Давлат рамзлари

Аномал совуққа республика чорвадорларининг тайёргарлиги қай даражада?

Маълумки, жорий йил 10-15 январь кунлари мамлакатимиз бўйлаб аномал совуқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Мутахассислар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳаво ҳарорати кечалари -12-17 совуқ , кундуз кунлари -5-8 даража совуқ бўлиши мумкин .

Хўш, кутилаётган аномал совуққа республика чорвадорларининг тавсияси қай даражада?

Соҳа мутасаддиларининг сўзларига кўра, совуқ кунлари чорвани тўла қийматли озуқалар билан озиқлантириш лозим бўлади. Сув бериш зарурати бўлганда чорвага илиқ сув ичириш керак. Озуқалар музлаб қолмаслиги учун ўратилган ҳолатда сақланади.

Қишлоқ хўжалик ҳайвонлар ва паррандалар сақланадиган хоналарни тирқишлари, дераза ва кириш жойларига икки қават полиэтилен плёнка, кигиз (намат) қоплаш, ҳайвонлар тагига қўшимча тўшама (сомон, похол, ёғоч қириндиси, қовачоқ) ташлаш, отларнинг устига ёпинғич ёпиш ҳамда очиқ жойлар, чўл ўртасида жойлашган қўй қўтонларини атрофини ўраш ёки иссиқ қўтонларга вақтинча кўчириш лозим бўлади.

Замонавий йирик шохли чорва фермаларида зарарли газларни кўпайтирмаслик, намликни қочириш мақсадида вентиляцияни вақти-вақтида билан ишлатиш мақсадга мувофиқдир. Имкон бўлса, қуруқ иссиқ ҳаво билан таъминлашни амалга ошириш керак.

Чорвачилик корхоналарида туну-кун мутахассислар навбатчилигини ташкил қилиш керак бўлади.
Совуқ ер совлиқларнинг қўзи ташлашига ёки нимжон (кейинчалик яшовчанлиги паст бўлган) қўзилар туғилишига сабаб бўлади. Шунинг учун вақти-вақти билан совлиқларга моцион бериш (қўзғатиб, яйратиб туриш) керак. Музлаган озуқа ёки паст ҳароратдаги сув истеъмоли совлиқларнинг бола ташлаши ёки касалликка учрашига олиб келиши мумкин. Шунинг учун бўғоз совлиқларни тўйимли озиқалар билан озиқлантириш, имкон қадар илиқ сув билан суғориш, қировли кунлари яйловга чиқармаслик ва музли ерларда ётиб қолишининг олдинги олиш, озуқа қолдиқларидан кашар (қўтон)ларга тўшама сифатида фойдаланиш лозим.

Қўйлар сурувларини қишлов нуқталаридан узоқлаштирмаслик муҳим. Ўта совуқ кунларида эса қишки кашар (қўтон)ларда сақлаш керак. Зарур ҳолларда уларни 1,2-1,3 кг қуруқ озуқалар (75% дағал ва 25 % омухта озуқа) аралашмаси ҳисобидан қўшимча озиқлантириб бориш керак. Куннинг совуқ пайтларида уларни шамол кам эсадиган яйловларда боқиш, бундай кунларда қўйларни қишлов биноларидан кечроқ олиб чиқиш, бинодан чиқаришдан камида 20-30 дақиқа олдин уларни жойидан қўзғатиш керак.

Ташқарига чиққанда қўйлар шамол йўналишига қарши томонга ҳайдалса бу уларнинг жунини танасига ёпишиб туришини ва тана ҳароратининг сақлашини таъминлайди. Қиш даврида яйловда шўр озуқаларнинг камлиги ҳисобига қўйларнинг тузга бўлган талаби 2-3 марта ортади, шунинг учун охурларга қўйлар ялаши учун 1 бош қўй ҳисобига ўртача 5 граммдан туз қўйиш муҳим.

Дилрабо Бобоева,
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутахассиси