Давлат раҳбари раислигида жорий йилнинг 11 октябр куни туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Йиғилиш давомида мамлакатимизда кузги кўчат экиш мавсумида 85 миллион туп кўчатлар экилиши, шунингдек, Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан ҳар бир маҳаллага 200 тадан кўчат бепул етказиб берилиши белгилаб берилди. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги 585 та маҳаллаларга ўрмон хўжаликлари томонидан мевали ва манзарали кўчатлар етказиб бериш топшириғи берилган. Ушбу топшириқ ижросини та’минлаш мақсадида Тошкент шаҳар Миробод туманига Жиззах давлат ўрмон хўжалиги томонидан 7800 дона мевали ва манзарали кўчатлар етказиб берилиб, агентлик ходимлари томонидан кўчатларни экиш ва парвариш қилиш бўйича тумандаги маҳаллаларга тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этиш лозимки, «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати элимизнинг шу эзгу қадриятлари янги ва замонавий руҳда қайта кўз очишида, Ўзбекистоннинг ҳар қарич ерини чинакамига яшилликка буркаш, тоза ва мусаффо ҳавога бой, соғлом ва қадри баланд инсонлар яшайдиган мамлакатга айлантиришда улкан қадам бўлди.
Кузги мавсум давом этади.