Мамлакатимизда ўрмон фонди ерларининг 82 фоизи чўл, 14 фоизи тоғ, 4 фоизи тўқайзорлардан иборат.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида 200 минг гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилди.
Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида қум кўчиши ҳамда атмосфера ҳавосига туз-чанг кўтарилишини бартараф этиш мақсадида Мўйноқ туманида 128 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар, Навоий вилоятида 17 минг гектар ва Хоразм вилоятида 10 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этилди.
Ўрмон хўжаликлари томонидан дарахт ва буталарнинг 940 тонна уруғлари жамғарилди. 545 гектар майдонда тупроқ-иқлим шароитга мос манзарали, мевали дарахт ва буталарнинг ниҳолхона ва кўчатхоналари ташкил этилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор мавсумида 22 миллион дона иқлим шароитига мос манзарали, мевали дарахт ва буталарнинг кўчат ва қаламчалари етказиб берилди.
Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари четларида 2 минг гектар майдонда иҳота дарахтзорлари ташкил этилди.
Ўрмонларни муҳофаза қилиш ва сақлаш мақсадида тизим ташкилотлари томонидан 40 минг гектар майдонда ўрмон касаллик ва зараркунандаларига қарши ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрмон фондидаги 3,5 минг гектар фойдаланилмаётган ер майдони ўзлаштирилди.
5 минг гектар майдонда доривор ва озуқабоп ўсимликлар плантацияси ташкил этилиб, 2 минг тонна хомашё етиштирилди.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати