Савол жавоблар
Ўрмондан кимлар фойдаланиши мумкин?
Ўрмондан фойдаланиш
Давлат ўрмон фонди участкалари юридик ва жисмоний шахсларга фойдаланишга берилиши мумкин.
Ўрмондан фойдаланиш учун ҳақ тўланади. Тўловлар миқдори ва уларни ундириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ўрмондан фойдаланиш доимий ва вақтинчалик бўлиши мумкин.
Ўрмон фонди ерлари доимий эгалик қилишга бериб қўйилган ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ўрмондан доимий фойдаланувчилардир.
Ўрмондан вақтинчалик фойдаланиш қисқа муддатли — уч йилгача ва узоқ муддатли — ўн йилгача бўлиши мумкин.
Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқи юридик ва жисмоний шахсларга, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан ёки улар ваколат берган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан берилади.
Ўрмондан фойдаланишга махсус рухсатнома — дарахт кесиш ёки ўрмон чиптаси асосида ёъл қўйилади. Ўрмондан фойдаланувчилар давлат ўрмон фонди участкаларидан ўрмондан фойдаланишнинг махсус рухсатномаларда назарда тутилган турларидангина фойдаланишга ҳақлидир.
Ўрмондан фойдаланишни қандай турлари мавжуд?
Ўрмондан фойдаланиш турлари қуйидагилардан иборат:
дарахтзорлар ва бутазорларни кесиш;
ўрмондан қўшимча фойдаланиш (пичан ўриш, мол боқиш, асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш, ёввойи ўсимликлар доривор хом ашёсини тайёрлаш (йиғиш) ва озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ўсимликларни тайёрлаш (йиғиш);
давлат ўрмон фонди участкаларидан овчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш;
давлат ўрмон фонди участкаларидан илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланиш;
давлат ўрмон фонди участкаларидан маданий-маʼрифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреатсион ва эстетик мақсадларда фойдаланиш.
Қонун ҳужжатларида ўрмондан фойдаланишнинг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин.
Ўрмонлар деганда нимани тушунасиз?
Ўрмонлар тушунчаси
Ўрмонлар –кенг маʼнода тоза сув сақловчи, тупроқ ва ҳаводаги намликни муʼтадиллашатириб турувчи, ёғоч, иккиламчи маҳсулотлар, мевалар, доривор ва озуқа ўсимликлар берувчи манбадир. Ўрмонзорлар ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини сақлаш ва уларни кўпайтиришда, иқлим ўзгаришларни мўтадиллаштиришда, тоғларда жарликларни пайдо бўлиши хавфини олдини олишда, сув танқислиги муаммосини ечишда, селни мудхиш оқибатларини бартараф қилишда, тупроқ эрозияга қарши курашишда, чўл худудларида қумларни кўчишини тўхтатишда, шамол эрозиясини олдини олишда, тупроқнинг мелиоратив ҳолатини (шўрланиш, чўлланишга ва ҳ.) яхшилашда, шунингдек яйловлар махсулдорлигини оширишда ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида ихота ўрмонларини роли катта ахамиятга эга. Энг муҳими, экологик вазиятни яхшилаш ва унинг салбий оқибатларини олдини олиш, табиатни асраб-авайлаш бугунги кунда ўрмон хўжаликларининг асосий вазифаси бўлиб ҳисобланади.