Табиатнинг яшил манзараларидан завқ олмаган, вужудида тетиклик ҳис этмаган инсоннинг ўзи йўқ. Чунки биз — ҳаммамиз табиат фарзандларимиз. Шунинг учун инсоннинг табиат ва жамият олдидаги бурчи ғоятда кенг ва салмоқли.
Ўрмонларнинг инсон ҳаётидаги ўрни…
Ўрмондан унумли фойдаланилса, етилган дарахтлар танлаб қирқилса, тегишли чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилса ўрмон узоқ яшайди, яхши тикланади. Ўрмон ўз навбатида, тупроқ шароитига, унинг сув режимига, структурасига, органик ва минерал моддаларнинг тўпланишига, тупроқ унумдорлигига катта таъсир кўрсатади.
Ўрмон биосферада бир қатор кимёвий элементлар ва сувни сақлаб туради, тропосфера билан ўзаро фаол таъсирлашади ва кислород ҳамда углерод баланси даражасини белгилайди. Улар одамзод учун керакли бўлган кислороднинг 60% ни ишлаб чикаради. Ўрмон рекреация ва соғломлаштириш аҳамиятига эга.
“Aгар сиз ўрмонларни йўқ қилсангиз, экотизимни аввалгидек тиклашнинг иложи бўлмайди. Биз еймиз, ичамиз ва нафас оламиз, чунки бу механизм ишлайди. Кислородни ажратиш, сувни тозалаш, ўсимликларнинг чангланиши буларнинг барчаси катта тизимнинг бир қисмидир. Бу тизимга ўрмонлардаги барча ҳайвонлар ва ўсимликлар ўзларининг ҳиссаларини қўшадилар «, дейди Россиядаги Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди директори Дмитрий Горшков.
Дарҳақиқат, ўрмон майдонларининг ярми одамнинг ташқи таъсиридан деярли азият чекмаган ва ўрмонларнинг учдан бир қисми инсон фаолияти оқибатларини бошидан кечирмаган. Шунга қарамай, ўрмонларнинг йўқ бўлиб кетиши давом этмоқда, бу сайёрамизнинг янги ҳудудлари ўрмон қопламини йўқотишини англатади.
Статистик маълумотларга кўра, дунёдаги ўрмонларнинг ярмидан кўпи бешта мамлакатда: Россия Федерацияси, Бразилия, Канада, AҚШ ва Хитойда жойлашган.
Ўрмонларда ўсувчи ҳар бир дарахт 95 фоиз намликни эҳтиёж бўлган жойга юборувчи, келиб чиқиши табиий акведук. Улар тупроқдаги намликни сақлаб, емирилиш жараёнларининг олдини олади. Бир вақтнинг ўзида буғланган сувни атмосферага чиқаради, бу эса совиш эффектини таъминлайди.
Дарахт ва буталарнинг ҳаётимиздаги аҳамияти қанчалик муҳимлигини барчамиз бирдек англасакда, афсуски, ҳар йили ердаги ўрмонлар юз миллионга яқин дарахтни йўқотади. Бир йилда битта дарахт эса деярли 100 кубометр кислород беради.
Яшил олам мусаффо табиатнинг асосий илдизидир. Кўкка бўй чўзиб турган салобатли дов-дарахтлар, кўкаламзор жойлар кўзни яшнатиши баробарида ҳаво мусаффолигини ҳам таъминлайди.
Унутмайлик, юртимиз иқлимини мўътадил сақлашда, табиатни асрашда барчамиз бирдек даҳлдормиз!
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати