Пойтахтимизда “Барқарор туризм моделини ривожлантириш – туризм салоҳиятини ошириш йўли” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросими бўлиб ўтди. “Барқарор туризм моделини ривожлантириш – туризм салоҳиятини ошириш йўли” мавзусидаги халқаро конференция Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан молиялаштириладиган “Switch Asia” дастури доирасида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурсларининг кўмагида “Марказий Осиёда барқарор туризм учун модель: салоҳиятни яратиш, хабардорликни ошириш, технологияларни жорий этиш” лойиҳаси (кейинги ўринларда MOST Лойиҳаси деб юритилади) доирасида ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирда соҳа мутасаддилари ва Ўрмон хўжалиги агентлиги мутахассислари иштирок этди.
Таъкидлаш лозимки, MOST лойиҳасининг ҳамкорлари, хусусан, Ираклион ривожланиш агентлиги (Крит, Греция) – Етакчи ҳамкор, Қишлоқ туманларини ва барқарор туризмни ривожлантириш соҳасида тажрибага эга бизнесни қўллаб-қувватлаш ташкилоти, European Profiles S.A. (Греция) – Европа Иттифоқида Шарқий Европа, Марказий Осиёда ривожланиш ва бошқарув дастурлари бўйича катта тажрибага эга етакчи консалтинг компания, APINTECH (Кипр) – техник ҳамкор, барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмол (УПП) ҳамда яшил технологиялар бўйича эксперт, Латвия қишлоқ туризми уюшмаси – барқарор туризм ва маҳаллий ривожланиш соҳасида тажрибага эга, коммуникация бўйича ҳамкор, шунингдек, Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси (ХСТУ), Евроосиё туризм уюшмаси (Қозоғистон), Тожикистон сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси – Европа Иттифоқи грантининг якуний бенефициарлари ҳисобланади.
Тантанали очилиш маросимида Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Шарлотта Адриан хоним ва Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов қатнашди. Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазири ўз нутқида туристик секторда яшил технологияларни қўллаш ва улардан фаол фойдаланишнинг муҳимлигини қайд этди.
Бугунги кунда экологик барқарорлик бозорда рақобатбардошликнинг муҳим омили бўлиб бормоқда, дейди Азиз Абдуҳакимов. – Экологик хабардорликни ошириш, халқаро стандартларни жорий этиш, самарали экологик технологияларни қўллаш мамлакатда туристик тармоқни янада ривожлантиришнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев 2020 йил 28 сентябрдаги йиғилишда таъкидлаб ўтганидек, маҳсулотнинг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш учун миллий стандартларни халқаро талабларга мувофиқ даражага келтириш ва уларни корхоналарда жорий этиш муҳимдир. Агар маҳсулот халқаро стандартга мувофиқ бўлмаса, у ҳеч қачон рақобатбардош бўла олмайди», -.
Мазкур тадбирда Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси ўз нутқида Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиёт бўйича миллий дастурининг муҳимлиги ва Европа Иттифоқининг барқарор «яшил» ривожланиш йўлида Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини таъкидлади.
Маълумки, ЕИ Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиёт бўйича миллий дастури қабул қилинишини ва 2030 йилгача «яшил» ривожланишни қўллаб-қувватлайди. Узоқ истиқболга мўлжалланган ушбу ҳужжат иссиқхона газлари чиқарилишини қисқартириш, қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган. Ушбу мақсадларни муваффақиятли амалга ошириш учун ЕИ инклюзив, ўзаро мос ва барқарор ўсиш моделини яратиш ҳамда барқарор яшил ривожланишга интилиш устида Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликда бирга ишлашга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлайди. MOST Лойиҳасининг умумий мақсади – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда барқарор туризмнинг янги ва мақбул структураланган моделини илгари суришдир.
Лойиҳанинг аниқ мақсадлари: Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистондаги сайёҳлик ташкилотларини барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмол – УПП амалиётини жорий этишда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) бўйича тегишли билим ва воситаларни тақдим этиш орқали қўллаб-қувватлаш, барқарор туризмни ривожлантириш, бу ҳақдаги хабардорликни ошириш ва истеъмолчиларнинг барқарор истеъмол тўғрисидаги хабардорлигини оширишга ёрдам берадиган сиёсатни режалаштириш ва амалга оширишда минтақавий ва маҳаллий ҳокимият органларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари, кичик ва ўрта корхоналар (МСП) ҳамда барқарор ишлаб чиқариш ва истеъмол – УПП бўйича якуний фойдаланувчилар ўртасида мулоқотни кучайтириш ҳисобланади.
Ўзбекистонда лойиҳани амалга оширувчи ташкилот ХСТУ – Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси ҳисобланади
Экологик сертификатланганликнинг мавжудлиги меҳмонхона бизнеси корхонасининг имижига ижобий таъсир кўрсатади, кучли маркетингли «яшил» восита бўлиб ҳисобланади ва меҳмонларнинг содиқлигини оширишга хизмат қилади. Бунинг шарофати ўлароқ, туроператорлар ва сайёҳлар ҳамкорлик қилиш учун кўпинча айнан шундай меҳмонхоналарни танлай бошлайди
MOST Лойиҳаси доирасида барқарор маркетинг бўйича, барқарор туризм учун GSTC ва рақобатбардошликни ошириш учун яшил харидлар қилиш тўғрисида семинар-тренинглар ўтказилди.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда ўтказилган семинар-тренингларда ўқитилганларнинг умумий сони 955 нафар кишини ташкил этди.
HCMI – Меҳмонхоналардаги углерод чиқиндиларини ўлчаш бўйича ташаббус тизимида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонда рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларнинг умумий сони 342 нафарни ташкил этди. HCMI Халқаро сайёҳлик ҳамкорлиги (ITP) ҳамда Бутунжаҳон саёҳатлар ва туризм кенгаши (W ТТC) томонидан KPMG ва 23 та халқаро меҳмонхоналар компаниялари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган методология ва восита ҳисобланади. HCMI меҳмонхоналар даражасида иссиқхона газлари протоколининг (GHG) Корпоратив стандарт тамойилларини қўллайди. HCMI меҳмонхоналарга углерод чиқиндиларини бир хил тарзда ўлчаш ва углерод чиқиндилари ҳақида хабар бериш имконини беради. Ҳар қандай меҳмонхона, шу жумладан, унча катта бўлмаган меҳмонхона уйларидан тортиб, то ҳар қандай географик ҳудуддаги 5 юлдузли курортларгача HCMIдан фойдаланиши мумкин. Бундан ташқари, «Марказий Осиёда барқарор туризм учун модель: салоҳиятни яратиш, хабардорликни ошириш, технологияларни жорий этиш» Лойиҳаси Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондаги сайёҳлик ташкилотларига (жойлашиш воситалари, туроператорлар) «ақлли» Shelly 3EM датчиклари/ҳисоблагичлар (профессионал уч фазали электр энергияси ҳисоблагичлари) ва Shelly H&T (намлик ва ҳарорат ўлчовчи, Wi-Fi бор датчиклар) каби тегишли қурилмаларни тақдим этди. Shelly 3EM икки томонлама истеъмолни: хусусан, уч фазанинг ҳар бири учун ишлаб чиқарилган ва ишлатилган энергияни ҳисоблаши мумкин. Қурилмани бир фазали электр тизимининг учта алоҳида нуқтасини ўлчаш ва уларнинг ҳар бирини алоҳида ўлчаш учун созлаш имкони бор. Shelly H&T намлик ва ҳарорат бўйича ўрнатилган модулларга эга ва дунёда Wi-Fi бор биринчи намлик ва ҳарорат датчиги ҳисобланади ҳамда у 1 йилдан ортиқ вақт батарея қуввати билан ишлай олади. Shelly H&T жойлашиш воситасида намлик ва ҳароратнинг ўзгаришини кузатиб боришга ёрдам беради, ҳавонинг қуриб кетишидан сақлаб, мақбул шароитларни қўллаб-қувватлайди. MOST Лойиҳаси доирасида, юқорида кўрсатилган мамлакатларда, жами 60 та «ақлли» ҳисоблагич/датчиклар ўрнатилди. Улардан 40 таси Ўзбекистонда, Қозоғистон ва Тожикистон мамлакатларининг ҳар бирида эса 10 тадан қурилма жойлаштирилди.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати

