Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

17 июнь – “Бутунжаҳон чўлланишга қарши кураш куни”!

Аҳоли ҳам ерларни таназуллга учраши оқибатларидан хабардор бўлиши лозим!

Чўлланиш ва қурғоқчилик бугунги кунда планетар масштабдаги муаммога айланиб улгурди. Чунки айнан чўлланиш бутун ер юзидаги минтақаларни қамраб олади ва бу офатга қарши миллий ва ҳалқаро ташкилотлар ҳамкорликда кураш олиб боришни тақозо этади.

Мазкур муаммоларга ечим топиш мақсадида БМТ нинг бош ассамблеяси томонидан 1994 йил декабрь ойида қабул қилган тегишли резолюциясида ҳар йили 17 июнь кунини “Бутунжаҳон чўлланишга қарши кураш куни” деб эълон қилинди.

Маълумотларга кўра, дунё мамлакатларида ерларнинг деградацияга учраши ва чўлга айланиши жиддий ижтимоий-иқтисодий ва албатта экологик оқибатларга олиб келди. БМТ маълумотларига кўра, ер юзининг учдан бир қисми деградцияга учраган ва ҳар йили инсоният 12 миллион гектар ерни йўқотади. Глобал миқёсда сўнгги 50 йил ичида ўрмон майдони қарийиб уч бараварга камайди. Сайёрадаги ўрмон қопламасининг ҳозирги даражаси ернинг 28 фоизини ташкил этади ва бу ер биосферасини сақлаб қолиш учун зарур минимал даражадир.

Бу йилги чўлланиш ва қурғоқчилик куни, бутун дунё аёлларининг ерга бўлган ҳуқуқларини эътироф этган ҳолда тадбирлар орқали ўтказилиши режалаштирилди. Ушбу Бутунжаҳон хотира тадбири “Унинг ери. Унинг хуқуқлари; гендер тенглиги ва ерларни тиклаш мақсадларига эришиш” мавзусида БМТнинг Бош Ассамблеяси залида шу бугун бўлиб ўтиши маълум қилинди.

Қайд этиш лозимки, ушбу тадбир дунёнинг турли бурчакларидан нуфузли сиёсатчилар, етакчи аёллар, таниқли академиклар, ер фаоллари ва ёшлар вакилларини жамлайди ва аёлларнинг ерга бўлган ҳуқуқларини илгари суриш учун зарур бўлган сиёсий ҳаракатларни муҳокама қилади ҳамда барқарор ер бошқарувида аёлларнинг кучли етакчилиги ва қарорлар қабул қилиш қудратини кўрсатади.

Бу кун жаҳон ҳамжамияти учун муҳим ҳисобланади, чунки шу куни ерларни таназуллга учрашини камайтириш бўйича муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган қарорлар қабул қилишни ва барча даражадаги аҳолини фаол иштирок этиши ва ҳамкорлик қилиши орқали чўлланиш ва қурғоқчиликни салбий оқибатларини бартараф этиш мумкинлигини эслатади.

Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш мамлакатни муқобил ривожланишни таъминлашда катта аҳамиятга эга. Бу ҳолат Ўзбекистон Респубикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотини чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш Конвенциясини бажаришдаги фаол иштирокида намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида сўнги йилларда республикамизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилди, шулардан бири Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш бўйича олиб борилган ишларни кўрсатиш мумкин, бу ерда 2019-2023 йиллар мобайнида қарийиб 1,8 млн. гектардан ошиқ майдонда “яшил қопламалар” барпо этилди ва дастлабки экилган кўчатларнинг бўйи 2 метрдан ошиб кетди. Сувсиз қолган ҳудудлар ўрнида яшил ўрмонзорлар бунёд бўлиб экотизим тикланмоқда, биохилмахилликни сақланишига, кўпайишига ва ривожланишига имкониятлар яратилмоқда.

Бу йилги тадбир аввалгиларидан фарқли равишда жойларда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида барпо этилган яшил ҳудудларда бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари бошчилигида, экологлар, ўрмон хўжалиги ходимлари ва барча ташкилотлар ишчи ҳизматчилари ҳамда аҳоли иштирокида “Кўчатларни суғориш, парваришлаш, зараркунандаларга қарши курашиш” ҳамда “Ҳар бир оила – яшиллик барпо этиш” тадбирлари остида олиб борилаётганлиги кишини қувонтиради. Бу азалий қадриятларимизни тикланаётганлигидир. Бу она табиатга муносабатимизни бутунлай ўзгартириш учун муносиб даъват бўлди. Ҳаммангиз яхши биласиз, халқимиз азалдан табиатни муқаддас деб билган. Тупроқни, сувни, ҳавони, остонасини пок сақлашга интилган. Халқимизда «Бирни кессанг, ўнни эк» деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Оилада янги фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган. Афсуски, мана шу эзгу одатлар бугун деярли йўқолиб кетди.

Бугун дунё миқёсида техника ва технология, саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология, шу жумладан чўлланиш ва қурғоқчилик билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқаётгани бежиз эмас.

Дарҳақиқат, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, айниқса, дарахт экиш, экилган дарахтларни парваришлашга қаратилган умуммиллий лойиҳани амалга ошириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Айтиш жоизки, мамлакатимиз ва бутун дунёдаги вазият чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш муаммоларга мана шундай тизимли ва самарали ёндашувни тақозо этмоқда.

Мана шунинг учун ҳам бугунги тадбир халқимизнинг айни дилидаги ҳаракатга айланди. Унга 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган ҳар бир юртдошимиз ўз ҳиссасини қўшиши керак. Зеро, эртанги келажак бизнинг бугунги ҳаракатимизга боғлиқлигини ҳар биримиз тушуниб, англаб етишимиз керак.

Бугунги давра суҳбатига чўлланиш ва қурғоқчилик масалаларига бевосита алоқаси бор бир қатор вазирлик ва идоралар мутахассислари, халқаро ташкилотлар, илмий тадқиқот институтлари вакиллари ҳамда оммавий-ахборот воситалари ходимлари таклиф этилган. Улар ушбу масала бўйича олиб бораётган ишлари, тажрибалари билан ўртоқлашадилар, ўзаро фикр алмашувлар, халқаро оммавий ахборот воситалари ходимлари билан савол-жавоблар ташкил этилади.

Давра суҳбатининг мақсади “Бутунжаҳон чўлланишга ва қурғоқчиликка қарши кураш” куни арафасида, аҳолининг ерларни таназуллга учраши оқибатларидан хабардор этиш ҳамда БМТ нинг 2018-2030 йилларда Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича стратегиясини бажаришга эътиборини жалб этишдан иборатдир.

Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати