Мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишни йўлга қўйишга катта эътибор қаратилмоқда. Президент раислигида экологик ҳолатни яхшилаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу йўналишда мавжуд ҳолат танқидий таҳлил қилиниб, устувор вазифалар аниқ белгилаб берилди. Лойиҳа доирасида 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатлар экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш кўзда тутилган.
Белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўрмон хўжалиги агентлиги мутасаддилари томонидан тизимдаги барча ўрмон хўжаликлари раҳбарларига бир қатор вазифалар юклатилган. Хусусан, ташкил этилаётган оналик плантацияларда экиладиган дарахтлар ва буталарнинг кўчатлари генетик жиҳатдан тозалиги ҳамда софлиги бўйича соҳа олимларининг тавсияларини инобатга олинади. Ўз муддатларида уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган майдонларнинг даврий апробациядан ўтказилиши таъминланади.
Шу мақсадда Бухоро, Навоий ўрмон хўжаликлари раҳбарлари билан биргаликда ўрмон фонди ер майдонларида дарахт ва буталарнинг селекцион уруғчилик базасини яратиш ҳамда сифатли уруғ олиш мақсадида дарахт ва буталар уруғларининг оналик плантацияларини ташкил этиш борасида семинар бўлиб ўтди. Семинар давомида уруғликларни етиштириш схемаларининг технологик талабларига, уларни сақлаш ҳамда реализация қилиш қоидаларига риоя этишига, шунингдек уруғликларнинг сифат ва миқдор жиҳатидан сақланишига алоҳида эътибор қаратилиши ҳақида ҳам сўз борди.
Соҳа олимлари томонидан янги ва истиқболли навларни жорий этишга доир тавсияларни инновацион технологияларни ва юқори сифатли уруғликлар етиштириш самарадорлигини ошириш усуллари бўйича қўлланмалар асосида тушунчалар берилди.
