Давлат рамзлари

Истироҳат боғлари, хиёбонлар ва автомобил йўлларида манзарали дарахтларни экиш, парваришлаш, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш ҳамда шакл бериш

ИСТИРОҲАТ БОҒЛАРИ, ХИЁБОНЛАР ВА АВТОМОБИЛ ЙЎЛЛАРИДА МАНЗАРАЛИ ДАРАХТЛАРНИ ЭКИШ, ПАРВАРИШЛАШ, ЗАРАРКУНАНДА ВА КАСАЛЛИКЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ ҲАМДА ШАКЛ БЕРИШ

 

      Кўкаламзорлаштириш соҳасида кўп йиллар мобайнида олиб борилган тадқиқотлар асосида манзарали дарахтзорларда кўчатларни турлича экиш схемаси тавсия этилади. Шаҳарларда ва Автомобил йўллари чеккаларини кўкаламзорлаштириш учун йирик штамбли кўчатлардан фойдаланилади.  Асосан 4 метр баландликда ва диаметри 5-10 см бўлиб илдиз тупроғи (коми) тана диаметрини 10 барбари олинади.  Илдиз тупроғи билан кўчатларни ташишда турли контейнерлар мавжуд.   Йирик кўчатларни экиш чуқурини аввалдан тайёрлаб қўйилади.  

Манзарали дарахтлар кўчатлари барглар тўкилгандан сўнг кеч кузда ёки баҳорда вегетация бошланмасдан экилади. Баҳорда ишларни тезлатиш учун экиладиган жойларни тайёрлаш ва чуқурчаларни қазиш ишлари кузда бажарилади. Экиш учун чуқурчаларни қўлда ёки машина ёрдамида қазилади. Чуқурчаларнинг катталиги шундай бўлиши керакки, унда илдиз тармоқлари бемалол жойлашиши лозим (50×50×50 см дан 70×70×70 см гача). Кўчатлар икки-уч ёшли  ва стандарт бўлиши керак. Улар яхши ривожланган, механик зарарланмаган бўлиши зарур. Экишдан олдин зарарланган илдизлар кесиб ташланади, сўнг илдиз қисмини лой ва гўнг аралашмасидан иборат бўлган қуюқ массага ботириб олинади.

Озиқлантириш. Экишдан 6-8 кун олдин чуқурчаларга 10 кг чириган гўнг ёки 300 г, суперфосфат, 60 г калийли туз ва 60 г аммоний сульфати солинади. Ушбу миқдорнинг ярми чуқурча тубига, иккинчи ярми юқоридаги чириндили тупроқ билан аралаштирилади ва у билан чуқурга солинади. Экилгандан сўнг атрофига айлана шаклда ариқчалар олинади (1,0-1,2 м диаметрли) ва яхшилаб суғорилади. Илдиз бўғизи очилиб қолса уни тупроқ билан беркитиб қўйилади. Қуриб қолган кўчатларни ўрнига кузда ёки кейинги йилги баҳорда янгилари экиб қўйилади.

Яшил дарахтзорларда тутунга ва газга чидамлилигини ошириш усулларидан бири уларга парваришлаш даврида минерал ўғитларни беришдир. Суғориладиган ерларда  кўчатларини остига 90-120 кг дан азот ва фосфор (270-360 кг аммиакли селитра ёки 45-60 кг аммоний сульфати ва 450-660 кг оддий донадор суперфосфат) берилади.

Суғориладиган ерларда 150 кг/га азот (450 аммиакли селитра ёки 750 кг аммоний сульфати) ва 120 кг/га фосфор солинади (600 кг/га суперфосфат). Суғорилмайдиган жойларда 60-90 кг/га азот (180-270 кг аммиакли селитра ёки 300-450 кг/га аммоний сульфати), 60 кг/га фосфор (335 оддий суперфосфат) ва 30 кг/га калий (75 кг/га калий тузи) берилади.

Суғориладиган ерларда минерал ўғитларни беришнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуддир. Уларни ўғитлаш дарахтзорларни суғориш билан боғлиқ. Шунинг учун азотли ва фосфорли ўғитларни уч марта берилади – апрел, май ва  июнда.

Апрелда 50 % азот ва фосфор, қолганлари эса май ва июнда – иккинчи суғоришдан олдин берилади. Калий тузларининг 50 % и ёзги озиқлантириш шаклида солинади. Уч йил кетма-кет ўғитлар берилади. Уларнинг таъсири кейинги 3-4 йилда ҳам намоён бўлади.

Дарахтзорлардаги ёш экинларида барча майдон ўғит солиш мақсадга мувофиқ эмас, чунки ёш ниҳоллар илдиз тармоғи тарқалган майдондаги озиқ моддалардан фойдаланадилар. Шу боисдан чегараланган майдонга яъни кўчатлар атрофида 1–1,5 м диаметрда ўғит бериш лозим. Ўғитларни юқори агротехник фонда айниқса вақтида суғорилганда, тупроқ юмшатилганда ва бегона ўтларга қарши кураш олиб борилганда бериш мақсадга мувофиқдир.

Манзарали дарахт кўчатларини яхши ўсиши ва ривожланиши учун вегетация давомида тупроққа ишлов бериш, суғориш, ўғитлаш, дарахтларнинг шох-шаббасига шакл бериш, бегона ўсимликларни олиб ташлаш, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш тадбирларини ўз вақтида олиб бориш лозим бўлади.

Яшил дарахтзорларда тупроқ юмшоқ ва тоза ҳолда сақланиши керак, бегона ўтлар бўлмаслиги зарур. Бунинг учун қаторлар ичи ва қаторлар оралиғи тупроғи юмшатилади, йиллик ёнғингарчилик миқдори 800-850 мм дан кам бўлган районларда кўчатлар суғориб турилиши лозимдир. Биринчи йиллари 6-8 марта 600-700 м3/га миқдорда сув берилади, кейинги йиллари 4-5 марта 900-1000 м3/га миқдорда суғорилади. Новдалар тўлиқ ёғочланиши учун суғориш августнинг иккинчи ярмида тўхтатилади. 

Суғорилмайдиган жойларда парвариш ишлари тупроқда намликни сақлашга қаратилиши лозим. Баҳорда ер (қаторлар ораси ва қаторлар ичи) ҳайдаланади, азотли ўғитлар қўшилади, сўнг 1-2 марта култивацияланади, намликни йиғиш учун тупроқ кузда ҳайдалади ва фосфор – калий ўғитлар берилади. 

Янги экилган дарахт кўчатлари илдиз олиб кетгунча ўз вақтида суғориб турилиши лозим.

Асосий заракунанда ва касалликларга қарши кураш чоралари. Кўкламзорлаштирилган худудлардаги бир қанча дарахт турлари, жумладан нина баргли ва япроқ баргли, бута ўсимликларнинг санитар ҳолати хозирда хам қониқарсизлигича қолмоқда. 

Яшил ҳудудларга асосан баргхўр, сўрувчи, тана зараркунандалар ва касалликларда занг, қўнғир доғланиш, ун шудуринг, парша, цитоспороз замбуруғлик касалликлар катта зарар келтирмоқда.

Заракунанда ва касалликлар оммавий кўпайиш йилида ўсимликларни нафақат зарар келтирибгина қолмай, балки уларнинг нобуд бўлишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Ҳозирги кунда тавсия этилаётган кўплаб усуллар ичида кимёвий курашга муқобил вариант сифатида микробиологик кураш усуллари ҳам тавсия этилмоқда. Микроорганизмлар ва улардан тайёрланган биопрепаратларни касаллик ва зараркунандаларга қарши қўллашда инсон организми, иссиққон жонзотлар, чанглатувчи хашоратлар умуман олганда атроф мухит учун безарар усуллардан ҳисобланади.

Шаҳар ҳудудидаги ўсимликларда тарқалган асосий зараркунанда ва касалликларга қарши биологик кураш чора-тадбирлари: баргхўр заракунандаларга биологик препаратлардан Престиж гектарга 4-6 литр сарф меъёрида,   сўрувчи заракунандаларга Престиж плюс ёки Лепидоцид гектарига 1-1.5 литр  сарф меъёрида мавсум давомида 2-3 маротаба ишлов бериш тавсия этилади.

Занг, қўнғир доғланиш, ун шудринг, парша, цитоспороз замбуруғлик касалликларига Спорангин гектарига 4-6 литрсарф меъёрида ёки Фитолавин гектарига 1-2 литр сарф меъёрида мавсум давоиида 2-3 маротаба ишлов бериш тавсия этилади.

Буташ турлари. Дарахтларни буташ 3 хил мақсадда амалга оширилади: шакл бериш, санитар ва яшартириш. 

  Шакл бериш учун буташ қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

  • Дарахт шакли ва кўрининиши манзарали ҳолатга келтириш;
  • Дарахтларнинг ўсиши давомида: электр ёки телефон симларига халақит берган тақдирда; бинолар деразаларига ҳаддан зиёд соя ташлаб турган бўлса; қимматбаҳо манзарали дарахт ва буталар ўсиб ривожланиши учун ёруғликни тўсиб турган бўлса; гулзорлар ва чим экилган майдонлар қуюқ сояда қолиб кетган бўлса амалга оширилади. 

      Санитар буташ қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

  • Касал, қуриб бошлаган, чала синган, осилиб хунук ҳолатга келиб қолган новдаларни олиб ташлаш;
  • Чирмашиб, чалкашиб қийшиқ  ўсаётган новдаларни кесиш;
  • Дарахт штамбидаги майда бачкилардан холос этиш;
  • Дарахт новдалари орасидан ёруғлик ва шамол ўтишини тенг тақсимлаш мақсадида новдаларни сийраклаштириш.

     Яшартириш учун буташ қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

  • Дарахт физиологик қариш даражасига етганда, яъни у йиллик ўсишдан тўхтаган даврда;
  • Дарахтнинг тепаси ва айрим новдаларнинг учлари қурий бошлаганида;
  • Дарахт манзарали кўринишини йўқотаётганда;
  • Болалар майдончасига, пиёдалар йўлакларига, уйларнинг ва хизмат ташкилотларининг чиқиш қисми ва томларига қийшайиб синиб тушиш хавфи бўлган дарахт новдаларини бартараф этилади.

Шох-шаббаси 5-6 йил давомида шакллантирилади, санитар мақсадида кесишлар ўтказилади. Штамб баландлиги 70-80 см, кучли ўсувчи навларда эса 110-120 см бўлади. Кучсиз новдалар олиб ташланади. Фақат яхши ривожланганлари қолдирилади, улар тананинг ҳамма томонларида жойлашиши керак ва ўсганида бир-бирига ҳалақит бермаслиги лозим. Ушбу новдаларда ярим скелетли ва ўсувчи новдалар шакллантирилади, буларда ҳосил пайдо бўлади.

Дарахтларнинг ёши ошиб бориши билан, қариши бошланган даврида ва новдаларини совуқ урса ёки қуриб қолса, унда улар кўпроқ калта қилиб кесилади, сўнг шох-шаббаси тўғриланади ва кейинчалик одатдаги кесиш ишларини бажарадилар. Шох-шаббага парвариш ишларини бажаришда биринчи навбатда қуриётган новдалар.

Шох-шаббасини ичига қараб ўсаётганлари, ҳамда бир-бирига тегиб турганлари, кучсизлари кесиб ташланади. Илдиз бўғизидан ўсиб чиққан бачки новдалар кесиб ташланади. Новдаларни баҳорда, шираси ҳаракати бошланмасдан олдин кесилади. Чунки бироз кечиктирилса кесилган жойдан шарбатлари оқиб туриши кузатилади.

Агар йўғон новдалар кесиладиган бўлса, у ҳолда кесилган жойга ёғли буёқ суртилади, акс ҳолда кесилган жойда зараркунандалар ва касаллик пайдо бўлиб шохни чиришига олиб келади.

Шох-шаббасига шакл бериш ва зичлантириб экилган турларни ортиқча шохларини кесишда мевачиликда қабул қилинган тавсияларга риоя қилинади. Дарахт штамбини ва скелетли шохларини қуёш нуридан сақлаш учун кузда уларга сўндирилган оҳак, лой ва гўнг аралашмаси суртилади.

Дарахтларнинг новдаларини қисман кесиб шакл бериш ўсувчи новдаларни кучайтириш билан бирга гуллашига ҳам  ижобий таъсир этади. Бунда кесиш учун дарахтнинг ривожланмаган новдалари танланади. Дарахтнинг ёши улғайганидаган кейин қари новдалар кесиб, ёш новдаларнинг ўсишига шароит тайёрланади. Бунда қариган новда асосий поядан ярим метр қолдириб кесилади, яъни кесилган жойдан кейинчалик янги новдалар ўсиб ривожланишига шароит яратилади. 

Дарахтга шакл бериш ишлари куз ва қиш ойларида бажарилади. Кесилган жойдан дарахтнинг шираси чиқиб кетмаслиги учун ёғли бўёқ суртиб қўйилади. Кесилган новдадан эрта баҳорда янги новда бачкилари ривожлана бошлайди. Улар орасидан яхши ривожланган 2-3 та новдачаларни қолдириб бошқалари кесиб ташланади.

Оқ тут, қоратут, оқ терак, мажнунтол ва шунга ўхшаш дарахтларни яшартириш мақсадида эски новдалари қариган даврда қисқартирилади. Бу тадбирларни амалга оширгандан сўнг дарахт атрофидаги ернинг ҳайдалма қатламига компост билан ишлов бериш, баҳорда эса гўнг шарбати аралаштириб суғориш яхши самара беради.

4-расм. Йирик шохларни кесиш

Хиёбон ва истироҳат боғлардаги манзарали дарахтларга шакл беришда уларнинг бўйи ва диаметрларининг бир хил кўринишда бўлишига аҳамият берилади, новдалари йирик кўриниш ҳосил қилганларининг учлари чилпиб қатордаги бошқа дарахтларга тенглаштирилади.

Манзарали буталарга шакл бериш ишлари доимий равишда олиб борилиши керак.  Бир неча йил қаровсиз қолган, вақтида шакл берилмаган буталарни тартибга келтириш анча қийинчилик туғдиради. 

Баъзи ҳолларда “яшил девор” сифатида экилган майда дарахт ёки буталар шакл бериб бўлмас даражада тартибсиз ўсиб кетган бўлса, улар тагидан кесиб ташланади, яъни “яшил девор” вақтинчалик бартараф этилади. 

2-3 йил ўтиб улар янги новдалар бера бошлагач шакл бериш яна давом эттирилади, 5 йилдан кейин “девор” қайта тикланади. Бу ишларни эрта баҳорда, яъни ўсимликда шира ҳаракати бошланмасдан олдин бажариш мақсадга мувофиқ. Яшартирилган дарахт ва буталар ўз вақтида ўғит билан озиқлантириб ва суғориб турилади.

5-расм. Кўчатларни буташ 

Баъзи ҳолларда  буталар янги новда чиқариши учун шароит яратиш мақсадида иккита йирик новда қолдирилиб ҳолда яланғоч ҳолатда буталади ва қолдирилган новдаларнинг учи чилпиб ташланади. Бута каттароқ ҳажм бериши учун қолдириладиган новдалар тананинг  2 ёнидан қолдириш мумкин.

Юқорида таъкидлаб ўтилган тадбирларни нинабаргли дарахтларда қўллаш тавсия этилмайди, чунки улар тўртинчи йилга бориб янги новда чиқаришни тўхтайди, яъни новдалар янгиланмайди. Одатда новдалар ярим қуриган нинабаргли дарахтлар шундай ҳолатда қолдирилади ёки кесиб ташланиб ўрнига янгиси экилади. Дарахтларни буташ учун энг қулай асбоб токқайчи ҳисобланади. Йирикроқ новдаларни катта қайчи ёки мотоаррада кесиш мумкин.

Чиройли манзара берадиган “яшил девор”лар йиллар давомида шаклланади. Бундай тадбирларни амалга ошириш учун илдиз тармоғи яхши ривожланган, бўйи пастроқ хушманзара берадиган бута кўчатларини танлаш керак. 

6-расм. Бетартиб (қаровсиз) ўсиб кетган “яшил девор”ни кесиб ташлаб янгидан шакл бериш

Манзарали буталарни яшартириш жараёнида унинг кучини йўқотган пастки шохлари кесиб ташланади. Шундай қилганда буталарнинг кесилмай қолдирилган шохларига кўпроқ ёруғлик ва ҳарорат боради, илдиздан сўриладиган суюқлик ёшроқ новдаларга кўпроқ бориши натижасида кесилмай қолган ёшроқ новдалар яхши ўсиб ривожланади.

Новдаларининг учидан гул чиқарадиган ўсимликларга (япон беҳиси, бодом, форзиция, жасмин, спирея, настарин, ҳинд настарини, сурия атиргули (гибискус) ва б.) шакл бериш ишлари ёз ойларида, яъни гуллаш жараёни якунлангандан кейин амалга оширилади. Уларга шакл беришда новданинг учдан бир қисмигача чилпиб ташланади.

Бута ўсимликлари тез ўсганлиги сабабли катта дарахт кўчатларига нисбатан тез-тез буталиб яшартириб турилади. Катта дарахтлардан  мажнунтол, оқ терак, майда баргли жўка, қайрағоч, пенсилван шумтол, дала заранги, оддий сохта каштан, оддий эман кабиларни бутаб яшартирилса, яхши ўсиб ривожланади. Қрим қарағайи, элдор қарағайи, қора қарағай, виргин арчаси, ғарб туяси, шарқ биота (платикладус), пихта каби нина баргли дарахтларнинг қуриган, қийшайган, бир-бирига халақит берган новдалари кесилади, буларни ҳаддан зиёд кўп буталса қуриб қолиш эҳтимоли бор.

7- расм. “Яшил девор” сифатида экилган бутанинг экилгандан шакл бериш жараёнига қадар ўсиш схемаси

Дарахтлар бутаб яшартиришнинг мақбул муддати шира ҳаракати бошланишидан олдин февраль-март (ўсимлик суюқлиги ҳаракатга келишидан олдин) ёки октябрь-ноябрь шира ҳаракати тўхтаганидан кейин (қишги тинч ҳолатга кетишидан олдин) ойлари ҳисобланади. Яшартирилган ўсимликларни парваришлаш тадбирларига ўсимлик атрофи тупроқларини юмшатиш, органик ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва суғориш ишлари киради. Дарахт танасини парваришлашда ундаги чириб бошлаган ярасимон доғларни яхшилаб тозалаб, мис купороси ёки дарахт шохлари кесилганда суриладиган махсус эритма (садовый вар) билан ишлов берилади ҳамда ёғли бўёқ билан пломбалаб қўйилади.

8-расм. Турлича шакл берилган “яшил девор”ларнинг кўндаланг кесими бўйича схемаси

Қуриб бошлаган дарахтларни тамғалаш ишлари ёз ойларида, яъни қуриши яққол сезилган даврда амалга оширилади. Қуриган дарахтлар кесилгандан кейин ундан тўнка алоҳида олиб ташланади. Баъзи ҳолларда дарахтдан қолган тўнкалар ёқиб юбориш орқали амалга оширилади. Ҳар иккала ҳолатдан сўнг тўнканинг ўрни тупроқ билан тўлдирилиб текисланади.