Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.Абдуҳакимовнинг ахборотини эшитдилар.
Йиғилишда мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил майдонлар”ни кенгайтириш ишларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди.
Шунингдек, А.Абдуҳакимов ўз сўзида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йил камида 200 миллион туп дарахт экиш назарда тутилганлигини таъкидлади.
Маълумотларга кўра, ўтган 2022 йилда жами 202,7 млн. туп дарахт кўчатлари экилган бўлса, мазкур кўрсаткич жорий йил баҳор мавсумида 127,7 млн. тупни ташкил этган. Кўчат экиш ишлари вилоят, туман, маҳаллалар, таълим муассасалари, вазирлик ва идоралар кесимида манзилли дастурлар асосида йўлга қўйилган. Шунингдек, мамлакатимизда кейинги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш мақсадида кўчат етиштириш ишларига тадбиркорлик субъектлари ва ишсиз фуқарорлар кенг жалб этилган. Жумладан, жорий йилда аҳоли томорқаларида 55 млн туп, тадбиркорлик субъектлари томонидан 49 млн тупдан зиёд манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари етиштирилган.
Хусусан, Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам ҳар ким қулай атроф-муҳитга эга бўлиши ҳамда давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши ўз ифодасини топди.
Маъмурий ислоҳотлар доирасида замонавий экологик мониторинг механизмини яратиш, биохилма-хилликни асраш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни тартибга солиш ва яшил ҳудудларни ташкил қилиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг янги тартибларини жорий қилиш орқали экологик вазиятни тубдан яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланди. Унинг вазифалари ва ваколатлари қайтадан кўриб чиқилди ҳамда фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди.
Мажлисда депутатлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республикадаги дарахтларни тўлиқ рақамлаштириш орқали хатловдан ўтказишни якунига етказиш, лойиҳа доирасида жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш, экилган дарахтларни сақлаб қолиш мақсадида суғориш тизимларини ва сув чиқариш қудуқларини ташкил этиш, бу жараёнларда сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш лозимлигини айтиб ўтди.
Бугунги кунда Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига муддатсиз даврга мораторий эълон қилинди ҳамда уларни ноқонуний кесганлик юзасидан таъсирчан чоралар белгиланди.
Шунингдек, ўрмончилик ва ўрмон кўчатчилигини ривожлантириш, кўчатхоналар сонини ошириш, илмий ёндашувлар асосида ҳудудларда иқлимга мос, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш, ҳар бир ҳудуднинг иқлими, тупроқ шароитларидан келиб чиққан ҳолда дарахт тури ва экиш жойларни белгилаш бўйича кўзда тутилган вазифаларни бажарилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш вазирликка тавсия этилди.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати