Дарахтлар. Улар ҳаводаги зарарли карбонат ангидридни ютиб, ўрнига кислород ишлаб чиқаради ва бизнинг нафас олишимизга ёрдам беради. Улар иссиқда салқинлик беради, атроф-муҳитни шовқинлардан ҳимоя қилади.
Аҳоли саломатлигини кенг таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида тегишли чоралар кўрилмоқда. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, дарахт экиш, атмосфера ҳавоси, сув ва ер ресурсларининг ифлосланишини камайтириш, биологик хилма-хилликни сақлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 10 май санасида Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳамда “Замин” ҳалқаро жамоат фонди масъулларининг ташаббуслари билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишларини тизимли ва сифатли ташкил этиш мақсадида амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда Сурхондарё вилоятининг ўрмончилари, ободонлаштириш бошқармалари ҳодимлари, карантин хизмати ходимлари ҳамда кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш йўналишларида фаолият юритувчи ишчи ходимлар иштирок этдилар. Семинар давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек, соҳа мутахассислари дарахт ва бута кўчатларини белгиланган талаблар асосида экилишини ташкиллаштириш, дарахтларнинг касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш ишларини самарали тарзда ташкил этиш юзасидан ўз тавсиялари билан ўртоқлашди.
Амалий семинар якунида мавзу юзасидан савол ва таклифлар муҳокама қилинди.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати

