Сўнгги пайтларда иқлим ўзгариши, ҳароратнинг юқори кўтарилиши, ёз ойларида қуруқ, жазирама иссиқ кунларнинг давомий бўлиши ва ҳавода намликнинг камайиши минтақа ҳудудида чанг бўрон ва чанг тўзонли кунларнинг йилдан йилга ортишига олиб келди.
Чанг-бўронларининг кўтарилишини олдини олиш, атмосфера ҳавосини асраш мақсадида эколог ҳаттоки, чала чўл ҳудудларда янги ерлар ўзлаштирилганда ҳам атрофига қалин тутзор, шамол кучини пасайтирувчи, шамолга чидамли дарахтлар экилиб, чанг бўрон иҳоталанганлигига эътибор қаратиш талаб этилади.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида ҳар бир ҳудудда кўчат экиш тадбирлари яхши йўлга қўйилди. Бу орқали шамолда ердаги зарачаларнинг кўтарилиши олди олиниши ва чанг бўронлари хавфини камайтиришга эришилади. Ҳозирги вазият ва мавжуд имкониятдан келиб чиқиб, дарахтзорлар ташкил этиш шу муаммони ечишдаги оптимал вариантдир. Аммо, иқлим ўзгариши, қурғоқчилик омилининг хавфлилашиб бориш кутилмалари инобатга олинса, келгусида уларни суғориш масаласи ҳам маҳаллий ҳокимиятлар олдида асосий бош қотирма бўлади.
Амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси учун иқлим ўзгариши масаласи долзарблигича қолмоқда, чунки йил сайин иқлим ўзгариши сезиларли бўлиб, иқлимга боғлиқ бўлган хавф-хатарлар – иссиқлик ва совуқ тўлқинлар, шунингдек, уларнинг давомийлиги кўпайиб бормоқда. Буларнинг барчаси кўпинча ҳосилнинг йўқолиши, қурғоқчилик ва сув танқислиги, тупроқнинг емирилиши, чанг бўронлар кўтарилиши натижасида бевосита ижтимоий-иқтисодий инфратузилмага, атроф-муҳитга, аҳоли турмуш фаровонлиги ва саломатлигига таъсир қилади.
Иқлим ўзгаришига мослашиш давлат бошқарувининг барча даражаларида ва республика иқтисодиётининг барча тармоқларида режалаштиришнинг умумий ва зарур таркибий қисмига айланиши керак. Мослашувни миллий режалаштириш иқтисодиёт тармоқларининг иқлим ўзгариши таъсирига заифлигини баҳолашга, иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларни ҳисобга олишга, мослашув тадбирларини молиялаштириш муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради.
БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастурига кўра, иқтисодиётни “яшил”лаштиришга дунё ЯИМнинг 2 фоизини инвестиция қилиш 2011—2050 йиллар давомида ҳозирги ва келажакдаги узоқ муддатли ўсиш суръатларини таъминлайди, иқлим ўзгариши, сув танқислиги ошиши ва экотизим хизматларининг йўқолиши билан боғлиқ жиддий хавфларнинг олдини олади.
Экологларнинг келажакдаги амалий вазифалари инсон эҳтиёжини янада тўлароқ қондиришга қаратилган ҳолда антропоген биоценозларни қайта кўриб чиқиш ва ташқи муҳитни барқарорлигини оширишга қаратилиши керак. Ана шундай эҳтиёж ҳозирги вақтда инсоният башариятига “Инсон ва биосфера” деб аталган йирик халқаро дастурда инсонни ўраб турган атроф муҳитни тадқиқ қилишни аниқ йўналишлари кўрсатиб берилган.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати