Тозалик, покизалик ва озодалик халқимизга хос гўзал қадриятлардан биридир. Бобо-момоларимиз ҳамиша уйи ва унинг атрофи, теварак-атрофни покиза сақлагани, саранжом-саришта яшаганини барчамиз яхши биламиз. Бироқ бу гўзал анъанага ҳар доим ҳам амал қилмаслигимиз, айрим юртдошларимиз турли чиқиндиларни дуч келган жойга улоқтиришни одат қилгани бугун, таассуфки, аччиқ ҳақиқатга айланган.
Табиатни ва экологияни асрашда энг аввало яшиллик олами муҳим аҳамият касб этади. Ўрмон хўжалиги агентлиги мутасаддилари томонидан ҳам жойларда яшилликни таъминлаш, асраш, ўрмончиликни ривожлантириш борасида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилган.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 186 туман ва шаҳарда 2022–2024 йилларда жами 1278 гектар, шундан 2022 йилда 584 гектар майдонда “Яшил боғлар”, 184 туман ва шаҳарлардаги 306 объектда 2022–2024 йилларда жами 1082 гектар майдонда янгидан “Яшил жамоат парклари”ни барпо этиш белгиланган.
Мазкур лойиҳа юзасидан Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан белгиланган режаларга мувофиқ ишлар амалга оширилди.
Атрофимизни ўраб турган бу турфа оламнинг ҳар бир неъмати инсон учун яратилган. Бир қарашда чексиз-чегарасиз, поёнсиздек туюлган бу замину коинотда аслида ҳамма нарса ўлчовли. Ана шу жиҳат эътиборга олиниб, муқаддас манбаларимизда табиатдан фойдаланишда тежамкор бўлиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик қайта-қайта уқтирилади.
Ўрмончилик соҳаси мутахассислари ҳам аҳолини табиатнинг ҳар бир неъматини қадрлашга, табиатдан фойдаланишга тежамкор бўлишга ва уни асраб-авайлаб келгусидаги авлодларга шикастсиз етказишга чақиради.