Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Бетакрор ландшафтлардан ташкил топган Боботоғ!

Ўрмонлар бу бир-бирига ва ўсиш шароитига таъсир этувчи ва географик ландшафт элементини ҳосил қилувчи дарахтсимон ўсимликлар мажмуи саналади.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ўрмонлар Ер сайёрасининг ўпкаси бўлиб, уларсиз ҳаётни тасаввур қилишни имкони йўқ.

Ўрмон массивлари 38 миллион квадрат километрга яқин майдон — қуруқликнинг тахминан учдан бир қисмини эгаллайди. У ерда сайёрадаги ўсимлик ва ҳайвонларнинг деярли ярми ўсади ва яшайди.

Ўзбекистон табиати ҳам 4 фаслни ўзида жамлаган. Табиати турфа хил, бетакрор манзараси билан кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлади.

Сурхондарё вилоятидаги “Боботоғ” тоғ тизмалари Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида Сурхондарё ва Кофарниҳон дарёлари оралиғида жойлашган. Узунлиги қарийб 125 километрга, эни 30-40 километрга чўзилган. 65 минг 732 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган ўрмон хўжалигининг 36 минг 564 гектардан зиёд ҳудудини пистазорлар ташкил этади. Ўрмон хўжалигининг денгиз сатҳидан 800-900 метр баландликларида наъматак, зирк, бодом, писта сингари мевали ва манзарали дарахтлар мавжуд. Арчазорлари ундан ҳам баланд тепаликларида учрайди. Доривор коврак ўсимлиги ўсади. Тоғолди кенг яйловлардан иборат.

Жаҳонда писта меваси ва коврак ўсимлиги ширасига йилдан-йилга эҳтиёж ортиб бораётганлиги сабабли Сурхондарё вилоятидаги “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалигида ҳам 10 минг гектар майдонда писта ва қатор ораларида коврак доривор ўсимлиги плантациясини барпо этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Писта меваси ва коврак ўсимлиги маҳсулот ҳам шифобахшлиги билан дунё бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Хусусан, халқ табобати ва замонавий тиббиётда писта соғлик учун фойдали ажойиб неъмат сифатида қайд этилади. Айниқса, Боботоғ пистаси калорияси юқорилиги ва витаминларга бойлиги билан ажралиб туради.

Мутахассислар фикрича, маданий пистазор қатор ораларида доривор ўсимлик етиштиришнинг йўлга қўйилиши лойиҳанинг самарадорлигини янада ошириб, бир гектар майдондан янада кўпроқ фойда олиш ва ерлардан оқилона фойдаланиш имконини беради.

“Боботоғ” ҳудуди ўзининг бетакрор манзараси билан инсонни жалб этади. Тоғ тизмаси асосан палеоген ва юра даври оҳактошлари, гил, алевролит, қумтошлардан таркиб топган. Шарқий ён бағри тик ва энсиз, тоғолди текисликлари Кофарниҳон дарёси террасаларида жойлашган. Ғарбий ён бағри анча ётиқ ва кенг, асосий қисми паст тоғлардан иборат. Боботоғнинг ён бағирлари кўплаб қуруқ сойлар билан парчаланган. Иқлими қуруқ ва кескин континентал. Ўртача йиллик ҳаво ҳарорати тоғ этакларида 16, ўртача баландликларда 8-10 градусни ташкил этади. Йиллик ёғин миқдори 170 миллиметрдан 350-400 миллиметргача. Тоғ ён бағирларида булоқлар, қиш ва баҳорда тўлиб оқиб, ёзда қуриб қоладиган сойлар бор.

Боботоғнинг Кофарниҳон водийсида суғориладиган деҳқончилик яхши ривожланган. Бу жойларда алоҳида муҳофаза қилиниши зарур бўлган ландшафт кўп.

Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати