Ўрмон хўжалиги агентлигида “Ўрмон ресурсларидан оқилона фойдаланиш бугуннинг долзарб талаби” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда соҳага тегишли маълумотлар тақдим этилди.
Ерлардан оқилона фойдаланмаслик ва қуриган Орол денгиз ҳудудидан эсадиган қумли-тузли чанг бўронлари мамлакатимизнинг айрим минтақаларида ерларнинг таназуллга учрашига ва муҳим ижтимоий муаммоларни юзага келишига олиб келди. Хусусан, нафақат Қорақалпоғистон Республикаси, балки Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида 2000-2018 йилларда 8 миллион гектар ерлар турли даражада шўрланишига ва 1 миллион гектардан ортиқ ерлар эрозияга учради. Бу ушбу ҳудудларнинг умумий майдонининг 96 фоизини ташкил этади.
Яна шуни алоҳида қайд этиш лозимки, кейинги йилларда республикамизда тез-тез кучли шамол ва қум бўронлари кузатилмоқда. Шу ўринда, чўл ҳудудларида қум кўчиш офатларини олдини олувчи иҳота дарахтзорлари ва ўрмонзорларини янада кўпайтириш энг муҳим долзарб масалалардан ҳисобланади. Баъзи ҳудудларда бемалол ёмғир сувларини тўплаб, боғлар, дарахтзорлар барпо этиш учун фойдаланиш имкониятлари бор.
Хабарингиз бор, юртимизда экологик ҳолатни яхшилаш, ҳудудларни янада кўкаламзорлаштиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиб келинмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида 2022 йил баҳор ва куз мавсумларида Республикамиз ҳудудларида жами 200 млн дан ортиқ манзарали, мевали дарахт ва буталарнинг кўчат ҳамда қаламчалари экилди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида кўчат экиш тадбирлари жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда. Бунинг натижасида жорий йил 29 март ҳолатига республика бўйича 115 млн. дона кўчат ва қаламчалар (режага нисбатан 92 фоиз) экилди ва “Yashil makon” электрон платформасига киритилди.
Бундан ташқари, “Яшил ҳудуд” ДУК ва унинг ҳудудий корхоналари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари” ташкил этилиши бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида, 2022 йилда 588,4 гектар майдонда (режага нисбатан 101 фоиз) “яшил боғлар” ва 662,3 гектар майдонда (режага нисбатан 61 фоиз) “яшил жамоат парклари” ташкил этилди.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида вилоятлар бўйича етиштирилган ниҳол ва кўчатлар, қуёш, иқлим ва тупроқ шароитига қараб кўчат экиш амалиёти мунтазам ўрганилди.
2022 йил давомида ўрмон хўжаликлари томонидан қатор ўрмончилик тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, ўрмон фондининг чўл ҳудудларида, яъни Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи минтақасида бугунги кунгача жами 176,6 минг гектар, шундан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида 110 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар, Навоий вилоятида 16 минг гектар ва Хоразм вилоятида 10,6 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилди.
Ушбу тадбирлар учун жами 856 тонна чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилди. Ўрмон хўжаликлари томонидан иқлим шароитга мос дарахт ва буталар турларидан 220 гектар майдонда ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этилди. Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари дала четларида 1000 гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этилди.
Соҳа ривожи учун 2017 – 2022 йилларда ўрмон хўжалиги соҳасига оид 43 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2 та қонуни, 3 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 8 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 30 та қарори қабул қилинди. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш, ўрмон хўжалигида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш ҳамда халқаро стандартлар даражасига мос илғор хорижий тажрибага эга бўлган кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш назарда тутилган.
“Манзилли режа” бўйича 2021 йилда банд бўлмаган аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш ўринларини яратиш бўйича 6433 нафар режа олинган бўлиб, 2022 йилда 9472 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланди. 2022 йилда банд бўлмаган аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш ўринларини яратиш бўйича 10 054 нафар режа олинган бўлиб, 31 декабрь ҳолатига 11 166 (ёшлар 3414, хотин-қизлар 1626) нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланди.


