Виола гулини виола туридаги ўсимликлар ишлаб чиқаради. Мазкур гул тури диаметри тахминан 2-3 см бўлган бешта бахмал баргларидан ва жуда хилма-хил ранглардан иборат бўлиб, уларнинг мавсуми куздан баҳоргача саналади. Йилнинг энг совуқ ойларида уларнинг гўзаллигидан баҳраманд бўлиш мумкин.
Сурхондарё давлат ўрмон хўжалиги парваришхонасида етиштирилаётган Виола гулининг умумий сони 500 мингта бўлиб, Сурхондарё вилояти бўйлаб экилади.
Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Низомиддин Бакиров ўрмон хўжаликларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Сурхондарё вилоятига борди. Агентлик директори Сурхондарё вилоятига бўлган амалий ташрифни Сурхондарё давлат ўрмон хўжалиги парваришхонасида етиштирилаётган қиш мавсумига мўлжалланган Виола гулларини кўздан кечиришдан бошлади. Ўрганиш асносида ишчи-ходимларга керакли кўрсатмалар ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, Сурхондарё давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан 1 гектар ер ажратилиб, тадбиркорлик асосида иссиқхонада булғор қалампири кўчатлари ҳам етиштирилмоқда.
Агентлик директори Низомиддин Бакиров булғор қалампири кўчатларини кўздан кечирар экан қувончини яшириб ўтирмади ва мана шу жойда меҳнат қилаётган барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.
Агентлик директори Низомиддин Бакиров Сурхондарё вилояти Узун давлат ўрмон хўжалигида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди.
Маълум қилинишича, ҳозирги кунда Узун давлат ўрмон хўжалигида талаб юқори бўлган лаванда, лола, чинор, хилокоталпа ва шунга ўхшаш 60 турдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт ва бута кўчатлари етиштирилмоқда.
Агентлик раҳбари ўрмон хўжалик ҳудудида етиштирилаётган кўчатларни кўздан кечирар экан, кўчат турларини янада кўпайтириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича ўрмон хўжалиги ҳудудида етиштирилаётган, парваришланаётган кўчатларни Республика бўйлаб етказиб бериш, мазкур лойиҳа асосида биргина Сурхондарё вилоятидаги мавжуд ўрмон хўжаликларида етиштирилаётган кўчатлар сонини йилига 10 млн донадан ошириш, шунингдек, доривор ўсимликлар турларини янада кўпайтириш, майдонларини кенгайтириш бўйича ишчи-ходимларга керакли кўрсатмалар ва тавсиялар берди.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати