Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт”га ўтиши иқтисодий юксалишга қандай ёрдам беради?

Инсоният янги таҳдидлар олдида турибди. Ер шари аҳолиси кўпайиши ҳисобига табиий ресурслар заҳираси муттасил қисқармоқда. Бундай диспропорция дунё мамлакатларини танг аҳволга солиб қўяётгани бор гап. Аввало, глобал экологик муаммоларнинг кескинлашуви кузатилмоқда. Экспертлар вазиятни ўнглаш учун жаҳон иқтисодиётида “яшил тараққиёт” тамойилларини жорий этиш зарурлигини таъкидламоқда.

Ўзбекистон 2030 йилгача “яшил иқтисодиёт”га ўтишни мақсад қилган. Мутахассисларга кўра, “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш Ўзбекистонга кўплаб бонуслар олиб келади.

Ўзбекистон Экологик партиясида Сув хўжалиги вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳамда Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти вакиллари иштирокида Келгуси 7 йилда мамлакатимизнинг асосий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва уни 2023-йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳасида белгиланган вазифалар аҳамияти тўғрисида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш, республикада сувдан оқилона фойдаланиш маданияти ривожлантириш, шунингдек, экологик вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, ўрмонлар майдонини кенгайтириш масалаларининг айни дамда нечоғлик долзарблиги ва уларни амалга ошириш механизмлари тўғрисида сўз юритилди.

Маълумки, Ўзбекистон углеводород энергияси – нефть, газ, кўмирдан фойдаланиш ҳисобига ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг камида 4,5 фоизини йўқотмоқда. Қолаверса, мамлакатдаги энергия ишлаб чиқарувчи қувватларнинг салкам ярми эскирган. Уларни тиклаш ёки модернизациялаш катта маблағни талаб қилади. Бунинг ўрнига ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан самарали ҳисобланган “яшил энергетика”га ўтиш минг чандон афзал. Эътиборлиси, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларидан биринчи бўлиб мазкур ҳаракатга қўшилди. Моҳиятан олиб қараганда, икки йил аввал қабул қилинган “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси” юртимизнинг “яшил тараққиёт” сари юз бурганини англатади.

“Яшил иқтисодиёт” фақат энергетика соҳасини ислоҳ қилишдан иборат эмас. Унинг ичига тоза ичимлик суви муаммолари, озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалигидаги инновациялар, барқарор шаҳарлар, чиқиндиларни оқилона бошқариш, ўрмон ҳудудларини кенгайтириш, чўлланишни қисқартириш каби кўп қиррали ва кенг тармоқли чора-тадбирлар кириб кетади.

Хусусан, Ўзбекистонда 2019-2030 йилларда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш концепцияси қатор вазифаларни ўз ичига олади. Жумладан, энергия самарадорлиги кўрсаткичини икки карра ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш, уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг йигирма беш фоизидан кўпроғига етказиш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини замонавий, арзон ва ишончли энергия билан таъминлаш кўзда тутилган.

Давра суҳбатида шулар хусусидаги зарурий маълумотлар тақдим этилди.