Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Инсон бор экан, у яшаётган ҳудуд боғу бўстонга айланиши шарт!

Аллергия инсон организмига ташқи муҳитдан тушган ёд заррачалар, яъни аллергенларга нисбатан жавоб реакцияси ҳисобланади. Аллергия касалликларининг келиб чиқишида бевосита ўсимлик гулчанглари асосий омил бўлиб ҳисобланади. Айниқса, баҳор, ёз ва куз фаслларида кучаяди. Жаҳон статистикасига кўра, бир йилда 32 — 50 фоизгача бўлган инсонлар аллергия билан касалланади. Ўзбекистон статистикасида эса бу кўрсаткич 32,7 фоизга тўғри келади.

Замбуруғли касалликлар, наслий мойиллик, аллергия кузатилиши ёки узоқ вақт давомида дори препаратини қабул қилиш каби омиллар аллергик реакция ҳосил қилиши мумкин. Сурункали касалликларда узоқ вақт давомида ичиладиган дорилар организмда йиғилиб қолиб, турли аллергик ҳолатларни келтириб чиқариши эҳтимоли ҳам бор. Шу сабаб ҳам бундай хасталикларни даволашда дориларни танаффус билан ичиш кераклиги таъкидланади. Агар бирор дори аллергия берса, бошқа препарат билан ўзингизни даволашга ошиқманг. Бундай вазиятларда сурги таъсирли дорилар билан организм тозалангач, зарур муолажа бажарилиши мақсадга мувофиқдир.

Умуман, инсонларда учраб турадиган ва тобора кўпайиб бораётган мазкур касалликларнинг энг асосий сабабларидан бири атроф-ҳавода кўтарилаётган чанг-тўзон, яшиллик оламига етказилаётган шикастликлардир.

Тўғри, аксарият дарахтларнинг аллергик касалликларни қўзғалишига сабаб бўлиши рост. Аллергия уч даврга бўлинса, бошланғич даври – март ойининг бошидан май ойи ўртасигача, яъни дарахтлар гуллаши пайтига тўғри келади. Иккинчи даври май ойидан июлнинг охири, август бошигача давом этади. Бу вақтда дала ўтларининг гуллаши юз беради. Ва ниҳоят учинчи даври бошоқли ўсимликлар, шувоқнинг гуллаши билан боғлиқ бўлиб, август ойидан ноябргача чўзилади.

Аммо, ҳар қандай ҳолатда ҳам мусаффо осмон, тоза ҳаво ва гуркираб турган яшиллик инсониятни турли касалликлардан ҳимоя қилади. Зеро, атмосфера ер шарининг ҳаво қобиғи бўлиб, биосферада ҳаёт мавжудлигини таъминловчи асосий манбалардан биридир. Атмосфера барча жонзотларни зарарли космик нурлардан ҳимоя қилиб туради, сайёра юзасидаги иссиқликни сақлайди. Табиатни тоза тутиш, яшилликни асраш, тоза ҳаводан нафас олиш энг ноёб бойлик ҳисобланади.

Табиатни асраш, атроф-муҳитни покиза тутиш башарият учун ҳаёт-мамот масаласи, келажак авлод олдидаги долзарб мажбуриятдир. Юртимиз бўйлаб ташкил этилаётган яшил ҳудудлар, обод этилаётган манзиллар эса ана шу мақсад йўлидаги эзгу ташаббусларнинг амалий ифодасидир. Инсон бор экан, у яшаётган ҳудуд боғу бўстонга айланиши шарт. Бугун бу ишни амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд.

Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати