Маълумки, ўрмон фонди ерлари 12 миллион гектарга етказилди. Ўрмон фонди ер майдонининг 85,5 фоизини (10 миллион гектар) чўл, 13,2 фоизини (1,6 миллион гектар) тоғ, 0,3 фоизини (36 минг гектар) водий, 1 фоизини эса (455,7 минг гектар) тўқай ҳудудлари ташкил этади.
Ўрмон фондининг фойдаланилмаётган 7 минг гектар ер майдонлари ўзлаштирилиб, оборотга киритилди, фойдаланилмаётган 2,3 минг гектар ер майдонлари жисмоний ва юридик шахсларга узоқ муддатга ижарага берилди. Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида 2022 йилда жами 208 минг гектар, шундан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида 107 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар, Навоий вилоятида 50 минг гектар ва Хоразм вилоятида 11 минг гектар майдонда чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этилди.
Шунингдек, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлар дала четларида 2,5 минг гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этилди. Ўрмон барпо қилиш, ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этиш ҳамда кўкаламзорлаштириш тадбирлари учун дарахт ва буталарнинг 1 минг тонна уруғлари тайёрланди.
Ўтган 2022 йилда жами 113 миллион дона тупроқ-иқлим шароитга мос турдаги манзарали, мевали дарахт ҳамда буталарнинг ниҳол ва кўчатлар етиштирилди. Республика бўйича “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳамда “долзарб 40 кунлик” давомида кўчат экиш ишларига барча куч ва имкониятлар тўлиқ сафарбар этилди.
Республика ҳудудларида жами 76,4 млн дона, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 5,3 млн. дона, Андижонда 5,9 млн дона, Бухорода 6,0 млн дона, Жиззахда 6,0 млн дона, Қашқадарёда 6,3 млн дона, Навоийда 5,3 млн. дона, Наманганда 5,9 млн дона, Самарқандда 6,2 млн дона, Сурхондарёда 6,0 млн дона, Сирдарёда 5,3 млн. дона, Тошкентда 6,3 м дона, Фарғонада 5,7 млн дона, Хоразмда 5,7 млн дона ва Тошкент шаҳрида 0,4 млн дона) манзарали, мевали ва бошқа турдаги кўчатлар экилди.
Ўрмон хўжаликлари томонидан кузги кўчат экиш мавсумида кўчатларни етказиб бериш бўйича режа-графиги тасдиқланди ҳамда 2022 йил куз мавсумида 13,4 млн. туп (топшириққа нисбатан 104,5 фоиз) кўчатлар етказиб берилди.
Бундан ташқари, “Яшил ҳудуд” ДУК ва унинг ҳудудий корхоналари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари” ташкил этилиши бўйича амалий ишлар олиб борилди. Бунинг натижасида 588,4 гектар майдонда (режага нисбатан 101 фоиз) “яшил боғлар” ва 662,3 гектар майдонда “яшил жамоат парклари” (режага нисбатан 61 фоиз) ташкил этилди.
5,4 минг гектар майдонда доривор ва озуқабоп ўсимликлар плантациялари барпо этилиб, 8,3 минг тн. доривор ва озуқабоп ўсимликлар хом ашёси тайёрланди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 28 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди ҳамда 30 гектар майдонда иссиқхона (лимонарий)лар ташкил этилди.
Жорий йилда республикада экологик вазиятни яхшилаш мақсадида 235 минг гектар ўрмонзорлар, шу жумладан Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйигача минтақасида 200 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилади.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2023 йил баҳор мавсумида республика ҳудудларида 125 млн дона кўчат ва қаламчалар экилиши режалаштирилган.
Ўрмон хўжаликларида манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини етиштириш кўрсаткичларини янада ошириш чораларини кўриш орқали 1,1 минг тонна уруғ тайёрланади. Иқлим шароитга мос дарахт ва буталарнинг ниҳол ва кўчатларни етиштириш жами 120 миллион донага етказилади. Суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари дала четларида ҳосилдорликни кўпайтиришга йўналтирилган ҳамда шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш мақсадида 2500 гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этилади. 5,2 гектар майдонда доривор ўсимликлар плантациялари ташкил этилиб, уларнинг хом ашёсини етиштириш 9 минг тоннага етказилади.
Ўрмонзор ва бутазорлар майдони 2030 йилга бориб 6,1 млн гектарга (15%) етказилади. Шамол эрозияси ҳамда қум босишига қарши 2030 йилгача 28,7 минг гектарда иҳота дарахтзорлари барпо этилади. Республика бўйича кўкаламзорлаштириш даражасини ҳозирги 8% дан 2030 йилга 30% га оширилади.