Статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича кунлик ташланаётган маиший чиқиндиларнинг фақат учдан бир қисми қайта ишланади. Шу боис чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларнинг утилизацияси тобора долзарб бўлиб бормоқда.
Ўзбекистон бўйича бир кунда 19-20 минг тонна чиқинди ҳосил бўлади. Чиқиндилар турли хил металлар, шиша идишлар, макулатура, пластик, озиқ-овқат маҳсулотларининг қолдиқларидан иборат бўлиб, уларнинг фақат 32 фоизи қайта ишланади.
Ўзбекистонда атроф-муҳит, флора ва фаунани асраш мақсадида ҳуқуқбузарларга нисбатан катта миқдордаги жарима жазоларини қўллаш, ҳаттоки молиявий санкциялар эълон қилиш масалаларини қонунчиликка киритиш таклифлари ишлаб чиқилмоқда.
Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, Сингапур, Япония ёки Корея давлатлари тажрибасига таянилса, ушбу мамлакатларда сақичми ёки тамаки қолдиғи бўладими, полимер чиқиндими, уларни кўчага улоқтириш, катта миқдордаги жарима жазосига сабаб бўлади. Ҳаттоки уларга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилади. Лекин мамлакатимизда ҳали бу жорий этилмаган. Янги қонунчиликда айнан мана шундай чоралар ҳам эътиборга олинади. Булар қонунчиликка киритилади. Бугун Ўзбекистонни озода ва яшил сақлаб қолиш учун ҳам шундай чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
“Халқимиз орасида ‘Йиғиштирилган жой эмас, чиқинди ташланмаган жой тозадир’, деган нақл юради. Бу масалани ҳам вазирлигимизнинг шиорларидан бирига айлантирмоқчимиз” , дейди А.Абдуҳакимов.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати