Сўнгги йилларда мамлакатимизда экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, жорий йил баҳор мавсумида лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг туман ва шаҳарларида кўчат экиш тадбирлари давомида жами 127,7 млн (режага нисбатан 102,2 фоиз) дона кўчат ва қаламчалар экилиб, “яшил макон” электрон платформасига киритилди. Ушбу тадбирлари учун ўрмон хўжаликлари томонидан 21,8 млн (режага нисбатан 101,3 фоиз) дона кўчат ва қаламчалар етказиб берилди.
Шунингдек, жорий йил баҳор мавсумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Бўстонлиқ туманида Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигига ажратилган ер майдонларида вазирлик ва идоралар томонидан “яшил боғлар” барпо этиш ишлари амалга оширилди. Ушбу ҳудудларда жами 326 гектар майдонда 146 минг дона дарахт ва бута кўчатларини экиш ишлари амалга оширилди. Мазкур тадбирлар кузги мавсумда ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2023 йилда жами 347,1 гектар майдонда “яшил боғлар”ни барпо этиш белгиланган. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунга қадар жами 131 та маҳаллий кенгашларнинг “яшил боғлар” барпо этиш мақсадида ер ажратиш бўйича тегишли қарорлари қабул қилинди. Ўз навбатида ҳудудларда барпо этиладиган “яшил боғлар”ни белгиланган талаблар асосида ташкил этиш мақсадида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича “Яшиллойиҳа” лойиҳалаш институти билан шартномалар имзоланди. Ҳудудларда “яшил боғлар” барпо этиш ишлари жорий йил кузги кўчат экиш мавсумда тўлиқ якунига етказилади.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати