Жиззах вилоятининг Бахмал давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида «Jizzax tadqiqot» масъулияти чекланган жамияти томонидан агротуризм ташкил этиш бўйича қиймати 1 миллиард сўм бўлган инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида кичик меҳмонхона, кемпинглар мажмуаси барпо этилаётир.
Қиш тоғли ҳудудда сайёҳлик мавсуми эмас. Аммо туманда сайёҳлик йўналишларида ёзги мавсумга тайёргарлик ишлари тўхтагани йўқ. «Jizzax tadqiqot» масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилган туризм йўналишида ҳам сайёҳларни кутишга тайёргарлик ишлари қизғин. Ушбу лойиҳа доирасида “Бахмал” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 10 нафар киши доимий иш билан таъминланди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда туризмни ривожлантиришга берилаётган катта эътиборнинг натижасини марказдан анча олисда жойлашган Бахмал туманида ҳам кўриш мумкин. Туркистон тоғ тизмасининг қор қоплаган Ойқор чўққилари этаклари табиати илгари ҳозиргидан ҳам чиройли бўлгандир балки, бироқ сайёҳлар келмаган. Боиси тоғ табиатидан завқланишга келадиган сайёҳга йўл, яшайдиган, овқатланадиган жойлар, интернет ҳам керак. Илгари бу ерда шу инфратизим йўқ эди.
Фоторепортаж:Бахмал туманида янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этилди.
Президентимизнинг туризмни ривожлантириш тўғрисидаги қарор ва фармонлари асосида Бахмал тумани вилоятнинг сайёҳлик ҳудудларидан бирига айлантирилмоқда. Кейинги йилларда туманнинг туризм салоҳиятини ошириш, оилавий меҳмон уйларини ташкил қилиш, мавжуд зиёратгоҳларни талаб даражасига келтириш, туманда санитар-гигиеник шаҳобчаларни барпо этиш ишлари тез суръатлар билан олиб борилаётир. Замонавий лойиҳа билан инфратизим иншоотлари, одамларнинг замонавий турар-жойлари бу тоғли ҳудуднинг қиёфасини бутунлай ўзгартирмоқда.
Кейинги икки йил ичида туманнинг табиати сўлим жойларида 15 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан 12 миллиард 800 миллион сўмлик кемпинг ва дам олиш масканлари ташкил этилди. Бу масканларнинг ёз мавсумида 7 минг 500 нафар дам олувчиларни қабул қилиш имконияти мавжуд.
Ҳозирги кунда туманда 150 ўринга мўлжалланган “Бахмал ормогоҳи” санаторияси фаолият кўрсатмоқда. Ушбу ёзги мавсумда 2 минг 250 нафар дам олувчиларни қабул қилиш қувватига эга.
Дам олувчилар учун барча қулайликларга эга оромгоҳ нафас йўллари бронхиал астма, турли аллергик, асаб тизими ва ҳаракат-таянч аъзолари хасталикларидан даволашга ихтисослаштирилган. Шу мақсадда оромгоҳда туз камераси, фитобочка, физиотерапия, парафин озокерит, даволовчи жисмоний тарбия, пиёда юриб даволаниш (терренкур), уқалаш ва пархез билан даволаш йўлга қўйилган.
Оромгоҳда кутубхона, бар, болалар учун ўйин аттракционлари, спорт ва болалар майдончалари мавжуд.
Туманда ҳудуддаги имкониятлардан фойдаланиб сайёҳликнинг барча йўналишларини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Жумладан, зиёрат туризмини кенгайтиришда ҳам амалий ишлар олиб борилаётир. Хусусан, туманнинг туристик йўналишларига киритилган Ўсмат ота, Новқа ота, Сайид Мирхалиллоҳ, Хўжа кўндаланг, Теракли ота зиёратгоҳларини қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Сайёҳлар учун қулайлик яратишда йўл ва йўл инфратизими иншоотларининг аҳамияти катта. Шу мақсадда йўллар ҳам яхшиланаётир.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан ”Даштобод ш.-Зомин ш.- Бахмал қ.-Ғаллаорол ш.” автомобил йўлининг 106 километири шу жумладан, Бахмал тумани ҳудудидаги 39 километр йўл капитал таъмирланиши кўзда тутилган.
Мазкур йўлнинг қайта таъмирланиши вилоятда, шу жумладан Бахмал туманида ҳам ички туризмни ривожлантиришда катта қулайлик яратади.
Бахмалда дам олиш масканларини кўпайтириш фақат дам олувчиларга эмас, биринчи навбатда шу ҳудудда яшовчи аҳоли бандлигини таъминлашда, турмуш фаравонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда туризмни ривожлантириш Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси, туман ҳокимлиги мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ қишлоқларда меҳмон уйлари барпо этиш, аҳолида сайёҳларга хизмат кўрсатиш маданиятини шакллантириш учун тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бораётир.
Т. БЕКНАЗАРОВ, Ж. ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА