Давлат рамзлари

Кўчатларга талаблар

КЎЧАТЛАРГА ТАЛАБЛАР

       Экиладиган кўчатлар сифатли ва стандартга мос бўлиши шарт: штамби ва шох-шаббаси керакли катталикда, шакли ва ривожланиши нормал ҳолда бўлиши талаб этилади. Қийшиқ, синган, шилинган бўлмаслиги, илдиз тармоғи қалин, зич, бир текисда бўлиши зарур. Кўчатнинг сифати ижобий натижанинг гаровидир. Кўча ва хиёбонларга экиладиган кўчатлар алоҳида сифатли бўлиши шарт. Гуруҳ ва якка ҳолда экиш учун йирикроқ кўчатлар илдиз тупроғи билан экилади. Йирик ўлчамли япроқ баргли кўчатларнинг бўйи 3,5-4,0 м (5-6 ёшли), нина баргли дарахт кўчатларининг бўйи 2,0-2,5 м (4-5 ёшли) га етган экиш тавсия этилади. 

1-расм. Дарахт ва буталарни гуруҳларга бўлинган ҳолдаги умумий кўриниши

Кўкаламзорлаштириш ишлари тасдиқланган лойиҳа бўйича олиб борилади, у ўз ичига майдонни текислашни (яшил дарахтзорларни жойлаштириш, йўллар ва майдончалар, иншоотлар, ускуналар ва бошқалар), кўчат экиш режасини, экиш жойларини, дарахт, бута, яшил деворлар, гуллар ва бошқалар ҳамда уларнинг ассортиментларини ўз ичига олади.

      Кўчат экишда шуни ҳисобга олиш керакки, маълум бир майдон бирлигига экиладиган дарахтлар ва буталар сони, уларнинг орасидаги нисбати, экиш характери, объектнинг иқлим шароитига қараб ўзгариши мумкин. Катта боғлар, паркларда дарахтларнинг сони буталарникига нисбатан ортади. Дарахтларнинг сони 1 гектар майдонга 350-500 та ва ундан кўпроқ, буталарнинки эса 2-3 минг дона бўлиши мумкин. Қалин экиш (1 гектар майдонга 1000-2000 та) катта шакллантирувчи аҳамиятга эга бўлсада, дастлабки йиллари юқори сифатли парваришни ва яганалашни талаб этади. Шунинг учун қалин экиш тавсия этилмайди.

2-расм. Истироҳат боғлари ва хиёбонларда йўлакларни жойлашиши бўйича умумий кўриниши

Ассортиментни танлашда шуни ҳисобга олиш керакки, тез ўсувчан дарахтлар, тўлиқ сифатли манзара бериши экишдан кейин 5-6 йил ўтиб беради (секин ўсувчилар эса 10-12 йилдан кейин). Буталар кўчатлари экилгандан 1-2 йилдан кейин самарали манзара бера бошлайдилар. Шу сабабли биринчи йиллари аввало буталарга, кейинчалик секин ўсувчи дарахтларга эътибор қаратилади.

       Кўчатлар қуйидагича бўлиши мумкин: гуруҳ, якка-якка (солитер), хиёбонларда икки қатор дарахт ва буталар экилади.

       Гуруҳ ҳолда дарахтлар экилганда уларни турига қараб 4-7 м,  буталар 1,5-3,0 м оралиқда, қуёшсевар ўсимликларни очиқроқ ерга, соясевар ўсимликларни панароқ ерга  экиш тавсия этилади.

3-расм. Ландшафт дизайнига мослаб экилган кўчат ва буталарнинг умумий кўриниши.  

 Якка (солитер) ҳолда экилган дарахтларни майсазорнинг очиқ майдонларига жойлашади. Солитер сифатида биринчи навли йирик, юқори манзарали дарахт турлари экилади: япроқ барглилардан йирик баргли жўка, оддий эман, оқ қайин, сохта каштан, ипак акацияси, мажнунтол, гўзал катальпа, канада багряниги; нина барглилардан ғарб туяси, қора қарағай, виргин арчаси, қрим қарағайи, элдор қарағайи, шарқ биотаси (платикладус). 

         Икки қаторли экишни йўлнинг бўйида ёки кўчаларда амалга ошириш мумкин.   Дарахтларнинг   бир-бирига  оптимал  оралиғи 5-7 м. Қуюқ соя берувчи хиёбонларни барпо этишда йирик баргли жўка, ўткир баргли заранг, сохта каштан, гўзал катальпа, пенсилван шумтоли, майда баргли қайрағоч, қоғоз дарахти, чала соя берувчи хиёбонларни барпо этишда дала заранги, ипак акацияси, канада багряниги, қрим қарағайи, элдор қарағайи, қора қарағайи, виргин арчаси ва бошқа шох-шаббалари сийрак дарахтлар қўлланади.