Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўрмон хўжалиги агентлиги ва бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан “Илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришда хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.
Форумда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда хотин-қизларнинг ўрни, олима аёлларнинг бугунги кундаги фаолияти ва ижобий тажрибалари, уларнинг жамият ҳаётидаги ва қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдаги фаоллигини ошириш каби масалалар кенг муҳокама қилинди.
Бугун мамлакатимиз олималари Ахборот технологиялари, кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда, айниқса фаол изланмоқдалар. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва гуманитар соҳалар ривожида хотин-қизларимизнинг иштироки салмоқли ўрин тутади. Айни пайтда, мамлакатимизда 5 нафар академик аёлларимиз боп, илм-фан соҳасида 5 мингга яқин олималар, олий ўқув юртларида эса 14 мингдан зиёд хотин-қизлар фаолият кўрсатмоқда, таълим муассасаларида эса 4 млн.га яқин хотин-қизлар таҳсил олмоқда. Айниқса, жорий ўқув йилида талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг 48 фоиздан ортиғини қизлар ташкил этгани барчамизни қувонтиради.
“Илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришда хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида ўтказилган халқаро форум мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилган имконият ва имтиёзларнинг муайян сарҳисоби десак, муболаға бўлмайди. “ХХI аср аёли” фестивали шубҳасиз, олима аёллар ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган хотин-қизлар учун янги имкониятлар эшигини очишда, уларнинг ўз олдига қўйган мақсадларига дадил интилишларида рағбат бўлиб хизмат қилади. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг216-бандида “Илмли аёл – жамият кўзгуси” шиори остида “ХХI аср аёли” хотин-қизлар фестивалиниўтказиш белгиланган.

Фестивал доирасида 14 та форум, 27 та семинар, 39 та давра суҳбати, 41 та учрашувлар ўтказилди ва ушбу тадбирларда 21 349 нафар хотин-қизлар иштирок этишди. “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” кўрик-танлови ўтказилди ҳамда кўрик танловини ғолибларни тақдирлаш маросимлари бўлиб ўтди.