Кўчатларни экиш
КЎЧАТЛАРНИ ЭКИШ
Тупроқни ҳайдалма қатламига керакли чуқурликда ишлов берилиши дарахтларнинг ўсиб ривожланишига қулай шароит яратади. Тупроққа чуқур ишлов бериш ўсимликнинг илдиз тизимининг ривожланишини яхшилайди. Айрим адабиётларда дарахт турлари органик моддани маданий ва қишлоқ хўжалиги экинларидан кўра кам талаб этади. Демак уларни озиқ элементлари кам бўлган тупроқларга экса ҳам бўлаверади, деган нотўғри фикрлар учрайди. Шуни таъкидлаш керакки, дарахтлар ривожланишининг ҳар хил босқичида озиқ элементларни турлича талаб этади. Айниқса, ўсиш даври кучайган пайтда (10 ёшдан кейин) минерал моддаларни жуда кўп талаб қилади. Чунки бу даврда барглар, новдалар кучли даражада шаклланаётган бўлади. Бу даврда озуқа моддаларнинг етишмаслиги уларнинг касалланишига олиб келади, яъни ўсиши секинлашиб тепа қисми қурий бошлайди. Бу ҳолат дарахтга озиқ элементларнинг етишмаслигидан дарак беради. Кўчатлар экишда ва уларни парваришлашда бу ҳолатга албатта эътибор қаратиш керак. Баъзан, кўчатлар экилгандан кейин дастлабки йиллар ўсиши тезлашиб, кейинчалик секинлашиб боради. Мисол учун, оддий эман озиқ элементлари кам, қумли тупроқларга экилган бўлса, ёшлигида жадаллик билан ўсади, кейинчалик тупроқдан етарлича озиқ элементларини ололмасдан ўсиши секинлашади. Тупроқнинг унумдорлиги дарахтларнинг ўсиб ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Масалан, 100 ёшли қрим қарағайи озиқ элементларга бой тупроқларда (биринчи бонитет) бўйи 35 м гача етади. Унумдор тупроқларда дарахтларнинг яхши ривожланишини уларнинг шох-шаббаларининг эртароқ шаклланиши ва бошқаларига нисбатан қалинроқ бўлиши билан ҳам изоҳлаш мумкин.
Дарахтларнинг нормал ривожланиши учун яна бир муҳим омил – бу тупроқнинг физикавий шароитларидир. Тупроқ қанча юмшоқ бўлса, дарахт илдиз тизимининг ўсиши, шохланиши учун қулай шароит яратилади. Масалан, қорақарағайнинг илдизи одатда горизонтал шаклда тарқалади, лекин айрим юмшоқ тупроқларда илдиз вертикал ўсиб ҳатто ўқилдизни ҳам шакллантириши мумкин.
Дарахтларнинг сув билан таъминланишида ҳам тупроқнинг физикавий хусусиятлари муҳим аҳамиятга эга. Маълумки, қумли тупроқлар ўзида намликни кам ушлаб қолади, лойли оғир қумоқ тупроқлар эса намликни кўп сақлаб туриш эвазига дарахт илдиз тизими ривожланишига яхши таъсир этади.
Дарахтларнинг озиқ элементларига бўлган талаби уларнинг турларига қараб турлича бўлиши мумкин. Пенсилван шумтоли, майда баргли қайрағоч, майда баргли жўка, қорақарағай (ель) дарахтлари озиқ элементларига бирмунча талабчан дарахтлар ҳисобланади. Оддий эман дарахти ҳар хил тупроқ шароитларида ўсиши билан бошқалардан ажралиб туради. Уни тоғларнинг қуруқ қияликларида, шўрхок тупроқларда, бўз тупроқларда, дарё ёқаларидаги чириндига бой тупроқларда, қумли тупроқларда учратиш мумкин. Оддий эманнинг илдиз тизими яхши ривожлангани учун илдизлари 5-6 м чуқурликкача етиши мумкин.
Сувсизликка чидамли дарахт турлари (чаканда, дала заранг, айлант, оқ терак, майда баргли қайрағоч, пенсилван шумтоли япон тухумаги ва бошкалар)ни одатда қурғоқчил тупроқларга экиш тавсия этилади.
Оқ қайин сернам тупроқларни яхши кўради, сохта каштан майда баргли жўка, оддий шумурт (черемуха) унумдор тупроқларда яхши ўсади, фақат вақтида суғориб турилиши талаб этилади.