Ибн Сино тавсияларига кўра, коврак уруғининг қайнатмаси (уруғи худди супургиникига ўхшаш малла ранг, шакли ҳам шунга ўхшаб кетади) 3 маҳал 50 граммдан ичилса, она сути кўпаяди. Ширасига анжир қўшиб ейилса, сариқ (гепатит) касаллигини тузатади. Елимига мурч, сирка қўшиб, ёмон сифатли яраларга сурилса, фойда қилади. Соч тўкилишига ҳам ўта фойдалидир.
Маълумки дунё миқёсида фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг тахминан 50% доривор ўсимликлар хомашёсидан тайёрланмоқда. Кўпчилик мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам фармацевтика саноатини жадаллик билан ривожланиши бундай корхоналарнинг доривор ўсимликлар хомашёсига бўлган талабни кескин ортишига сабаб бўлмоқда.
Ковракдан ҳам Ўзбекистон халқ табобатида узоқ йиллардан буён фойдаланиб келинади.
Коврак – (Ferula) туркуми селдердошлар (соябонгулдошлар)- Apiaceae (Umbelliferae) оиласига мансуб бўлиб, кўп йиллик ўт ўсимлиги. Ковракнинг ер юзида 160 дан зиёд турлари, Ўрта Осиё республикаларида 104, мамлакатимизда эса 50 тури учрайди. Смола – елим олишда сассиқ коврак, Куҳистон ковраги каби турилари ишлатилади.
Коврак республикамизнинг Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Навоий, Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикасининг қумли чўллар, адирлар, тоғлар ва тоғолди ялангликларда, соз тупроқли ерларда ўсади.
Табиатда сассиқ коврак (Ferula assa-foetida L.) кенг тарқалган бўлиб, елим-смола асосан шу турдан олинади. Бу Доривор ўсимлик Табобатда бемор организмига ижобий таъсир этувчи биологик фаол модда ҳисобланади. Доривор воситалар сифатида ўсимликларнинг илдизи, барги, пўстлоғи, гули, меваси, шираси ва бошқа қисмларидан фойдаланилади.
Мутахассислар томонидан маълум қилиншича, ковракнинг елим-смоласи халқ табобатида ўпка сили, ўлат, захм, кўк-йўтал, тиш оғриғи, асаб ва бошқа касалликларни даволаш учун, ҳамда қувват берувчи, балғам кўчирувчи ва гижжа ҳайдовчи дори сифатида қўлланилади. Илмий медицинада коврак елим-смоласи – “ассафетида” номи билан кукун, эмульсия ва тиндирма (настойка) ҳолида оғриқ қолдирувчи, балғам кўчирувчи, қувват берувчи ва тинчлантирувчи восита сифатида ишлатилади ва кўпгина давлатлар фармокопеясига киритилган. Томоғи оғриб, овози бўғилиб қолган кишилар каврак елимини сувга қўшиб ичса, хасталик дарҳол чекинади. Танада пайдо бўлган яраларни каврак елимига мурч ва сирка аралаштирилиб суртиб даволаш мумкин.
Шарқ мамлакатларида Эрон, Покистон, Афғонистон ва Ҳиндистон коврак шираси ва илдизи озиқ-овқат санаотида зиравор сифатида, косметика саноатида атторлик воситалари ишлаб чиқаришда ишлатилади.