Маълумки, тоғларнинг энг юқори қисмидаги арчалар сийрак, бўйи паст, танаси қийшиқ, сершох бўлиб, кўпинча ер бағирлаб ўсади. Арчазорлар 600 — 700 йил (айримлари 2000 й. гача) яшайди. Тоғларда сув тўплаш, тупроқ эрозияси олдини олиш, сел тошқинларини бартараф этиш каби муҳим вазифаларни бажаради.
Арчанинг хўжаликдаги аҳамияти катта. Ёғочи меъморликда, ўймакорликда ва қалам ясашда ишлатилади. Баъзи турларидан хушманзара ўсимлик сифатида фойдаланилади. Қуббаларидан турли моддалар (эфир мойи, қатрон, қанд, мум ва органик кислоталар) олинади. Қуббасининг дамламаси табобатда сийдик ҳайдовчи, балғам кўчирувчи ва овқат ҳазм қилишни яхшиловчи дори сифатида ишлатилади. Ўрта Осиёдаги турларидан олинадиган эфир мойининг цедрол фракцияси эса жароҳатни, суякнинг тешилиб оқишини даволашда қўлланилади.
Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати