Инсоният атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан ёндашиш, табиий бойликларни асраб-авайлаш, унинг неъматларини келгуси авлодларга бекаму кўст етказишга масъулдир. Чунки дунёда рўй бераётган иқлим ўзгариши, атмосферанинг ифлосланиши, чучук сув, нефть ва газ захираларининг камайиб бораётгани сингари ўнлаб экологик муаммоларнинг юзага келиши биздан табиатдан оқилона фойдаланиш ва унга етарлича муносабатда бўлишни талаб қилмоқда.
“Агар дунёда чанг бўлмаганида, инсон минг йил умр кўрарди”, деб айтган эди улуғ аллома, тиб илмининг асосчиси Абу Али ибн Сино. Атроф муҳит мусаффолигини таъминлашда эса, дарахтлар инсониятнинг беминнат кўмакдошларидир. Улар ҳаводаги зарарли карбонат ангидридни ютиб, ўрнига кислород ишлаб чиқаради ва бизнинг нафас олишимизга ёрдам беради. Улар иссиқда салқинлик беради, атроф-муҳитни шовқинлардан ҳимоя қилади. Маълумотга кўра, ҳозирги кунда дунё бўйича 3 трлн. атрофида дарахт мавжуд. Бироқ ҳар бир дақиқада уларнинг 27 та футбол майдонига тенг қисми кесилмоқда. Афсуски, бу борадаги аҳвол мамлакатимизда ҳам мақтанарли даражада эмас.
Юртимизнинг ҳар қарич ери олтинга тенг. Унинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, зилолдек тиниқ ва шифобахш сувлари ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади.
Она заминни ва инсонлар саломатлигини асраш, мамлакатда яшилликни ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилинди. Лойиҳа доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа амалий ишлар вақти келганлигининг исботидир. Аҳоли яшаш пунктларида дарахтлар экиш ҳамда уларни парваришлаш доимий жараёнга айланиб бормоқда. Зеро, Президент «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас» дея бежизга таъкидлаб ўтмади.
Яшил олам ичра бир жонмиз! Табиатнинг ўзи заргарга ўхшайди. Унинг бағридан униб чиққан ҳар бир гиёҳ, ҳар бир дарахт, ўрмонлар, ҳайвонот олами ўзига хос бир оламдир. Бу табиий бойликка дахл қилинишининг олдини олиш, муҳофаза қилиш фақат шу соҳа ходимларининг иши эмас, балки барчанинг бурчидир. Чунки, биз яшаётган ҳудуд мусаффолиги, экологик мувозанат барчамизга бирдай дахлдордир.
Унутмайлик, ҳар биримиз табиий гўзалликларга зиён етказмасликка одатлансак, келгуси авлодлар келажаги ва хаётнинг давомийлиги учун шунчалик кўп қайғурган бўламиз.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати