Давлат рамзлари
  • Ўзбек
  • English
  • Русский
  • Ўзбек
  • English
  • Русский

Тоза ичимлик суви – Ер сайёрасида инсоният кун кўриши учун энг зарурий шартлардан бири

Дунё миқёсида сув танқислиги хавфи ортиб бораётган бир пайтда Марказий Осиё хусусан, Ўзбекистондаги сув ва унга алоқадор муаммолар нафақат минтақавий, балки глобал аҳамият касб этаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мазкур масала бўйича чуқур илмий асосга эга тадқиқотлар ҳам бажарилмоқдаки, улар орасида ўзбекистонлик олимларнинг ҳам борлиги қувонарли.

Аммо афсуски, аномал жазирама, сув муаммоси, иқлим ўзгаришлари Ўзбекистонга ҳам бегона эмас. Бутун дунё бошидаги муаммо. Ёзда ҳароратнинг кескин кўтарилиши, чўлланиш, ичимлик сувининг етишмаслиги, ёғингарчиликнинг камаяётгани каби нохуш манзара кўлами йил сайин кенгайиб, хавотирли чақириқлар янграмоқда.

Иқлим ўзгаришлари доим бўлган. Бироқ унинг ўзгариш темпи турлича, баъзан секин, гоҳи тез кузатилган. Лекин бугунги қурғоқчилик бир давлат ё маълум ҳудуднинг эмас, умумдунёнинг муаммоси. Бу чинакам табиий офат — қарийб 55 млн кишининг турмуши издан чиқиши мумкин. 2050 йилга бориб қурғоқчилик дунёнинг тўртдан уч қисмига таъсир қилиш тахмини бор.

Маълумки, ўлкамизнинг 70 фоиз ёки 31,4 млн гектар ери қурғоқчил майдонлардан иборат. Улар табиий шўрланган, кўчма бархан қумлик ва қумликлардан таркиб топган чўл ҳамда иссиқ гармсел шамоллари таъсиридаги ҳудудлардир. Орол денгизи сув сатҳи ресурсларининг қуриши туфайли яна 3 млн гектардан ортиқ майдонда Оролқум пайдо бўлди.

Мамлакатимизда мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, охирги йилларда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида глобал экологик муаммонинг олдини олиш ва аҳолининг ижтимоий-иқтисодий яшаш тарзини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлари олиб борилди.

Жумладан, 2022 йилда 107 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этилди. Жами 590,3 тонна, шундан 391 тонна маҳаллий аҳоли томонидан чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилди. 100 гектар саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан ниҳолхоналар ташкил этилди.

Шунингдек, ушбу барпо этилган “яшил қопламалар” соҳа олимлари доимий мониторинг қилиниб, чўл ўсимликларининг кўкариши бўйича яхши натижаларга эришилмоқда.

2023 йилда 100 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилиши режалаштирилган. Ушбу “яшил қопламалар”ни барпо этиш ва хатосини тўлдириш учун жами 420 тонна саксовул, қандим, қорабуроқ каби чўл ўсимликларининг уруғларини жамғарилади. 100 гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан ниҳолхоналар ташкил этилади.

Хулоса ўрнида айтганда яшилликни, она табиатни асраш учун сув муаммосини бартараф этиш талаб этилади. Тоза ичимлик суви – Ер сайёрасида инсоният кун кўриши учун энг зарурий шартлардан бири. Сув тикланувчи ресурс бўлсада, дунё аҳолиси ортиб бораётгани ҳисобига сув танқислиги муаммоси пайдо бўлган ҳудудлар сони ҳам йилдан йилга кўпаймоқда.

Мазкур муаммоларни олдини олиш юзасидан соҳаларда сув тежовчи технологиялар кенг жорий этилмоқда.