БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб 7 миллион киши ҳавонинг ифлосланиши оқибатида вафот этади. Уларнинг кўпчилиги саратон, нафас олиш йўллари ёки юрак касалликларига чалинган. Болаларда кўп ҳолларда астма, сурункали ўпка касалликлари, ўсишнинг секинлашиши, семириш ва ақлий заифлик пайдо бўлиши эҳтимоли кўпроқ бўлар экан.
Олимлар томонидан дунёнинг кўплаб шаҳарларида ҳавони ифлослантирувчи моддалар концентрациясининг, айниқса азот оксидлари даражасининг кескин пасайиши аниқланган. Бу, асосан, шаҳар жойларида транспорт ҳаракати камайганлигининг натижаси бўлди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳаво сифатига транспорт воситаларидан ташқари кўплаб бошқа ифлослантирувчи моддалар ҳам таъсир қилади. Масалан, турар-жой бинолари ва бошқа биноларни иситиш пайтида ёки далаларни уруғлантириш пайтида ҳавога кўтариладиган майда заррачалар орқали ифлосланиш даражаси пасаймади.
Ўрганишларга кўра, мамлакатимизда атмосфера ҳавосининг сифат ва миқдорий таркиби шаклланишида табиий ифлослантирувчи манбалар каби антропоген ифлослантирувчи манбалар ҳам катта роль ўйнайди.
Ҳозирги кунга келиб инсониятнинг атроф-муҳитга таъсири тобора кучайиб бормоқда, натижада ҳаётни доимийлигини таъминлайдиган асосий жараён-яъний табиий мувозанатни бузилишига, ер юзасининг кўпгина ҳудудларида ноқулай экологик шароитларнинг пайдо бўлишига, маҳаллий, минтақавий ва глобал даражадаги экологик муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмокда. Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи табиий омилларга тоғ жинсларининг емирилиши, зилзила оқибати, вулқонларнинг отилиши, ўрмонларга ўт кетиши натижасида табиатга, атроф-муҳитга зарарли омилларнинг тарқалиши киради.
Хўш, тоза атмосферадан нафас олиш учун қандай чораларни амалга ошириш муҳим?
Маълумки, кўпгина ўсимлик турлари ҳаво намлигини ошириб ва ифлослантирувчи моддалар концентрациясини камайтириб, биофильтр каби таъсир кўрсатади.
Ҳаво газ ва корхоналарнинг зарарли чиқиндилардан табиатнинг шамол, ёмғир, қор каби табиий жараёнлари ҳисобига тозаланади. Афсуски, ёпиқ иншоотларда бундай «тозалаш тизими» кўзда тутилмаган, шу боис бино ичидаги ҳаво ташқаридагидан ифлосроқ бўлиши мумкин. Ёпиқ иншоотларда чангдан ташқари, мебель, қурилиш материаллари ва маиший кимё воситаларидан ажраладиган зарарли моддалар тўпланади. Иншоотлардаги микроиқлимни оддий хона гуллари ёрдамида яхшилаш мумкин. Маълум бир ўсимлик турлари ҳаво намлигини ошириб ва ифлослантирувчи моддалар концентрациясини камайтириб, биофильтр каби таъсир кўрсатади.
Тоза атмосферага эришиш ва инсон саломатлигини асраш мақсадида яшил оламни сақлаш ва кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалиётга кенг тадбиқ этилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ошириш режа қилинган.
Бахт индексини белгилашда экологик омиллар ҳам етакчи ўрин тутаркан. Ўлкада яшил олам қанчалик катта ҳудудни эгалласа, бахтлилик даражаси ҳам ортар экан. Шундай экан, атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, биохилма-хилликни асраш, “яшил олам”ни кенгайтириш барчамизнинг вазифамиздир.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати