Маълумки, ўрмонлар мамлакатнинг миллий бойлиги, атроф муҳитнинг барқарорлигини таъминлашнинг муҳим манбаи, аҳоли турмуш даражасини ва иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири сифатида мавжуддир.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ўрмонзорлар тупроқларнинг шамол ва сув эрозияларидан муҳофаза қилади. Республикамиздаги ўрмонлар, юқоридагилар билан бир қаторда, инсон саломатлигини тиклашга, аҳолини маданий ва эстетик талабларини қондиришга ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, дарахтзорлар майдонларини мумкин қадар кенгайтириш негизида атроф муҳитнинг экологик барқарорлигини таъминлаш бўйича илмий амалий тавсиялар ишлаб чиқиш долзарб масалалардан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг берган расмий маълумотларига қараганда, 2022 йил 1 январь ҳолатига, республика бўйича ўрмон фонди ерларининг умумий майдони 12057,3 минг гектарни, яъни мамлакат ягона ер фондининг 26,06% ини ташкил этади. Шундан айнан ўрмонзорлар эгаллаган майдонлар эса 3215,9 минг гектарни, яъни жами ўрмон фонди ерларини 26,7%ини ташкил этади.
Иқлимнинг кескин континентал, қуруқ бўлиши, айниқса, ёз ойлари жазирама иссиқ ҳарорат кузатилиши мамлакатда ўрмончиликни ривожлантириш, яшил дарахтзорларни кенгайтириш бугунги кунда қанчалик зарур эканлигини яна бир карра тасдиқлайди.
Ўрмон фонди ерлари, ўзларининг табиий тақсимланиш минтақасига қараб, асосан, тўрт турга, чўл минтақасидаги ўрмон ерлари, тоғолди минтақасидаги ўрмон ерлари, тоғ минтақасидаги ўрмон ерлари ва дарё қирғоқларидаги ўрмон ерларига бўлинади. Маълумотлардан кўринадики, шулардан чўл минтақасидаги ўрмон ерлари бутун ўрмон фонди ер майдонларининг деярли 85,0 %ини ташкил этади. Бу маълумотлар мўътадил минтақада, яъни одамларнинг интенсив ҳаёт-фаолияти билан боғлиқ минтақалардаги ўрмон фонди ерларида турли функционал ўрмонзорлар майдонларини кўпайтириш экологик муҳитни барқарорлигини таъминлашда, аҳолини турмуш маданиятини тубдан яхшилашда, ҳудудлардаги мавжуд иқлимни мўътадиллаштиришда алоҳида ўрин тутади.
Соҳадаги қонунчиликка кўра, бугунги кунда бутун мамлакат миқёсида яшил дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган, махсус “Яшил макон” умуммиллий лойиҳани амалга оширишга эътибор берилмоқда. Лойиҳа доирасида дарахтларни экиш ва парваришлаш соҳасининг бошқарув тизимини такомиллаштириш, кўчатхоналар сонини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштириш, ҳудудларда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил этиш, дарахтларни суғориш тизимини қайта кўриб чиқиш, унинг самарали фаолиятини таъминлаш каби вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Республикада ўрмончиликни ривожлантириш, жумладан, ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича соҳада аниқ режалар белгиланган. Жумладан, 2022-2024 йиллар мобайнида республика бўйича жами 1278,2 гектар, хусусан, битта Тошкент вилоятида 116,6 гектар “яшил боғлар”ташкил этилади. Ушбу йилларда, булардан ташқари, мамлакат бўйича жами 1082,34 гектар майдонда янгидан “яшил жамоат парклари”ташкил этилади, республиканинг қатор маъмурий туманларидаги мавжуд маданият ва истироҳат боғлари негизида ҳам “яшил жамоат парклари”ни ташкил этиш кўзда тутилган.
“Ўрмонлойиҳа” лойиҳалаш (институти)томонидан “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил этишга оид махсус лойиҳалар яратилмоқда ва уларни жойларда амалга ошириш бўйича тегишли ишлар бажарилмоқда.
Маълумотларга кўра, 90 йилларда республикада 34,6 минг гектар иҳота дарахтзорлари мавжуд бўлган. Лекин, ушбу 90-йилларнинг охирига келиб бундай иҳота ўрмонзорларини парвариш қилиш ва сақлаш учун хўжаликларда етарли маблағ ва мутахассисларни бўлмаганлиги сабабли уларнинг деярли 80,0 % идан ортиғи йўқ бўлиб кетган.
Бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда тупроқларни эрозиядан муҳофаза қилиш мақсадларида шамол эрозиясига қарши янги типдаги ихота дарахтзорларини ташкил этиш, парвариш қилиш ва сақлаш ўрмончилик соҳаси корхоналари кун тартибининг яна муҳим масалалардан бирига айланмоқда.
Республика бўйича 2022-2030 йиллар мобайнида суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига қарши ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилишнинг манзилли дастури қабул қилинган. Унга кўра, республика бўйича 2030 йилга қадар жами 26200,0 гектар, ёки, масалан, Тошкент вилояти бўйича 1860,0 гектар, Наманган вилояти бўйича эса 1940,0 гектар иҳота дарахтзорларини яратиш кўзда тутилган.
Булардан ташқари, 2022-2026 йилларда ўрмон фонди ерларида республика бўйича жами 8876,0 гектар, шу жумладан, битта Тошкент вилоятида 916,0 гектар павлония ва бошқа тез ўсувчи дарахтларни экиш кўзда тутилган. Шулар билан бир қаторда, туман ҳокимликлари заҳирасидаги ер майдонларида, қишлоқ хўжалиги экинлари экилган ер майдонлари четларида, истироҳат боғларида, аҳоли яшаш пунктларида, дарё қирғоқ бўйи минтақаси муҳофаза зоналарида 2022-2024 йиллар давомида республика бўйича жами 14518,0 гектар, шундан 2022 йилда 3604,0 гектар, 2023 йилда 4863,0 гектар ва 2024 йилда 5961,0 гектар ер майдонларига павлония ва бошқа тез ўсувчи дарахтлар экиш кўзда тутилган.
Агарда республика бўйича ҳар йили ўртача 2,4-2,5 минг гектардан иҳота ўрмон полосалари яратиладиган бўлса, 2030 йилга бориб эрозия ҳудудларидаги суғориладиган экин майдонларининг барчаси иҳота ўрмон полосалари билан тўла қамраб олинади. Яқин келажакда уларда экилган тут дарахтларининг баргларидан ипак қуртини боқишда тўла фойдаланилса, оддий ҳисоб китобларга қараганда, республика бўйича бугунги кунда етиштирилаётган пилланинг миқдорига қараганда деярли 6 баробар кўп пилла хом-ашёсини етказиш имконияти яратилади.
Олдинги даврларда, хусусан, ўтган, ХХ асрнинг 60 йилларида бунёд қилинган иҳота ўрмонзорларининг таркибида турли дарахтлар, жумладан, терак, шумтол, қайрағоч, жийда каби дарахтлар экилган. Бугунги кунда янгидан ташкил этилаётган иҳотазорларнинг асосини эса тут дарахти ташкил этмоқда. Бу ҳолатни ўрганиш шуни кўрсатадики, олдинлари ўрмон полосалари фақатгина далаларни шамолдан муҳофазалаш ролинигина ўтаган бўлса, эндиликда бундай ўрмонзор полосалари ҳам муҳофаза ролини ўтайди, ҳам қишлоқ аҳолиси томонидан ипак қуртини тут барглари билан боқишни кенг йўлга қўйишга имкон беради. Бу эса, ўз навбатида, суғориладиган экин ерларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ахборот хизматига масъул Дилрабо Бобоева