Мамлакатимизда жонли табиати, мусаффо ҳавоси, бир-биридан гўзал манзаралари билан сайёҳларни ўзига тортадиган масканлар кўп. Зеро, энг қадимги тамаддун ва маданиятлар чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон туризм жозибадорлиги жиҳатидан дунёдаги саноқли давлатлардан бири саналади.
Бетакрор табиати, ҳайвонот олами, гўзал манзаралари, денгиз сатҳидан 2000-4269 метр баландликда жойлашган Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ҳақидаги маълумотлар ҳам кўпчиликка қизиқ бўлса керак.
Угом-Чатқол давлат миллий табиат боғи Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон туманларининг тоғли ҳудудларида жойлашган миллий боғ бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 1990 йил 30 июндаги 270-сонли қарор билан ташкил этилган. Боғнинг умумий майдони 574,6 мингга тенг. Бугун миллий боғда 70 дан ортиқ дарахт ва 80 га яқин бута турлари ўсади. 1000 дан ортиқ ўсимликлар тури мавжуд. Ўсимликларнинг 74 тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.
Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи тўғрисидаги низомга кўра, табиат боғи ҳудудидаги алоҳида экологик, маданий ва эстетик аҳамиятга эга бўлган табиий объектлар ва комплекслар табиатни муҳофаза қилиш, рекреацион, илмий ва маданий мақсадларда сақлаб қолиш ҳамда улардан фойдаланиш учун мўлжалланган. Мазкур боғ Ғарбий Тяньшан саналмиш Маркази Осиёнинг энг ноёб, хушманзара ҳудудларидан бири саналади. У Талас Олатоғи (ғарбий қисмининг ярим) Қоржонтоғ тизмаси, Угом, Писком, Чотқол тизмаларини ўз ичига олган. Табиат боғи ҳудудига тегишли ер, сув, ер ости бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, бошқа табиат объектлари ва комплекслар хўжалик ёки бошқа мақсадларда фойдаланишдан тўлиқ ёки қисман олиб қўйилади ва улардан фақат унда белгиланган режимга мувофиқ фойдаланилади.
Боғда тўнғиз, тоғ эчкиси, қўнғир айиқ, бўри, тулки, қуён каби 212 турдаги ҳайвонлар бор.
Миллий боғ иқлими континенталлиги билан ажралиб туради. Ўртача ҳарорат қишда —14,5° дан —32° гача, ёзда 33,5° дан 42° гача етади. Йиллик ёғингарчилик миқдори 400 мм дан 900 мм гачани ташкил қилади. Миллий боғда пастки тоғлик (900 — 1500 м), ўрта тоғлик (1500 — 2400 (2600) м), баланд тоғлик (2600 — 3000 м), альп (3000 м дан юқори), субальп (3200—3800 м) пояслари мавжуд. Миллий боғ ҳудудида Угом, Кўксув, Чатқол, Чирчиқ, Оҳангарон дарёлари ва жуда кўп сой ва сойликлар бор. Дарёлар соҳиллари ва сойликлар атрофларида оромгоҳлар ташкил этилган, сув омборлари, Чорвоқ ГЭС, Хўжакент ГЭС, Ғазалкент ГЭСлари бор.
Ривожланаётган мамлакатларнинг туризм индустрияси асосан экологик туризм ҳисобига амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда экотуризм сайёҳлик бозорининг асосий фоизини қамраб олган, ўсиш суръати эса туризм индустриясининг умумий ўсиш суръатидан бир неча маротаба юқори ҳисобланади. Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғининг рекреация зоналарида ҳам туризм, рекреация, соғломлаштириш, дам олиш, маданий ва маърифий мақсадларида ташкил этилган 12 дона эко йўналишлар мавжуд.
Дарҳақиқат, ватанимизнинг экотуризмга боғлиқ, бетакрор гўзал табиати, ўзига хос ландшафтлари, хилма-хил ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, нодир, жаҳоншумул аҳамиятга эга бўлган археологик топилмалари, полеонтологик қолдиқлари ҳам, ер юзида кам учрайдиган геологик кесимлар, юзлаб табиий ёдгорликлари ҳам хорижликлар эътиборини тортиши табиий.
Экотуризм-табиий туризм бўлиб, табиат муҳитини ҳосил қилиш ва тушунишни ўз ичига олади. Экотуризмга бўлган қизиқиш ҳақиқий туристик тажрибага талаб ошиб бораётгани ҳамда табиатни қўриқлашга қизиқиш кучаяётгани туфайли пайдо бўлди. У табиий, маданий ва ижтимоий қадриятлар билан мослашадиган ҳамда маданият ва табиатнинг табиий муҳитда бир-бирига уйғунлашувини тарғиб қиладиган туризм хилларини ўз ичига олади.
Угом-Чатқол давлат миллий табиат боғининг эса экотуризм ривожидаги ҳиссаси беқиёсдир!
Дилрабо Бобоева
Ўрмон хўжалиги агентлиги Ахборот хизмати
Собир Бердиев
Миллий табиат боғлари ва овчилик хўжаликлари бошқармаси