Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўрмон хўжалиги: Самарали фаолият, соҳа янгиликлари ва муаммолар

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан “Ўрмон хўжалиги соҳасида 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар натижадорлиги” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги бошқармалар, илмий муассаса ва ишлаб чиқариш марказлари раҳбарлари,  журналистлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. 

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4850-сон қарори асосида ўрмон хўжалиги соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш бўйича белгилаб берилган муҳим йўналишлар борасида сўз юритилди, концепцияда алоҳида таъкидлаб ўтилган қўмитанинг асосий вазифалари ҳамда соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларига эътибор қаратилди. Мазкур концепцияда, айниқса, ўрмон хўжалиги соҳасида илмий тадқиқотларни кучайтириш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига алоҳида урғу берилган.

2020 йилда ўрмон хўжалиги тизимида қандай ишлар амалга оширилди? Соҳадаги янгиликлар ва ечимини кутаётган муаммолар нималарда кўзга ташланди? Шу каби саволларга жавоблар ва амалга оширилган бошқа ишлар юзасидан қўмитанинг Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳожимурод Толипов маълумот бериб ўтди. Маълумотда баён этилишича, Концепция ижросини таъминлаш мақсадида ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича Фанлар академияси ва бошқа илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда 100 дан зиёд илмий мавзулар юзасидан лойиҳалар ишлаб чиқилган ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилган.

 – 2020 йилда бутун дунёда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам пандемия муносабати билан ўрнатилган чекловлар кўплаб соҳалар фаолиятига салбий таъсир кўрсатди. Шунга қарамай, ташкил этилганига ҳали унча кўп бўлмаган Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги ўрмон хўжалиги ходимлари томонидан ўрмонзор майдонларни барпо этиш, уларни қўриқлаш, муҳофаза қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширишди. Диққатга молик ишлардан бири бу – Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этилаётганидир, – дея таъкидлади Ҳ.Толипов. – Республикамизнинг давлат ўрмон фонди ерлари 11 144, 5 минг гектар бўлиб, шундан 3251,3 минг гектар қисми ўрмонзорларни ташкил этади. Давлат ўрмон фонди ерлари тўрт тоифага мансуб, улар чўл ҳудуди, тоғ ҳудуди, водий ҳудуди ва тўқай ҳудуди ўрмонзорлари ҳисобланади. Жами ўрмон фонди ерларининг 1 фоиз қисми тўқай (тўранғи, тол, жийда, юлғун каби ўсимликлар ўсади), 2 фоизи водий (тез ўсувчи ва мевали дарахтлар), 16 фоизи тоғ ҳудудларини (арчазор, ёнғоқ, писта, бодом) ўз ичига олади. Демакки, энг катта қисми чўл ҳудудларидан иборат. Ўрмон билан қопланган ҳудудлар эса мамлакат умумий ер майдонининг 7,2 фоизини ташкил этади холос. Қайд этиш жоизки, иқлим шароитига кўра қурғоқчиликка мойил ҳудудда жойлашган юртимизда ўрмонларни сақлаб қолиш, янги ўрмонзор майдонларни барпо этиш ҳисобига уларни кенгайтириш масаласи ўта муҳим масала ҳисобланади.

Чиндан ҳам ўрмонларнинг қандай аҳамият касб этишини англаш ва англатиш учун, сўнгги пайтда Ўзбекистон ҳудудида тез-тез рўй бераётган қум ва туз бўронларини эслаш кифоя. Ўз фикрини баён этар экан, ўрмон қўмитаси мутахассиси 2018 йилнинг май ойида Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудлари – Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида рўй берган қумли туз бўронлари, 2019 йилда Навоий ва Бухоро вилоятларида ва яқиндагина Наманган вилоятининг Ёзёвон чўлларига туташ Мингбулоқ туманида юзага келган шундай табиат ҳодисаларини эслатиб ўтди.

– Ўрмонзорлар  тупроқ таркибини мустаҳкамлаши, эрозиянинг олдини олиши ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳам биз айни пайтда чўл ҳудудларида, энг аввало, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этишни энг долзарб масала сифатида амалга оширишга киришдик, – дея таъкидлади Ҳ.Толипов. – Президентнинг 2020 йил 6 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-4850-сон қарори ижросини таъминлаш доирасида 2021 йилда Қорақалпоғистон ва вилоятлар ҳудудлари кесимида «яшил қопламалар» барпо этиш ҳажмлари белгиланган. Бунда жами режалаштирилган 560 минг гектар ер майдонининг 375 минг гектарида ўрмонзор барпо этилади. Қорақалпоғистондаги ўрмон фонди ерлари ва Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги Оролбўйи ҳудудларида 172 минг гектар ҳамда бошқа ҳудудлардаги ўрмон фондининг тоғ, водий ва тўқай ерларида 13 минг гектар майдонга дарахтлар экилади.

  Шу билан биргаликда, ўрмон фонди ресурсларидан самарали фойдаланиш, ноқонуний дарахт кесиш, яйловлардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, ўрмон фонди ерларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказиш, ўрмон фонди ерларида ёнғин хавфсизлиги, техника хавфсизлиги талабларига риоя этмаслик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, аҳоли ва кенг жамоатчилик билан бирга курашиш талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 ноябрдаги “Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, уларнинг уруғчилигини йўлга қўйишни ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4901-сон қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор ижроси бўйичаЎрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги “Шифобахш” доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш маркази негизида Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилиб, Марказнинг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Қарор билан Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида доривор ўсимликларни етиштиришга ихтисослашган Ғаллаорол, Когон ҳамда Ургут ихтисослашган давлат ўрмон хўжаликлари ташкил этилди, келгуси йилдан дориворчилик кластерини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Бу хусусда анжуман иштирокчиларига “Шифобахш” доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш маркази директори Ғайрат Жўраев маълумот бериб ўтди.

– Бугунги кунда ушбу марказ томонидан амалга ошириладиган ишлар ва уларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида доривор ўсимликлар йўналиши бўйича кластерлар ташкил этиш, бу йўналишдаги мавжуд муаммолар ечимига қаратилган муҳим масалаларни ўзида акс эттирадиган Низом ишлаб чиқилмоқда, – деди Ғ. Жўраев. – Марказда нафақат ишлаб чиқариш фаолияти билан, балки илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиш имкониятлари яратилмоқда. Шу мақсадда 4 та йўналишга ихтисослашган лабораториялар ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу борадаги ташкилий-тузилмавий ишлар жадал суръатларда давом этмоқда.  

Матбуот анжуманида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида кадрлар сифатини ошириш ва ёшларни иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар  юзасидан ҳам маълумот берилди.

Маълум қилинишича, соҳага жалб этилган олий маълумотли кадрлар салмоғи 22 % га, шу жумладан, олий маълумотли ўрмончи мутахассисларни ишга қабул қилиш кўрсаткичи 648 тага ёки 57 % га етказилди. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида кадрларга бўлган эҳтиёжни тўла қондириш мақсадида Тошкент давлат аграр университети ва бошқа олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Бироқ, жойларда мутахассисларнинг вазифалари қатъий белгилаб олинмаганлиги, бир-бирларининг вазифаларини такрорлаши, билим даражаси пастлиги ёки ўрмончи мутахассис ўрнида махсус маълумотга эга бўлмаган шахслар ишлаб келаётганлиги билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учрамоқда, деган танқидий фикрлар ҳам баён этилди.

– Ўтган 2019–2020 йиллар мобайнида ўрмон хўжалиги соҳаси ривожланган давлатлар АҚШ, Хитой, Россия, Туркия, Жанубий Корея ва бошқа давлатларда 75 нафар ходим қисқа муддатли малака ошириш курсларида бўлдилар, – дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси матбуот хизмати бош мутахассиси Дилрабо Бобоева биз билан суҳбатда. – Жорий йилда соҳа бўйича 11 нафар таянч докторант турли илмий-тадқиқот марказларида таҳсил олиб, илмий изланишлар олиб бормоқда. Шунингдек, 2021 йилда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтида докторантура босқичида таълим олиш учун 4 нафар ёш тадқиқотчи қабул қилинди.

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, жорий йил якунига қадар ўрмон хўжаликлари иштирокида ўрмон маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган 10 та кластер ташкил этилар экан.

Экотуризм объектлари сони 275 тага, экомаршрутлар сони 35 тага, ташриф марказлари сони 4 тага етказилиши режалаштирилмоқда. Ҳар бир ўрмон хўжалиги ўзининг ички маршрутларини ишлаб чиқмоқда. Экотуризм фаолиятида аҳолининг бевосита иштирок этиши ва шу орқали уларнинг экологик маданиятини юксалтириш масалалари ўрганилмоқда. Бу борада Туркия, АҚШ ва Корея давлатлари тажрибалари ўрганилмоқда. Шунингдек, ўрмон фонди ерларидаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказмаслик чоралари кўрилмоқда, овчилик ва ов туризмини тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Соҳага илм-фан ва инновациялар жорий этилишини таъминлаш мақсадида Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтидаги 7 та лаборатория замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.

Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан илмий-тадқиқот институти ҳамда унинг таркибидаги илмий муассасаларни моддий-техник базасини мустаҳкамлашга 2 млрд сўм ажратилади. 3 та фалсафа фанлари доктори (PhD) илмий даражаси бўйича диссертациялар ҳимоя қилинади, докторантурага 5 нафар, мустақил тадқиқотчи институтига 4 нафар ёшлар қабул қилинади.

2021 йилда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида фаолиятни рақамли технологиялар асосида электрон шаклга ўтказиш назарда тутилмоқда. Бу орқали ўрмон фонди яйлов ерларида чорва молларини ўтлатиш, пичан ўриш учун онлайн рухсатнома бериш тизими электрон ҳолда амалга оширилади. Жисмоний ёки юридик шахслар томонидан яйловдан фойдаланиш бўйича бюрократик тўсиқлар, узоқ муддат кутиш, коррупция ҳолатлари бартараф этилади. Ўрмон фонди яйлов ерларида чорва молларини боқиш юзасидан рухсатнома тақдим этувчи барча учун очиқ бўлган шаффоф тизим яратилади.

Шу билан бирга, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясига асосан, “2020 – 2022 йилларда қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги соҳаларини рақамли трансформация қилиш дастури” доирасида ўрмон фонди майдонларида аниқланган ўрмон қонунбузарликларини онлайн тарзда расмийлаштиришнинг бирламчи дастури яратилади.

Матбуот анжуманида соҳа мутахассислари журналистларнинг саволларига жавоб бердилар, қизғин муҳокамалар, баҳслар кўплаб саволларга ойдинлик киритди.

 Нодира АБДУЛЛАЕВА

Ўрмон хўжалиги агентлиги Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда Инсон ресурсларини бошқариш ходимлари учун 30 академик соатдан иборат “Янги Меҳнат кодексини ўрганиш” ўқув курслари ташкил этилди.

Ўрмон хўжалиги агентлиги Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда Инсон ресурсларини бошқариш ходимлари учун 30 академик соатдан иборат “Янги Меҳнат кодексини ўрганиш” ўқув курслари ташкил этилди.

Мазкур ўқув курси дастурида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида назарда тутилган масалалар, жумладан ишга жойлаштириш ва...