Бугунги кунда инсоният юксак мақсадлар сари интилаётган, тараққиёт йўлидан дадил одимлаётган бир пайтда дунё ҳамжамияти олдида глобал экологик муаммоларни ҳал этишдек долзарб вазифалар турибди. Ва улар ҳамон ўз ечимини кутмоқда.
Ер юзининг қайсидир қитъаларида сув тошқини, ўр¬мон ёнғини, чанг-бўрон ва бошқа табиий офатлар юз бермоқда. Дунё бўйича сув сатҳи кўтарилмоқда. Озон қатламининг емирилиши, тропик ўрмонларнинг кесилиши, чўлланиш, чучук сув манбаларнинг камайиши, тез-тез дуч келинаётган глобал иқлим ўзгариши инсоният экологик инқироз билан юзма-юз турганини кўрсатади.
Барчамизга маълумки, экологик муаммога буткул барҳам беришнинг ягона йўли — она табиатни кўз қо¬рачиғидек асрашдан иборатдир.
Хўш, мамлакатимизда бу борада қандай ишларни амалга ошириш режалаштирилган?
Қайд этиш лозимки, жорий йил якунига қадар, 235 минг гектар ер майдонида ўрмонзорлар барпо этилади. 221 минг гектар ер майдонида чўл ҳудудлари ободонлаштирилади.
1,6 минг гектар тез ўсувчи плантациялар ташкил этилади. 2,5 минг гектар ёнғоқ мевали ўрмонзорлар ташкил этилади.1 минг 105 тонна 80 хил турдаги дарахт ва бута уруғлари тайёрланади. 120 миллион дона кўчат ва ниҳоллар етиштирилади.
Шунингдек, овчилик ва экотуризмни ривожлантириш мақсадида 8 та ов марказлари , 10 та янги эко маршрутлар, 5 та янги рекреация зоналар, 65 та экотуризм объектлари ташкил этилади. 114 та янги маҳаллий эко лойиҳалар амалга оширилади.
2023 йилда қиймати 40 млн долларлик 7 та лойиҳани амалга ошириш бўйича музокаралар (Глобал экологик фонд (GEF), Европа инвестиция жамғармаси (EIF), Жаҳон банки (WB)) олиб борилмоқда.
Сўлланишга қарши курашиш мақсадида ўрмонзор ва бутазорлар майдони
2025 йилга бориб 5,8 млн гектарга (13%) етказилади. Шамол эрозияси ҳамда қум босишига қарши 2030 йилгача 28,7 минг гектарда иҳота дарахтзорлари барпо этилади. 2023 йилда (CRIC-21) ҳамда юқори даражадаги қум-чанг бўронлари бўйича йиғилиш Ўзбекистонда ўтказилади. 2030 йилгача чўл ҳудудларини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқилади.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Орол фожиасига қарши курашиш учун бугунги кунда бутун дунё жамоатчилиги диққатини жамлаш, кучларни бирлаштириш зарурлиги аён. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Орол фожиаси салбий оқибатини камайтириш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётгани ҳам бежиз эмас. Айниқса, бу йўналишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган қатор лойиҳалар самара бермоқда.
Орол денгизининг қуриган тубида кейинги 5 йилликда 2,5 миллион гектарга ўрмонлаштириш ишларининг олиб борилиши келгусида Оролбўйида инсон хавфсизлиги учун экологик мақбул ҳудуд барпо этишга замин яратади.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати