Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида коррупцияга қарши курашиш дастури

1.Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб юритилади) тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг содир этилишига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш
ва бартараф этиш қўмитанинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

2.Қўмита тизимида қонунийликни таъминлаш, ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш Дастурнинг асосий мақсадидир.

3.Қуйидагилар қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги асосий вазифалар ҳисобланади:

-коррупцияга қарши курашишда қўмита тизим ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

-коррупцияни келтириб чиқарувчи хавфни баҳолаш ва бошқариш;

-ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, тизимда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;

-коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлашга, уларни олдини олишга ва чек қўйишга, оқибатларини, шунингдек ушбу иллатларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир
чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлаш;

-коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғиш ҳамда таҳлил этиш;

-коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

-коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни таъминлаш.

2-бўлим. Қўмита тизимининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир ташкилий чора-тадбирлар

4.Қўмита ва тизим ташкилотларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажарилишида коррупцияга йўл қўймаслик, коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги мезонларини ва унинг сифатини баҳолаш тизимларини жорий этиш.

5.Қўмита ва тизим ташкилотлари фаолиятида коррупция келтириб чиқариш хатарлари мавжуд бўлган соҳаларни аниқлаш мақсадида фуқаролар ўртасида қўмитанинг сайти ва ижтимоий тармоғидаги саҳифасида “Коррупцияни бирга енгамиз” мавзусида ижтимоий сўровни ўтказиш
ва сўров натижаларини таҳлил қилиб унинг омилларини бартараф этишга қаратилган “йўл хариталарини” ишлаб чиқиш.

6.Қўмита тизимида коррупцияни келтириб чиқарувчи хавфни аниқлаш
ва бошқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

7.Бўш иш (вакант) ўринларини ички тартиб қоидаларга кўра ҳамда
“vacancy.argos.uz” портали орқали танлов асосида тўлдириш ва лавозимга тайинлаш шартларини белгилаш.

8.Ходимларнинг танлов ёки суҳбат ўтказилиш жараёнида жамоатчилик вакиллари иштирокини, шунингдек, видеоёзув тарзда ўтказилишини жорий қилиш орқали шаффофликни таъминлаш.

9.Қўмита ва тизим ташкилотларида ишлаётган ходимларни жой-жойига қўйиш бўйича масалаларни қайта кўриб чиқиш. Бунда узоқ вақт давомида битта лавозимда ишлаб самарали фаолият олиб бораётган ходимларни аниқлаш ва уларни камида бир поғона юқорироқ лавозимларга ўтказиш амалиётини қўллаш бўйича таклифлар тайёрлаш.

10.Қўмита ва тизим ташкилотлари ходимларининг ижтимоий аҳволини ўрганиб бориш тизимини жорий этиш. Бунда кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва кўп болали ходимлар рўйхатини шакллантириш ва уларнинг ҳолидан хабар олиб туриш ҳамда заруриятга кўра, моддий жиҳатдан таъминлаш чораларини кўриб бориш бўйича таклифлар тайёрлаш.

11.Қўмита ва тизим ташкилотларида товар-моддий бойликларнинг адолатли тақсимланишини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш. Бунда ходимларнинг иш ҳажми ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, хизмат автомобиллари ва бошқа моддий бойликлардан фойдаланиш тартибини белгилаш.

12.Давлат харидлари бўйича ҳар бир товар позицияси кесимида харид нархларини вилоятлар ва республика бўйича таҳлил қилиб бориш, нархларни энг мақбул бўлишига эришиш.

13.Давлат харидлари бўйича ахборотнинг ошкоралиги ва эркинлигини ошириш мақсадида давлат харидлари тўғрисидаги барча ахборотларни тўплаш, унга ишлов бериш ва уни таҳлил қилишни ҳамда барча манфаатдор шахсларга ундан фойдаланишни таъминлайдиган ягона маълумотлар базасини ташкил қилиш.

14.Қўмита ва тизим ташкилотларида ходимларга ҳақ тўлаш ва ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини мониторинг қилиш имкониятини яратиш, ходимлар учун шикоятлар бериш имкониятини кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

15.Қўмита ва тизим ташкилотларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ маълумотларни (давлат харидлари билан боғлиқ шартномалар рўйхатини) қўмита ҳамда тизим ташкилотларидаги веб-сайтларида эълон қилиб бориш.

16.Давлат харидларида “комплаенс-назорат” тизимини такомиллаштириш.

17.Қўмита ва тизим ташкилотлари фаолиятида, коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида таклифлар тайёрлаш.

18.Қўмита ва тизим ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ва таҳлил қилиш. Бунда мураккаб бўлган давлат хизматларини соддалаштириш, коррупциявий бўшлиқлари мавжуд бўлган нормаларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

3-бўлим. Қўмита тизимида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш

19.Қўмита тизимида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш ва тарқатиш.

20.Қўмита тизими ходимларига коррупциянинг жамият ва мамлакат равнақи учун ўта салбий иллат эканлигини тарғиб қилишга қаратилган ўқув материаллари тайёрлаш ва тарқатиш.

21.Коррупцияга қарши курашиш мавзуси доирасида ижтимоий видеороликлар тайёрлаш ҳамда коррупция, ҳалоллик, тўғрилик, қонунга ҳурмат, адолат тантанаси мавзуларида тарғибот материаллари, дидактик материаллар, мультипликацион фильмлар тайёрлаш.

22.Қўмита тизимида “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” тадбирларини ташкил қилиш.

4-бўлим. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш ҳамда имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш

23.Қўмитанинг веб-сайтида ходимлар устидан шикоят қилиш имконини берувчи махсус саҳифа очиш, келиб тушган шикоятларни мунтазам таҳлил қилиш ва натижалари бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлаш механизмини йўлга қўйиш.

24.Қўмита ва тизим ташкилотлари маъмурий биноларида жисмоний ва юридик шахслар ёки уларнинг вакилларини қабул қилишда видео ва аудиога ёзиб олиш тизимини жорий этиш орқали шикоятлар келиб тушишини олдини олиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

25.Қўмита ва тизим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида коррупциянинг ҳолатини, унинг жиҳатларини, кўламини, ўсиш суръатларини ҳамда тенденцияларини, шунингдек коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини қўмита марказий аппарати, ҳудудий ва тасарруфий ташкилотлар кесимида ўрганиш юзасидан тадқиқотлар ўтказиш.

26.Қўмита ва унинг тизимида мансаби юқорироқ бўлган ходимнинг шахсий ишларини (кўчадаги ишларни битиртириши, фарзандини таълим муассасасидан олиб келтириши ва ҳ.к.) амалга ошириши учун ўзидан пастроқ лавозимда бўлган ходимга кўрсатма берганлиги юзасидан мониторинг ўтказиш режасини ишлаб чиқиш ва натижаси бўйича тегишли мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш.

27.Қўмитага мурожаат қилувчилар томонидан кўрсатилган хизмат сифатини баҳолаш тизимини жорий этиш.

28.Ҳудудий ва тасарруфий ташкилотлар ходимлари билан йилида камида бир марта қўмита томонидан профилактик суҳбат ўтказиш тартибини жорий этиш.

29.Қўмита ва унинг тизимида хизматларнинг махфийлигини сақлаган ҳолда реал вақт режимидаги масофавий марказлаштирилган аудио
ва видеокузатув тизимини жорий этиш.

30.Қўмита ва тизим ташкилотлари мансабдор шахслари томонидан содир этилган коррупцияга оид хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар берган шахсларни мукофотлаш тартибини жорий этиш.

31.Ваколатли ходимлар томонидан бошқа ташкилотларда ўрганиш ўтказишда одоб-ахлоқ қоидаларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш. Бунда ўрганиш ўтказилаётган ташкилот ходимлари билан бирга умумий овқатланиш жойларига боришни тақиқлашни назарда тутиш.

32.Хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни белгиланган тартибда қоплашнинг қатъий механизмини белгилаш. Бунда ҳудудий ва тасарруфий ташкилотларга комплекс текшириш учун юборилган ҳодимларга хизмат сафари ҳаражатлари учун ажратиладиган маблағларни кўпайтириш ҳамда йўл ҳаражатлари, меҳмонхона ва овқатланишга ишлатилган маблағларни фақатгина ҳодимнинг пластик карточкасидан тўланганлигини тасдиқловчи чеклар тақдим этилганда ушбу ҳаражатларни қоплаб бериш тизимини жорий этиш бўйича таклифлар киритиш.

5-бўлим. Дастурнинг қабул қилинишидан кутилаётган натижалар

33.Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида коррупцияга қарши курашиш дастурини амалга оширишдан қуйидаги натижалар кутилмоқда:

-қўмита тизим ташкилотларида коррупция, манфаатлар тўқнашуви ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниши;

-қўмита тизимидаги ташкилотлар фаолиятининг очиқлигига эришилиши ва зиммасига юклатилган вазифалар ижросига нисбатан ходимлар масъулиятини янада ортиши;

-қўмита ва тизим ташкилотлари мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари фаолияти самарадорлиги янги мезонлар асосида баҳоланиши;

-қўмита ва тизим ташкилотлари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятидаги одоб-ахлоқининг юксалиб бориши;

-қўмита ва тизим ташкилотлари фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг самарадорлигини таъминлаш.