Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишни йўлга қўйиш сиёсат даражасига олиб чиқилди. Ўтган 2022 йилда Президент раислигида экологик ҳолатни яхшилаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ушбу йўналишда мавжуд ҳолат танқидий таҳлил қилиниб, устувор вазифалар аниқ белгилаб берилган эди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатлар экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.
Дарҳақиқат, кўчат экиш улуғ ва савобли амаллардан биридир.
Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги тегишли Фармони билан тасдиқланган “Яшил ҳудудларни ривожлантириш, кўкаламзорлаштириш ва кўчат экиш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича Йўл харитаси”нинг ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалиги қўмитаси, вилоятлар ўрмон хўжалиги бошқармалари, тизимдаги ўрмон хўжаликлари раҳбарлари ўрмон фонди ерларида дарахт ва буталар уруғларининг оналик плантацияларини ташкил этишга шахсан масъул этиб белгилаб қўйилган.
Бугун Самарқанд вилояти Жомбой ўрмон хўжалигида семинар бўлиб ўтди. Семинарда Жиззах вилояти ўрмон хўжаликлари масъуллари ҳам иштирок этишди.
Тадбирда, бугунги кунда ҳудудларда ўрмон хўжалиги бошқармалари ва ҳудудий ўрмон хўжаликлари раҳбарлари билан биргаликда ўрмон фонди ер майдонларида дарахт ва буталарнинг селекцион уруғчилик базасини яратиш ҳамда сифатли уруғ олиш мақсадида дарахт ва буталар уруғларининг оналик плантациялари ташкил этиш ишлари амалга оширишдаги мавжуд муаммолар ва имкониятлар тўғрисида ҳам муҳокамалар ўрин олди.
Ташкил этилаётган оналик плантацияларда экиладиган дарахтлар ва буталарнинг кўчатлари генетик жиҳатдан тозалиги ҳамда софлиги бўйича соҳа олимларининг тавсиялари инобатга олиниб, ўз муддатларида уруғлик етиштириш учун фойдаланиладиган майдонларнинг даврий апробациядан ўтказилиши таъминланишига эътибор қаратилди.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати


