Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Н. Бакиров раислигида марказий аппарати ходимлари, тизим ташкилотлари ва хўжаликлар раҳбарлари иштирокида ташкил этилган йиғилишда соҳага тегишли ҳужжатлар ижроси хусусида сўз борди.
Қайд этилишича, жорий йил апрель ойида “Ijro.gov.uz” тизимида Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан бажарилиши лозим бўлган топшириқлар сони 65 тани ташкил этади. Шундан, 10 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони, 46 таси Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ҳамда 9 таси Давлат Раҳбари ҳузурида ўтказилган йиғилиш баёнлари топшириқларидан иборат.
Бугунги кунда “Ijro.gov.uz” тизимида Ўрмон хўжалиги агентлиги масъул бўлган 5 та топшириқлар ўз муддатида бажарилмаган. Жумладан, 1 та топшириқ бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармони 4-иловаси 16-банди ижро муддатини узайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 10 мартдаги Раёсат Мажлиси баёнига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 22 январдаги ПҚ-98-сон қарорида 35 та топшириқ берилган бўлиб, бугунги кунда 32 таси бажарилган, қолган 3 таси пудратчи ташкилотларнинг масъулиятсизликлари сабабли муддатидан кечикмоқда.
Йиғилиш давомида соҳага тегишли ҳужжатлар ижросида йўл қўйилган сусткашликлар масаласи таъкидланди.
Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси устидан тизимли назорат ўрнатиб, ижро интизомини мустаҳкамлаш борасида қуйи тизимдаги ташкилотларга нисбатан талабчанликни оширсин ҳамда топшириқларни доимий назорат қилинишини ташкил этилиши қайд этилди.
“Ijro.gov.uz” тизимидаги топшириқлар ижроси ҳолатини марказий аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарлари иштирокида ҳар куни муҳокама қилиб, тегишли чоралар кўриб борилишини таъминланиши, иш кунини “Ijro.gov.uz” тизимидаги топшириқларни бажарилишини ташкил этиш билан бошлаш тартибини жорий этилиши айтиб ўтилди.
Келгусида “Ijro.gov.uz” тизимидаги топшириқлар ижроси ҳолатини ҳафтада икки марта (душанба-жума кунлари) тизим ташкилотлари раҳбарлари иштирокида Ўрмон хўжалиги агентлиги йиғилишларида танқидий муҳокама қилиб борилишини таъминлаш каби масалалар белгилаб қўйилди.
Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати