Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Чўлланиш ва қурғоқчиликнинг салбий таъсирларига қарши қандай курашилмоқда?

Жорий йил 6 октябрда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан “Ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” тасдиқланди.

Қарорнинг мазмун-моҳияти ва унинг соҳа ривожидаги амалий аҳамиятига тўхталишдан аввал бу борадаги халқаро аҳамиятга молик ишлар, иқлим ўзгариши ва унинг салбий оқибатлари атроф-муҳит ҳамда инсон саломатлигига таъсири хусусида маълумот беришни лозим кўрдик.

1994 йилда Германиянинг Бонн шаҳрида Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича конвенция қабул қилинди. 1995 йилда Ўзбекистон парламенти Конвенцияни ратификация қилди ва у 1996 йил 1 январдан бошлаб амал қила бошлади. Бугунги кунда ер юзидаги 195 та давлат мазкур конвенцияга аъзо. Уларнинг асосий мақсади конвенция низомига амал қилган ҳолда ҳамкорликда Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришишдир.

Бундан кутиладиган натижа ерларни ортиқча босимдан муҳофаза қилган ҳолда, уларни озиқ-овқат, сув ва энергия манбалари билан доимий таъминлаб туришига эришишга қаратилган. Кутиладиган асос ерларни барқарор бошқариш орқали уларни нейтрал ҳолатга келишини таъминлаш, бугун ва келажакда иқлим ўзгариши таъсирларини камайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳолини яхши яшаши учун қулай шароит яратиш мақсад қилинган.

Бугунги кунда ишлаб чиқаришни жадал суръатлар билан ривожланиши, аҳоли сонини ўсиб бориши, иқлимни ўзгариши ер юзида чўлланиш жараёнларини тезлаштирди. Ҳар йили ер юзи бўйича 13 миллион гектар ўрмон майдонлари йўқотилмоқда. Ерларни қурғоқчил ҳудудларда доимий деградация ҳолатлари кузатилиши натижасида 3,6 миллиард гектар ерлар чўлланган ҳудудларга айланди. Ер юзида 6 миллиард кишининг ҳаёти бевосита қишлоқ хўжалигига боғлиқ, шу билан бирга, 52 фоиз қишлоқ хўжалиги ерлари турли даражада деградацияга учраган ва бутун ер юзи буйича деградацияга учраган ерлар 1,5 миллиард кишини ҳаётига хавф туғдирмоқда.

Ерларни деградацияга учраши, чўлланган ҳудудларни кўпайиб бориши бизни республикамизда ҳам кузатилмоқда. Хусусан, Орол денгизининг қуриши натижасида 6 миллион гектар майдонда янги Орол қум чўли пайдо бўлди. Тоғли ҳудудларда илгари ўрмонзорлар денгиз сатҳидан 700-800 метр баландликда бўлар эди. Эндиликда улар 900-1000 метр ва ундан баландроқдан бошланмоқда.

Бундан ташқари, кейинги йилларда республикамизда экологик муҳит бузилиб, тез-тез кучли шамол ва қум бўронлари кузатилмоқда. Жумладан, шу йилнинг 14 июнь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида ва бир қатор туманларида кучли шамол эсиб, қум бўронлари кузатилди. Бунинг натижасида бир неча кўпқаватли уйларнинг томи учиб кетди, бозорлардаги расталар бузилди. Худди шундай ҳолат 2018 йил 26-27 май кунлари ҳам юз берган эди. Бунда кучли шамол кун бўйи давом этиб, Орол денгизининг қуриган тубидаги қум ва туз заррачаларини ҳавога кўтариб, барча ҳудудларга туз ёғилди. Ўша пайтда Нукус шаҳридаги ҳаво таркибида чанг миқдори меъёрдан 5,9 баробар кўпайганлиги аниқланган эди.

Жорий йилнинг 27 апрель куни Бухоро вилоятида, айниқса, Олот ва Қоракўл туманларида жанубий-ғарбий йўналишда шамолнинг тезлиги секундига 15-25 метр тезликда бўлиб, ижтимоий соҳа объектларига, аҳоли яшаш хонадонларига ва дарахтларнинг ағдарилиши натижасида автотраспорт воситаларига жиддий зарар етказди.

Сурхондарё вилоятида «афғон шамоли» деб аталувчи иссиқ гармсел шамоли деярли ҳар йили жануб томондан эсиб, бизнинг республикамизга кириб, ноқулай об-ҳаво шароитини юзага келтирмоқда. Бунда шамол кўп миқдорда қум уюмларини кўчаларга, аҳоли яшайдиган ҳудудларга олиб киради. Бундай пайтларда аҳоли уйларида эшик ва деразаларни ёпиб, қум бўронидан паноҳ топади. Шуни таъкидлаш керакки, Оролбўйи регионидаги вилоятлар, шунингдек, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида яшовчи маҳаллий аҳоли бундай кучли шамол ва қум, чанг бўронларидан руҳий, моддий, маънавий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан азият чекмоқда.

Ўрмон барпо қилиш орқали кўчма қумларни мустаҳкамлаш, ернинг устки қисмида шамол тезлигини камайтириш, қум, чанг бўронларини тўхтатиш мумкин. Олимларнинг олиб борган изланишлари шуни кўрсатдики, 3 ёшли саксовулзорда қум кўчиши 55 фоизга, 5 ёшда 79,5 фоизга камаяди ва
7 ёшда бутунлай тўхтайди. 1 туп ўрта ёшли саксовул ўз илдизи билан 10 тонна қумни мустаҳкамлайди ва кўчишига йўл бермайди. 1 гектар саксовул ва черкездан иборат ўрмонзор йил давомида 1135 кг. карбонат ангидрид газини ютиб 835 кг. кислород ажратади. Бу эса ҳаво таркибини яхшилайди, атроф-муҳитни ифлосланишига чек қўяди.

Инсоннинг саломатлиги кўп жиҳатдан атроф-муҳит экологик ҳолатига боғлиқ. Экологик ҳолат қанча яхши бўлса, инсон соғлиғи ҳам шунча яхши бўлади. Кўп ҳудудларда чўллар саксовул ва бошқа буталарсиз қолган, қум эса тобора шаҳар ва туман марказларигача кириб бормоқда. Ҳозирги кунда кўпгина шаҳар ва туманларнинг исталган ҳудудида қум уюмларини топиш мумкин. Бундай ҳолатлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

Давлатимиз томонидан айни шу муаммолар ечимини излаш ва мавжуд вазиятни юмшатиш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Президентимизнинг 2019 йил 23 августдаги қарори асосида уларнинг салбий таъсирини камайтириш учун республикамизда ўрмон хўжаликлари томонидан 2020 йилдан бошлаб эрозия ва чўлланишга қарши 500 минг гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этиш белгиланган. Бизнинг республикамиз кам ўрмонли минтақаларга киради. Жами ўрмон фонди ер майдони 12 миллион гектардан иборат бўлиб, шунинг атиги 3,2 миллион гектари ўрмон билан қопланган ерлардир.

Республикамизнинг ўрмон билан қопланганлик даражаси атиги 7,2 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич Россияда 55 фоизни, Болтиқбўйи давлатлари, Грузия, Молдовада 34-38 фоиздир. Агар республика умумий ер майдонининг 80 фоизи чўл ва қурғоқчил ҳудудлардан иборат эканлигини эътиборга оладиган бўлсак, бу жуда кичик ҳажмдир. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳукуматимизнинг Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этишни кўпайтириш мақсадлари учун 2019-2020 йилларда бир йўла “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 100 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилиб, қўллаб-қувватлаши ҳисобига 1 миллион 200 минг гектар майдонда уруғдан ва кўчатдан ўрмон барпо этиш ишлари амалга оширилди ва улар яқин 4-5 йил ичида қуюқ ўрмонзорларга айланиб, заҳарли қум, чанг ва тузларни атмосферага кўтарилишини бутунлай тўхтатади.

Лекин республикамизнинг Қизилқум, Устюрт, Қарши, Сурхон-Шеробод, Мирзачўл каби чўллари ҳамда тоғ олди дашт ерларида иқлим ўзгариши, чорва молларини тартибсиз боқилиши ва бошқа турли табиий ва антропоген факторлар туфайли ўсимликлар турлари ва уларнинг қопланиш даражаси жуда сийраклашиб кетганлиги натижасида салгина шамолда чанг тўзонлари содир бўлиб атрофдаги экологик муҳитни ёмонлашувига олиб келмоқда.

Мазкур масала бўйича Хитой давлати кейинги 10 йилда пойтахт атрофида 100 минг гектар майдонда ўрмонзорлар майдонларини кенгайтиришни ва 12,5 минг гектар майдонда яшил ҳудудлар барпо этишни режалаштирган. Пекин шаҳрининг мэри Лю Цининг фикрига кўра, ушбу тадбирларни амалга оширилиши қум, чанг бўронларининг салбий таъсирини кескин камайтиради. Бундан ташқари, Хитойнинг шимолидаги Ички Монголия, Тибетнинг Хэбэй провинцияси ҳамда Синьцзян Уйғур автоном райони жойлашган ҳудудларда ўзининг катталиги жиҳатдан дунёда иккинчи ўринда турувчи Такла-Макан чўли мавжуд бўлиб, унинг қум барханлари ҳар йили 5-10 метрдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган ҳудудларга бостириб кириб бормоқда ва ундан ҳар йили 7 миллиард доллар зарар кўрилмоқда.

Эколог мутахассислар фикрича, бунинг асосий сабаби табиий факторларгина эмас, балки инсонларнинг чорва молларини меъёрдан ортиқча кўпайтирганлиги ва ҳудудларда яшил ўсимликлар қопламини кескин камайишига ва эрозия жараёнларини кучайишига сабаб бўлмоқда, деб ҳисобламоқда. Бундай ҳолатга қарши курашнинг энг самарали йўли ўрмонзорлар майдонларини ва ўт-ўсимликлар қопламларини қайта тиклаш ва барпо этиш зарурлигини айтмоқда. Жанубий Корея, Япония давлатларида ҳам қумли чанг бўронларига қарши ўрмонзорлар майдонларини кўпайтириш билан шуғулланмоқда.

Қум ва чанг бўронлари тўғрисидаги интернетда берилган таърифга кўра, Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақаси ва Қизилқум чўллари тез-тез қумли чанг бўронлари бўлиб турадиган ҳудудлардан ҳисобланади.

Демак, чўлланиш ҳамда қумли чанг бўронлари билан курашишнинг энг асосий ва амалда синалган усули “яшил қопламали” ҳудудларни кенгайтиришдир.

Жорий йилнинг 6 октябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан “Ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси” тасдиқланди. Ушбу қарор билан 2020 йил 1 январдан бошлаб ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ерларини 49 йилгача муддатга ижарага бериш тизими йўлга қўйилди. Ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шу жумладан, янги ўрмонзорлар барпо этиш, иш ўринларини ташкил этиш, ўрмондан қўшимча фойдаланишни рағбатлантириш, илмий тадқиқот фаолиятини кучайтириш мақсадида ўрмон фонди ерлари фойдаланувчиларини қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги янги шакллари жорий этилди.

Хусусан, 2020-2022 йилларда ўрмон фонди ерларини ижарага олган ижарачиларга қуйидаги шартларда ижара тўловини “ноль” ставкасини қўллаш тартиби жорий этилади. Бунда ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган ер участкаларида янгидан барпо этилган ва ижарага берилган ёнғоқ мевали боғлар ва тез ўсувчи дарахтлар плантациялари эгаллаган майдонларга беш йил давомида;

ўрмон фондининг чўл ҳудудларида жойлашган, сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ерлари ўзлаштирилиб, чўл ўсимликлари плантациялари барпо этилганда ўн йил давомида;

ўрмон фондининг сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ерлари ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат экинлари ва доривор ўсимликлар плантациялари барпо этилганда тегишлича бир йил ва уч йил давомида қилиб белгиланган.

2021 йил 1 январдан бошлаб эса Бандлик ва меҳнат вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижарачилар аҳоли бандлигига кўмаклашиш рўйхатдан ўтган ишсиз шахсларни ишга қабул қилган тақдирда, уларга иш ҳақи тўлаш харажатларини қоплаш учун 6 ой давомида ўртача иш хақининг 50 фоизи миқдорида, бироқ ҳар бир ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробаридан ошмаган миқдорда субсидия тўлаш каби бир қатор енгилликлар берилган.

Таъкидлаш жоизки, ўрмонларни қайта тиклаш ва ўрмонлаштириш тадбирларини жадаллаштириш эвазига 2030 йилга бориб ўрмон билан қопланган майдонлар 6,1 миллион гектарга етказилиб, республиканинг ўрмон билан қопланганлик даражаси 15 фоизга етказилади.

Ҳожимурод ТОЛИПОВ ,
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси
Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш
бошқармаси бошлиғи ўринбосари