Бугун, 18- февраль куни Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида, Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармасида жойлашган «Зарафшон миллий табиат боғи»да семинар бўлиб ўтди. Миллий табиат боғи фаолияти билан танишиш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси вакиллари ҳамда бошқа вилоятларнинг тегишли мутасаддилари иштирок этишди.
Иштирокчиларга соҳа мутахассислари «Зарафшон миллий табиат боғи»да амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Шунингдек амалга оширилган лоиҳалар ва келажакдаги режалар ҳақида сўзлаб берди.
Зарафшон миллий боғининг умумий майдони 2426,4 гектарни ташкил этиб, ҳозирда у уч қисмга бўлинган: қўриқхона бўлими, иқтисодий бўлим ва рекреация бўлими.
Ушбу ҳудуднинг ҳайвонот дунёси ниҳоятда кенг. Миллий боғнинг мақсади ноёб ҳайвонларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфини бартараф этиш, қимматли доривор ўсимликлар сонини кўпайтириш, ҳудуднинг табиий ландшафтини сақлаб қолиш ва чет эллик сайёҳлар ва маҳаллий аҳолини дам олиш масканига жалб этишга қаратилган.Биз бу ишни пандемиядан олдин бошлаган эдик, – дейди миллий боғ директори Олимжон Ҳамроқулов. – Миллий боғда узоқ муддатли ва қисқа муддатли дам олиш, экскурциялар ва маърифий туризмни ташкил этиш учун дам олиш масканлари яратилмоқда. Шунингдек, чет эллик сайёҳлар учун барча шароитлар яратилган. Бугунги кунда ушбу дам олиш масканларини самарали ривожлантириш брасида 26та инвестор лоиҳалири киритилган бўлиб, улардан 4 таси фойдаланишга тайёр.
Ҳозирда «Зарафшон миллий табиат боғи»да Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби ва Халқаро Қизил китобга киритилган Зарафшан қирғовули, Ўрта Осиё қундузи ва Бухоро хонгули интродукция ва реинтродукция йўли билан юзага келган сунъий гуруҳлари мавжуд. Миллий боғда 92 тадан ортиқ Бухоро хонгули мавжуд. Бухоро хонгулини кўпайтириш 1995 йилдан бошланган.
Семинар якунида боғдаги иссиқ ҳавода чиқадиган ёнғин ва уни зудлик билан олдини олиш бўйича тадбир ўтказилди.
Маълумот учун, «Зарафшон миллий табиат боғи» 1975 йилда қўриқхона сифатида ташкил этилган ва кейинчалик миллий табиат боғига айланган. Ўзбекистоннинг 10 та қўриқхонаси ва миллий боғларидан биридир.