қўмита ва тизим ташкилотлари манфаатларининг бузилишига олиб келганлиги ёки олиб келмаганлигидан қатъи назар, қабул қилинган ахлоқий нормалар, меҳнат интизоми ҳамда қўмита ва тизим ташкилотларининг ички талаблари бузилиши сифатида қаралади.

28. Манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги маълумотларни умумлаштириш, кўриб чиқиш ҳамда манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича маъсул ходимлар, шу жумладан ушбу маълумотлардан фойдаланиш ваколатига эга ходимлар томонидан ахборотнинг конфеденциаллигини ҳар қандай кўринишда бузилиши шу ходимни интизомий жавобгарликка торитиш учун асос бўлади.

29. Ходимда у онгли равишда мазкур Низомда белгиланган тартибда масъул мансабдор шахсларга хабар бермаган, хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаслигига олиб келган ва (ёки) қўмита ва тизим ташкилотлари манфаатларининг бузилишига олиб келган манфаатлар тўқнашуви аниқланганда, бундай ходим Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ва қўмита ва тизим ташкилотларининг ички ҳужжатларида белгиланган асосларда ва тартибда интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.

30.Қўмитанинг кадрлар бўлими, коррупцияга қарши комплаенс-назорат хизмати ходимлари, Одоб-ахлоқ комиссияси аъзолари ҳамда манфаатлар тўқнашувини бошқариш жараёнида иштирок этувчи бошқа масъул ходимлар мазкур Низом ҳамда қўмитанинг бошқа ички норматив ҳужжатларига кўра, ўзларига юклатилган вазифаларни белгиланган тартибда, холисона бажариш учун масъул ҳисобланадилар.