Жорий йил пойтахтимизда ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан “Ўрмон тўғрисида”ги Қонуннинг ўрмонларни кўпайтириш, қайта тиклаш ва уларнинг маҳсулдорлигини оширишга оид нормалар ижро этилиши ҳолатини назорат таҳлил тартибида Наманган ва Самарқанд вилоятлари мисолида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилишда Ўрмон хўжалиги агентлиги раҳбари ўринбосари Ғ. Қурбонов иштирок этди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатимизда ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, кўпайтириш, такрорий кўпайтириш, қайта тиклаш, “яшил майдонлар”ни кенгайтириш ишларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, республика ҳудудларида ўрмонлар майдонини кенгайтириш ва ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ бир қатор устувор вазифалар белгиланган.
Маълумотларга кўра, бугунга келиб Ўрмон хўжалиги агентлиги тасарруфидаги ўрмон фонди ерлари майдони республика бўйича 11,8 млн гектарни ташкил қилмоқда. Шундан, Наманган вилоятида 151,4 минг гектар, Самарқанд вилоятида эса 70,3 минг гектар ўрмон фонди ерлари мавжуд.
Ўрмон фонди ерларининг ўрмон билан қопланганлик даражаси кўрсаткичи ўрмон хўжалигида муҳим фаолият индикатори бўлиб, ҳозирги кунда мазкур кўрсаткич мамлакатимизда 5,3 млн гектарни ташкил этади. Мамлакатимизда ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепсиясига асосан, ўрмон фонди ерлари майдонини 14 миллион гектарга, шундан ўрмон билан қопланган ерларни 6 миллион гектарга етказиш белгиланган. Ўтган қисқа даврда эса бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилди.
Хўш, Ҳудудларда бугунги кунда дарахтларга бўлган эътибор қандай бўлмоқда?
Ғ. Қурбоновнинг таъкидлашича, ҳудудларда ўрмонларни такрорий кўпайтириш, уларнинг тур таркибини яхшилаш, ўрмон мелиорацияси ва ўрмонларни плантация усулида етиштириш ишлари амалга оширилган, ўрмон ерларидаги дарахтларнинг инвентаризациияси ўтказилиб, қуриган кўчатлар ўрни тўлдирилган.
Республикада ўтган 2022 йилда ўрмон фонди ерларида жами 233 минг гектар майдонда ўрмонларни кўпайтириш, жумладан, 113 миллион дона ниҳол ва кўчатларни етиштириш, 1 минг тонна дарахт ва буталарнинг уруғларини тайёрлаш ва бошқа ўрмончилик тадбирлари амалга оширилган.
Биргина Наманган вилоятида 2022 йилда 6,2 млн. дона ниҳол ва кўчатлар етиштирилган бўлса, жорий йилда ниҳол ва кўчатларни етиштириш мақсадида 18 гектар майдонда ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этилган. Ўтган йилда 930 гектар, бугунги кунда эса 80 гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилган.
Самарқанд вилоятидаги ўрмон фонди ерларида эса ҳудуднинг иқлим шароитга мос ўсимликлар, жумладан қрим қарағайи, заранг, терак, тол, павловния, қайроғоч ҳамда бошқа дарахт ва буталар етиштирилган. Масалан, 2022 йилда 11,1 млн дона ниҳол ва кўчатлар етиштирилган бўлса, жорий йилда 35 гектар майдонда ниҳолхона ва кўчатхоналар барпо этилган. Ўтган йилда 1427 гектар, 2023 йилда 331 гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ва қайта тиклаш ишлар йўлга қўйилган.
Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, ҳар йили дунё бўйлаб ўрмонлар 200 минг км²га қисқаради. Бу эса ўн минглаб жонзотларнинг ўлимига олиб келади.
Шундай экан, она табиатни асраш, уни келгуси авлодларга етказиш, яшиллик оламини қисқаришига йўл қўймаслик бугуннинг долзарб вазифаларидан биридир!
