Қашқадарё вилояти Муборак давлат ўрмон хўжалиги чўпони Фарход Ҳамроевнинг ижтимоий тармоқлар орқали йўллаган мурожаати юзасидан 2023 йил 4 февраль куни Қашқадарё вилоят Муборак тумани
Ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи А.Ёзиев томонидан қуйидаги маълумотлар тақдим этилган.
Ўрганиб чиқишларга асосан аниқланишича, 2021 йил 3 май 09-к сонли буйруқ билан чўпон лавозимига ишга олинган ва штат жадвалига кўра ойлик маоши тайинланган. Унинг моддий жавобгарлигига хўжаликнинг 178 бош (бир юз етмиш саккиз) қўйлари топширилган.
2022 йил 18 апрель куни Қашқадарё вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси Бош ҳисобчиси Т.Нурматов, Бошқарма Ўрмондан қўшимча фойдаланиш бўйича мутахассис Ш.Қурбоновлар томонидан Муборак давлат ўрмон хўжалиги Бош ҳисобчиси Ҳ.Мусаевнинг иштирокида Муборак давлат ўрмон хўжалиги чўпони Ф.Ҳамроевнинг жавобгарлигидаги жами
178 бош (бир юз етмиш саккиз) қўйлар ва 32 бош (ўттиз икки) қўзилар жами 210 бош (икки юз ўн) қўй қўзилар саноқдан ўтказилиб, 32 бош (ўттиз икки) қўзилар биркаланган. Бу ҳақида тегишли равишда далолатнома расмийлаштирилиб, чўпон Ф.Ҳамроев томонидан далолатнома имзоланган.
Орадан бир ой ўтиб, 2022 йил 18 май куни Муборак туман прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг 2022 йил 13 май кундаги № 01-022 сонли хатига асосан Муборак давлат ўрмон хўжалигида мавжуд чорва моллари ҳисобдан ўтказилган. Текширув давомида мулкий жавобгар хўжалик чўпони Ф.Ҳамроевнинг жавобгарлигидаги 210 бош (икки юз ўн) қўй-қўзилар мавжудлиги саноқ давомида аниқланган ва тегишли равишда далолатнома расмийлаштирилиб, Муборак туман прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментига тақдим этилган.
2022 йил 11 апрелдаги 115 шт-сонли буйруғи ҳамда Қашқадарё вилоят ўрмон хўжалиги бошқармасининг 2022 йил 30 майдаги № 13-сонли буйруғига асосан тузилган ишчи гуруҳ томонидан Муборак давлат ўрмон хўжалиги собиқ директори Зафар Қаноатовдан директор вазифасини вақтинча бажарувчи Абраев Бекбутага асосий восита ва моддий қийматликларни топшириш ва қабул қилиш 2022 йил 27 июнь куни амалга оширилган.
2022 йил 27 июнь куни ўтказилган қабул қилиш ва топшириш амалиёти давомида Муборак давлат ўрмон хўжалиги чўпони Ф.Хамроевдан бошқа чўпон жавобгарлигига олиб берилиши амалга оширилиши аён бўлгандан сўнг Ф.Хамроев хўжаликнинг қўй-қўзилари йўқлиги камомади аниқланган. 2022 йил 13 июль куни № 23-сонли хат билан Муборак туман прокурорига Муборак давлат ўрмон хўжалиги вазифасини вақтинча бажарувчи Б.Абраев томонидан хўжаликнинг чўпони Хамроев Фарход Тошмуродович томонидан 210 бош (икки юз ўн) қўй-қўзиларни хўжаликка ҳар хил важлар келтириб хўжаликка топширмасдан келаётганлиги сабабли, чўпон Ф.Хамроевдан натура шаклида ундириб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ушбу мурожаат бўйича Муборак туман прокуратураси томонидан ўтказилган тергов олди суриштирув харакатлари натижасида хўжалик чўпони Ф.Хамроев томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 167-моддаси 2-қисми “а, г”-бандлари, 209-моддаси 2-қисми “а”-банди, 228-моддаси 3-қисми билан жиноят содир этганлиги аниқланиб, жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзда эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳозирги кунда қидирув эълон қилинган.
Дилрабо Бобоева Ўрмон хўжалиги агентлиги ахборот хизмати