Қадим табобатнинг барча намоёндалари узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришнинг сирлари – инсон табиат унсурларидан нечоғлик тўлиқ фойдалана олишида, дея ҳисоблайди.
Кўчада ҳарорат юқори! Бу иссиқдан сақланишда энг яхши ҳимоя эса дарахтлардир.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, дарахтлар нафақат салқин беради, балки атмосферага чиқариладиган заҳарли ташламалар камайишига, шовқинлар пасайишига хизмат қилиб, бундан ташқари ноёб ва маҳаллий қушларнинг ин қуриб кўпайишлари учун бошпана вазифасини ўтайди. Дарахтлар карбонат ангидридни биз нафас олувчи кислородга айлантириб беради, иссиқ кунда салқинликни ҳадя этади, баъзи дарахтларнинг саломатлик учун фойдали бўлган ширин мевалари истеъмол қилинади.
Бежиз юртимизда қадимдан дарахт эккан инсон улуғланмаган. Бироқ афсуски, сўнгги йилларда Ўзбекистон бўйлаб минглаб дарахтлар кесиб юборилганининг оқибати ҳозиргидек жазирама кунларда айниқса билиняпти. Дарахтлар, бошқа ўсимликларнинг барглари ва шоҳлари ёз ойларида қуёшдан келаётган иссиқлик қувватининг фақат 10-30 фоизини пастга ўтказар экан. Натижада ер устида ҳарорат мўътадил бўлар экан. Шундай фойдали бўлган неъматни асрайлик, асрайлик…
Маълумки, Ўзбекистонда манзарали кўчатларни экиш бўйича ҳар йили экологик акциялар ўтказилади.Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – таълим муассасаларида кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш, ёшларни атроф-муҳит барқарорлигини таъминлашда фаоллиги ва масъулиятини янада ошириш, маҳаллалар ҳудудларини, аҳоли турар-жойлари атрофини бундан-да кўркам кўринишга келтиришдан иборат.
Амалга оширилаётган катта лойиҳа «Яшил макон» юртимизнинг обод бўлиши, экологик тоза ҳудудга айланиши учун, албатта, ўз ҳиссасини қўшмай қолмайди. Аммо соҳани янада ривожлантириш ва бу борада керак бўлса хорижий тажрибани ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати