Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўрмон хўжаликларининг экологик вазиятни яхшилаш борадаги ишлари қониқарлими?

Жойларда мавжуд ўрмонларни қўриқлаш, ҳимоя қилиш, иқлим шароитдан келиб чиққан ҳолда тоғ, чўл, водий ҳудудларида шамол, тупроқ эрозиясига қарши ҳимоя ўрмонзорларини барпо қилиш ва унга оид тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, мавжуд ўрмонларни сақлаб қолган ҳолда келажак авлодга етказиш, мухтасар айтганда, экологик вазиятни яхшилаш ва унинг салбий оқибатларининг олдини олиш, табиатни асраб-авайлаш бугунги кунда муҳим вазифа ҳисобланади.

Ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган ерларида янгидан ўрмон барпо этиш, шунингдек, илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация, эстетик ва экологик туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш, доривор ўсимликлар ва кўчатлар етиштириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Ўрмонларни ривожлантириш, кўпайтириш ва қайта тиклаш бошқармаси бошлиғи Ўктам Давронов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Бугунги кунда асосий мақсад ҳимоя ўрмонзорларини барпо қилишда экологик вазиятни яхшилаш ва қум кўчишининг олдини олиш мақсадида чўл ҳудудларида ўрмон барпо қилишдир, – дейди Ў.Давронов. – 2020 йилда ҳам 68 минг гектар ер майдонида ўрмон барпо қилиш ишлари амалга оширилган. Чўл ҳудудларида саксовулзорлар, черкез, қандим тоғ ва тоғолди ҳудудларида арчазорлар, пистазорлар, водий ва тўқай ҳудудларида терак, қайроғоч, шумтол каби тез ўсувчи ва мевали дарахт турлари ўсади. Бизга маълумки, Ўзбекистонда тоғ ҳудудлари асосан Тошкент, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ҳамда қисман водий вилоятларида жойлашган. Чўл ҳудудларининг асосий қисми Орол бўйи минтақаси ҳисобланган ва Қизилқум чўлидаги Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида жойлашган.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида 22 минг 557 гектар экин ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 9 минг 704 гектари лалми ер майдони ва 12 минг 853 гектари суғориладиган экин ер майдонидан иборат. Экин ерларининг асосий қисми сув ва ёғин билан таъминланмаган фойдаланишга яроқсиз ерлардан ташкил топган.  

Аммо давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда 2019 йил 23 августдаги “Республикада ўрмонлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ўрмон хўжаликларини ривожлантириш учун йўл очиб берди.

2020 йил давомида Орол денгизининг суви қуриган худудларида 703 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этиш тадбирлари амалга оширилди.  

Ўрмон хўжаликлари томонидан тайёрланган ҳар хил турдаги манзарали, мевали дарахт ва бута турларининг уруғларидан ҳамда ёш ниҳоллардан 2020 йилда жами 80,2 миллион дона ниҳол ва кўчат етиштирилди. Кўчат етиштиришда кўкаламзорлаштириш ва ихота дарахтзорларини барпо қилиш ишлари учун зарур бўлган тут, чинор, қрим қарағайи, элдор қарағайи, павловния каби айрим турдаги манзарали-ноёб турдаги дарахтлар ниҳолларини интенсив усулда кўпайтириш йўлга қўйилди.

Ташкил этилган ниҳолхона ва кўчатхоналарда парваришлаш, жумладан, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, бегона ўтлардан тозалаш каби агротехник тадбирлар олиб бориш – энг асосий тадбирлардан биридир. Шунингдек, ҳар йили ўрмон хўжаликлари томонидан (ўрмон барпо қилиш, ниҳол ва кўчат етиштириш) дарахт ва буталарнинг уруғлари тайёрланади.

Ўрмон барпо қилиш ва кўчат етиштириш мақсадларида 2019-2020 йилларда чўл ўсимликлари билан биргаликда жами 2 минг 900 минг тоннадан ортиқ ҳар хил турдаги дарахт ва буталарнинг уруғлари тайёрланди. Тайёрланган уруғлар ҳимоя ўрмонзорларини барпо қилиш, ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил қилиш ва бошқа ўрмончилик тадбирлари учун сарфланмоқда.

Ўтган йилда 531 гектар майдонда писта, бодом, ёнғоқ, терак плантациялари ва боғ барпо этиш, 2 минг 731 гектар майдонда доривор (қизилмия, наматак) ва бошқа экинлар экиш, 24 гектар майдонда чорвачилик, паррандачилик тармоқларини ривожлантириш мақсадида инвестициявий шартнома ҳамда давлат хусусий шериклик асосида юридик ва жисмоний шахсларга ижарага берилган.

Уруғ тайёрлашда кўкаламзорлаштириш ва ихота дарахтзорларини барпо қилиш ишлари учун зарур бўлган тут, чинор, қрим қарағайи, элдор қарағайи каби манзарали игнабаргли ва япроқбаргли дарахт уруғларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган 2017-2019 йилларда 120,9 минг гектар майдонда ўрмон фонди ерларида биологик усулда касаллик ва зараркунандаларга қарши тадбирлар олиб борилди. Бунинг учун сўнгги уч йилда ўрмон хўжаликларида 64 та биолаборатория ташкил этилиб, керакли миқдорда биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

2020 йилда 86,9 минг гектар майдонда ўрмон касалликлари ва зараркунандаларига қарши кураш ишлари, шу жумладан, 66 минг гектар майдонда биологик усулда амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 96,8 минг гектар майдонда қарши кураш ишлари олиб борилди.  

М. Тошқораева

Биз зўравонликка қаршимиз!

Биз зўравонликка қаршимиз!

Аёл ожиза, бироқ кучли, аёл заифа, аммо иродали! Унинг иродаси олдида лозим бўлса буюклар бош эгади. Азалдан эркаклар...