13 апрель “Халқоро ўсимликларни қадрлаш куни”
БМТ нинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, ҳар йили зараркунандарлар ва касалликлар туфайли 40 фоизга яқин озиқ-овқат экинлари нобуд бўлади. Бу қишлоқ хўжалигига катта зарар етказади.
Шунингдек, иқлим ўзгариши ва инсон фаолияти экологик тизимга таъсир кўрсатиб, биологик хилма-хилликка зиён етказмоқда.
2018 йилнинг декабрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 2020 йилни Халқаро ўсимликларни ҳимоя қилиш йили деб эълон қилди. 2019 йил декабрь ойида ФАО бош директори Цюй Дунъюй ФАО Кенгашининг махсус сессияси сифатида бўлиб ўтган очилиш маросимида Халқаро ўсимликларни ҳимоя қилиш йили бошланганини расман эълон қилди.
Ўсимликлар ва дарахтларни ҳимоя қилиш жуда муҳимдир. Улар барча ёввойи табиат билан боғлиқ бўлган экологик асосдир.
Мамлакатимизда ҳам сўнгги ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқарув тизими такомиллаштирилди. Фитосанитар ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, минерал ўғит ва кимёвий воситаларни етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш тизими хусусий секторга ўтказилди. Ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишда экин туридан келиб чиқиб, уйғунлашган кураш чоралари босқичма-босқич амалиётга жорий қилинмоқда.
Ўрмон хўжалиги агентлиги мутасаддилари томонидан ҳам республика бўйлаб уруғчиликни ривожлантириш ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича амалий семинарлар ва ўсимлик дунёсини сақлаб қолиш, тиклаш, такрор кўпайтириш ва ундан оқилона фойдаланишга, у ўсадиган муҳитни сақлаб қолишга қаратилган, илмий асосланган тадбирлар ташкил этилди. Зараркунанда ва касалликларга қарши фитосанитар чоралари амалга ошириш, зарарли организмларга қарши кураш чоралари ҳақида тавсиялар берилди.
Ўсимликларнинг бой ва соғлом хилма-хиллиги нафақат ижтимоий ва экологик аҳамиятга эга, балки қишлоқ хўжалиги туфайли катта иқтисодий фойда келтиради. Ўсимликлар муҳим озиқ-овқат манбасидир. Истеъмол қилинган ўсимлик маҳсулотларидан танага кирадиган озуқа моддалари бўлмаса, инсон саломатлиги сезиларли даражада зарар кўради.
Шу билан бирга, ўсимликларни етиштиришда муҳим рол ўйнайдиган минерал ўғитлар ва кимёвий моддаларни нотўғри ишлатиш атроф-муҳит, инсон саломатлиги, ҳайвонлар, ўсимликлар учун сезиларли хавф туғдиришини ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини пасайтиришини унутмаслик керак.