Мамлакатимизда қурғоқчиликка қарши курашишда “пермакультура”, яъни доимий қишлоқ хўжалиги услуби қўлланилмоқда. Лекин бу услуб юртимизда ҳали оммалашмаган.
Ушбу услуб маълум бир жойда ёввойи табиат шароитини яратиш, деган маънони англатади. Ана шу услуб ёрдамида Австралия, Бразилия ҳамда Африкада йиллик ёғингарчилик миқдори бор-йўғи 100 миллиметр (10 см) бўлган жойлар боғ-у бўстонга айлантирилмоқда.
– Бунда жойларда ирмоқ сувлари, шунингдек, ёғингарчилик сувларини беҳуда оқизмасдан, йиғадиган кичик ҳовузчалар барпо этиш керак, – дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, биология фанлари номзоди Ҳожимурод Талипов. – Энг муҳими, “пермакультура” шароитида ер шудгор қилинмайди, тупроққа кимёвий ўғитлар ёрдамида ишлов берилмайди. Дарахтлардан тушган барг ва шох-шаббалар шу ернинг ўзида чириндига айлантирилади. Натижада, ернинг устки қатламини шамолдан асрайдиган, намликни ўзида сақловчи гумусли ҳосилдор тупроқ қатлами ҳосил бўлади, ён-атрофдаги қудуқлар суви кўтарилиб, қурғоқчиликка барҳам берилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, тоғ олди ҳудудларда йиллик ёғингарчилик миқдори 200-300 миллиметр, чўл ҳудудларида эса 100 миллиметрни ташкил этади. Қишлоқ жойларда ҳар бир оила ўртача 10 х 15 метр ўлчамда яшаш учун уй-жой қуради ва том сатҳи 150 кв/метрга тенг бўлади. Агар уни 0,2 метр миқдорида тушадиган йиллик ёғингарчилик ҳажмига кўпайтирсак, 30 куб метр сув йиғилади. Яна шунча майдонда молхона, омборхона, ошхона ва бошқа ёрдамчи уйлар қуриб, қўшимча 30 куб метр сув йиғиш мумкин. Агар шу сувларни ер сатҳидан 20 сантиметр баланд бўлган ҳовуз ёки пластмасса идишларга йиғсак, 60 куб метр сув тўпланади. Бу, бир вагон сув демакдир.
100 миллиметр ёғингарчилик тушадиган чўл ҳудудларида уй томларидан оқиб тушадиган сув миқдори 30 куб.метрни ташкил этади. Бунда том сатҳида йиғиладиган сувни тарновлардан оқиб, пластмасса трубалар орқали ҳовузларга тушишини таъминлаш зурур. Сувни тўплаш учун махсус ҳовуз қуриб, ичини бетонлаш ёки оддий ҳовуз ичини текис қилиб, сомон сувоқ қилиш ва полиэтилен плёнка билан бир неча қават қилиб ётқизиб чиқиш ёки катта пластмасса идишларга сувни тўплаш мумкин.
Энг қизиғи, шунча ташвиш билан йиғилган сув томчилаб суғорилса, қанча майдонга етиши мумкин? Аслида ҳам бу тажрибадан қанча фойда олиш мумкин ёки оби ҳаётни тежаш имкони бор? Мутахассис бу борада ҳам керакли фактларни аниқ ҳисоб-китобларга таянган ҳолда маълум қилди.
– Томорқа 0,10 гектар бўлса, сувсизликка чидамли бодом ёки бошқа шунга ўхшаган мевали дарахт кўчатидан 40 туп экилади, – дейди Ҳожимурод Талипов. – Дарахтларни май ойидан суғориб бошласак ва ҳар бир дарахтга 2 челакдан ўртача 20 литр сув қуйсак, 40 туп дарахтга 800 литр сув қуямиз. 5-6 кунда суғориб турсак, 5000 литр (5 куб метр) сув сарфланади. Қурғоқчилик мавсуми май-октябрь, ҳар ойда 5 куб метр суғориш учун сув сарфланса, 6 ой давомида 30 куб метр ёки ярим вагон сув сарфланади.
Бу тажрибани қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган шўрланиш даражаси ортиб бораётган майдонларда қўллаш қанчалик фойдали? Аслида, шўр тупроқда мева-сабзавот уёқда турсин, оддий ўт-ўланлар ҳам ўсмай қўяди. Шу боис, деҳқону фермерлар ер шўрини ювишга мажбур. Минтақаларда ана шу жараёнларнинг йиллар давомида амалга оширилиши натижасида ер қаъри сувга тўлиб кетди. Маълумотларга кўра, мутахассислар шўрхок ерларда ҳосилдорликни ошириш учун ер қаъридаги сувларни юқорига чиқариб, ўша ҳудудда ботқоқликлар ташкил қилиш орқали сувнинг шўрлик даражасини пасайтиришни таклиф қилмоқда.
– Тузлар парчаловчи, емирувчи ва бириктирувчи хусусиятга эга, – дейди Ҳожимурод Талипов. – Шу боис, ботқоқликлардаги сув биокимёвий жараёнлар натижасида чучуклашади. Айнан ана шу усулда шўрхок ерларда юқори самарага эришса бўлади. Устюртда шўрхокликлар табиий музлатилиб, ундан чучук сув ажратиб олиш услубидан ҳам фойдаланилган. Бунинг учун маҳаллий аҳоли ер сатҳининг паст жойларидан ирмоқчалар орқали сувни бир жойга, яъни ҳовузга йиғади. Ҳовуз эса секин-аста чуқурлашиб борган.
Қишки совуқда ҳовуздаги сув тубигача музлагач, сув чучук музга айланади. Тузлар эса ҳовуз тагига чўкади. Бунда музни чопиб олиб, алоҳида тайёрланган сув ҳавзасига солиш керак. Баҳорда кунлар исиб, муз эриши билан ҳовуз чучук сувга тўлади.
Мухтасар айтганда, йўқотишларни ҳисобга олганда 300 квадрат метр майдонда йиғилган сув миқдори 1 йилда 0,10 гектар ерни суғоришга бемалол етади. Намликни сақловчи мулчаланган ерларни 10-15 кунда суғорса ҳам бўлади. Бунда суғориладиган ҳудуд икки баробарга ортади. Демак, 100 миллиметр ёғингарчилик тушадиган чўл ҳудудларида бемалол 0,10 гектар майдонда боғ барпо қилиб, фойдаланиш мумкин.
Сайёра Шоева